Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг бугунги йиғилишида бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Хусусан, “Иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш ва унинг давомийлигини соддалаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
Депутатлар бугунги кундаги реал вазиятдан келиб чиқиб, ишчи-ходимларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, иш вақтидан ташқари ишланган давр учун адолатли ҳақ тўлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратишди.
Иш берувчилар ва ходимларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш зарурати юзага келаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Лойиҳага кўра, эндиликда иш вақтидан ташқари ишнинг бир кунда биринчи икки соати учун камида бир ярим ҳисса миқдорида, икки соатдан ортиқ қисми учун камида икки ҳисса миқдорида (меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда – ҳар бир соати учун камида икки ҳисса миқдорда) ҳақ тўланиши белгиланиб, ишчиларнинг манфаатлари билан боғлиқ нормалар янада аниқлаштирилмоқда. Амалда икки ҳисса миқдорида ҳақ тўлаш белгиланган, аммо миқдорнинг юқорилиги уни таъминлашни қийинлаштириб келаётгани айтилди.
Шунингдек, амалда ходимни бир йил ичида 120 соатдан ортиқ иш вақтидан ташқари ишга жалб этиш мумкин эмаслиги ҳақида меъёр бор, аммо халқаро ва хорижий тажрибада бу меъёр кўпроқлиги ҳисобга олиниб, эндиликда меъёр икки кун давомида тўрт соатдан ошмаслиги белгиланмоқда.
Фракция аъзолари иш вақтидан ташқари меҳнатга жалб қилиш ва бунинг учун оширилган тартибда ҳақ тўлаш амалиёти ҳақида ташаббускорларга бир нечта саволлар берди. Жумладан, давлат ташкилотларида иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш масаласида муаммолар борлиги, ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилаётган ҳолатлардан кўз юмиб бўлмаслиги, янги қонун лойиҳасида бундай салбий ҳолатларга аниқ ечим берилмаганлиги ҳақида сўралди.
Мутасадди вакил давлат ташкилотларида иш вақтидан ташқари ишлаётган ходимлар аксарият ҳолатларда ўз ихтиёри билан қолаётганини билдираётгани тўғрисида фикр айтди. Фракция аъзолари иш вақтидан ташқари иш учун адолатли ҳақ тўлаш лозимлиги, ҳукумат ва вазирлик-идоралар буни таъминлаши зарурлигини қайт этди.
Шунингдек, депутатлар иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш, бу борада қонунчиликка риоя этиш бўйича хусусий секторда қатор муаммолар ечилмай келаётганини таъкидлашди. Ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши қонундаги иккита меъёрни ўзгартириш билан ҳал бўлиб қолиши қийинлиги билдирилди.
Фракция йиғилишида миграция ва унинг қонуний асосларини янада такомиллаштириш масаласи алоҳида муҳокама қилинди. Депутат И.Токареванинг фикрига кўра, кейинги йилларда Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар учун ноқонуний тўловлар хорижда иш қидираётган шахслардан ундирилиши натижасида хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилиш ҳолатлари одатий ҳолга айланиб қолмоқда. Лойиҳага кўра, Миграция агентлигига хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий таъсир чораларини қўллаш ваколати берилмоқда.
Депутатлар Миграция агентлиги қўшимча ваколатлар берилишини қўллаган ҳолда, агентлик хориж меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилиши, бу борадаги мажбуриятларини бажариши зарурлигини таъкидлашди.
Йиғилишда кўриб чиқилган қонун лойиҳалари бўйича қарорлар қабул қилинди.