
Саноқли кундан кейин юртимиз мактабларида «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари бўлиб ўтади. 11 йиллик таҳсил давомида ҳар жиҳатдан камолга етган, болалик ва ўсмирликни ортда қолдириб, умрнинг энг гўзал фасли – ёшликка, бошқача айтганда, мустақил ҳаётга қадам қўйган минглаб йигит-қизларимиз мактаб билан хайрлашадилар.
Сўнгги йилларда ёшларимиз ҳаётий қарашларида умидли тенденция кузатиляпти. Яъни, мактаб битирувчиларининг илм-фанга, халқаро меҳнат бозори талабларини англаган ҳолда рақобатдош кадрлар бўлишга интилиш ҳисси яққол кўринмоқда. Бу эса мамлакатимиз ёшларининг олий таълимга қамров даражаси сезиларли ошиб бориши билан уйғунлик касб этаётир. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024/2025 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг 18-23 ёшдаги аҳолисини олий таълимга қамраб олиш кўрсаткичи 47,7 фоизни ташкил қилган. Бу рақам 2014 йил билан солиштирилганда 40,9 фоизга ортганини кўриш мумкин.
– Янги ўқув йилидан мактаб директорлари, ўринбосарлари ва боғча мудираларининг иш ҳақи 7-10 миллион сўмдан ошади.
– Мактаблардаги 17 та фаннинг ҳар бири бўйича алоҳида таянч мактаблар ташкил қилинади.
– «Президент иқтидорли фарзандлари» миллий дастури ва «Гарвардчилар мактаби» очилади. Бу муассаса Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб сифатида ташкил этилади. Унга 8-синф битирувчиларидан 60 нафари саралаб олиниб, дунёдаги «ТОР-10» олийгоҳларига мақсадли тайёрланади.
– Хусусий олийгоҳлардаги педагогик йўналишлар давлат институтлари билан бир хил бўлади.
– Жорий йилда янги мактаблар қуриш учун Ислом тараққиёт банкидан 200 млн доллар жалб қилинади. Бунинг эвазига мактаблар сони яна 58 тага, ўқувчилар ўрни 72 мингтага кўпаяди.
Бироқ бугун шундай даврда яшаяпмизки, олийгоҳда таҳсилни тамомлаган ёш мутахассис ихтисослиги бўйича ишга кириши учун қўлидаги диплом камлик қилади. Унинг ўзгарувчан меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши учун нафақат илмий, балки ижодий, ҳаётий (ишбилармонлик, етакчилик, стрессга чидамлилик каби) ва, табиийки, рақамли кўникмалар талаб қилинмоқда. Хўш, Ўзбекистондаги таълим тизими ўсиб келаётган авлодда шундай кўникмаларни шакллантира оляптими?
Тўғри, юртимизда таълим инфратузилмаси жадал суръатда ривожланмоқда. Айни пайтда қарийб 11 мингга яқин умумтаълим муассасаларида замон талабларига яраша шарт-шароитларни яратиш, 7 мингта давлат ва 31 мингдан зиёд хусусий боғчалар фаолиятида илғор педагогик мезонларни татбиқ этиш чоралари кўрилаётир. Охирги 7 йилда мактабгача ва мактаб таълими учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағ 7 карра ошгани, мактабларда 1 миллионга яқин, боғчаларда 1,5 миллионта янги ўрин яратилгани бунинг далили.
Лекин шу ўринда танганинг бошқа томони кўзга ташланади. Ўрганишлар кўрсатадики, ҳозирги кунда кўплаб оилалар ойлик даромадининг бир қисмини фарзандлари репетитор ва ўқув курсларига қатнаши учун сарфламоқда. Айни шу мақсадда ота-оналарнинг ўртача ойлик харажати пойтахтимизда 100, қолган ҳудудларда эса 20-30 доллар атрофида бўлмоқда. Бу эса қатор саволларни пайдо қилади: мактабларимизда 11 йиллик таълим боланинг интеллектуал салоҳияти ва қобилиятини тўлақонли юзага чиқариш ҳамда ривожлантиришга «қодир» эмасми? Нега ўқувчи келгусида олийгоҳга ўқишга кириш ёки IT, SMM, роботехника сингари замонавий соҳаларда дастлабки билим-кўникмаларни эгаллаш учун репетитор ёки ўқув курсларига боришга мажбур?
Бу саволлар аслида давлат ва жамият учун жиддий сигнал. Чунки янги мактаб-боғчаларни қуриш, мавжудларини замонавий услубда таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш билан иш битмайди. Боғчаларда болани мактабга тайёрлаш, мактабларда эса фундаментал фанларни ўқитиш методикаларини ҳамма жойда ҳам юқори даражада, деб бўлмайди.
Рақамли технологиялар ҳали кириб бормаган ҳудудлар кўп. Баъзи мактабларда информатика дарслари эскирган дастурий маҳсулотлардан фойдаланиб ўтилмоқда. Айтмоқчимизки, узоқ йиллардан буён узил-кесил ечимини кутаётган таълим сифатини ошириш муаммоси ҳали-ҳамон долзарб.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 15 май куни мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур масалага яна бир бор диққат қаратилди. Мактаб таълимини мазмун-моҳиятан янги босқичга кўтариш учун давлат раҳбари томонидан муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Мақсад – инсон капиталини ривожлантириш
Ривожланган давлатлар тажрибасига назар ташласак, улар тараққиётга энг ишончли йўл – инсон капиталини ривожлантириш, мамлакат келажаги бўлган ёшларга «ижтимоий лифтлар»ни яратиб бериш орқали эришганини кўриш мумкин.
Инсон капиталини ривожлантириш, яъни, ёшларнинг сифатли таълим олиши ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга муваффақ бўлиш – бир кунлик ва осон иш эмас. Узоқ муддатли, комплекс ёндашув ва катта ҳажмда инвестиция талаб қиладиган чора-тадбирлар зарур.
Янги Ўзбекистонда бу соҳада дадил қадамлар қўйилаётгани рост.
Йиғилишда таъкидланганидек, мактабларда таълим энг илғор мамлакатлар тажрибасига мослаштирилмоқда, дарсликлар янгиланаяпти, замонавий жиҳозлар олиб берилаяпти. Ўз навбатида малака, тил билиш, янги баҳолаш тизими, фан олимпиадалари каби мезонлар асосида ўқитувчиларга ўндан ортиқ устама жорий қилинди. Бундан самарали фойдаланган 60 минг нафар ўқитувчи ҳозирда 8-12 миллион сўм маош олаяпти. Боғча тарбиячилари ойлиги 65 фоизга ошиб, мактаб ўқитувчилари маошига тенглашди.
Мана шундай амалий саъй-ҳаракатлар пировардида ўқитувчи-педагогларнинг жамиятда нуфузи ошишига олиб келмоқда. Галдаги вазифа эса таълим сифатини яхшилашда уларнинг иштироки ва улушини кенгайтириш билан боғлиқдир.
– Дунёда исбот талаб қилмайдиган бир ҳақиқат бор: ҳар қандай мамлакат тараққиёти соғлом ва билимли авлодга боғлиқ, – деди Президент мазкур йиғилишда. – Шу боис янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида соғлом, билимли, теран фикрли, ватанпарвар ёшларни тарбиялаш учун барча шароитларни яратишимиз шарт ва зарур.
Шундай қилиб, энди муаллимлар олдида ўқитишнинг янги методикаларини ўзлаштириш, болаларга билим беришда илғор тажрибаларни ўрганиш масаласи турибди. Бунинг учун эса педагогика йўналишидаги олий таълимда сифат ўзгаришларини амалга ошириш керак.
Йиғилишда барча педагогика олийгоҳлари фаолияти тубдан ўзгартирилиши айтиб ўтилди. Масалан, Термиз педагогика институтида ҳозирги факультетлар ўрнида аниқ, табиий, ижтимоий, филология, амалий фанлар, мактабгача ва бошланғич таълим бўйича 6 та олий мактаб ташкил қилинади. Фанлар сони мақбуллаштирилиб, 20 тадан 15 тага, таълим йўналишлари 31 тадан 17 тага туширилади, ўқув юкламаси 20 фоизга қисқаради. Яқин ҳудуддаги мактаблар унинг амалиёт базасига айлантирилади.
Институтнинг хорижий тил сертификати бор 20 нафар ўқитувчиси шу йил Буюк Британия, Германия ва Сингапур каби давлатларга малака оширишга юборилади. Келгуси уч йилда барча профессор-ўқитувчилар чет элда ўқитилади. «Топ-100» талик университетларда малака ошириш ва таълим хизматларини олиш тўғридан-тўғри шартнома асосида бўлади.
Ҳудудлардаги малака ошириш марказлари фаолияти ҳам кенгайтирилади. Улардаги профессор-ўқитувчилар АҚШ, Буюк Британия, Сингапур, Германиянинг илғор дастурлари асосида қайта тайёрланади.
Шу билан бирга, ўрта таълимдаги 17 та фаннинг ҳар бири бўйича алоҳида таянч мактаблари бўлади. Таянч мактаб ўқитувчиси Малака ошириш марказига келиб, ўз йўналишида халқаро дастурлар асосида чуқур тайёрланади, уларга тренер мақоми берилади. Кейин бу тренерлар ўзига бириктирилган ҳудудда 25 нафар етакчи ўқитувчини ўқитади. Етакчи ўқитувчилар эса ўз мактабидаги бошқа муаллимларнинг малакасини ошириб боради.
Бугунги кунда хусусий олийгоҳларда педагогика йўналишидаги талабаларнинг 70 фоизи мактабгача таълим, бошланғич таълим ва филология бўйича ўқияпти. Бирортасида кимё, биология ва физика бўйича муаллим тайёрланмайди. Мактабларимизда эса аниқ ва табиий фанлар бўйича ўқитувчилар тақчиллиги мавжуд.
Йиғилишда бундан буён хусусий олийгоҳлардаги педагогик йўналишлар давлат институтлари билан бир хил бўлиши, улардаги педагоглар ва талабалар билими ташқи диагностикадан ўтказилиши, педагог тайёрлаш сифати назоратга олиниши қайд этилди.
Иқтидорсиз бола бўлмайди
Иқтидорсиз бола бўлмайди, дейдилар. Айниқса, жаҳон илм-фанига буюк намояндаларни етказиб берган миллатимиз генофонди жуда бой. Президентимиз таъбири билан айтганда, олдимизга Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз кун тартибидаги асосий масала бўлиб қолмоқда. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш миллий ғоямизнинг асосий устунларига айланиши лозим.
Юқорида келтирилган йиғилишда фарзандларимиз жуда иқтидорли экани, фақат уларни тўғри йўналтириб, мақсадли тайёрлаш заруратига урғу берилгани бежиз эмас. Шу маънода давлатимиз раҳбари ёшларни нуфузли хорижий университетларда ўқитиш масаласига алоҳида тўхталди. Бу бўйича аниқ вазифалар ўртага ташланди.
Хусусан, «Президент иқтидорли фарзандлари» миллий дастури йўлга қўйилиб, Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб ташкил этилади. Унга 8-синф битирувчиларидан 60 нафари саралаб олиниб, рейтинги юқори олийгоҳларга мақсадли тайёрланади.
Бундан ташқари, Президент ва ихтисослашган мактаблардан 208 нафар маслаҳатчи умумтаълим мактабларига бириктирилади. Бу маслаҳатчилар мактаблардан ҳар йили энг салоҳиятли 3 минг ўқувчини селекция қилиб, АҚШнинг Гарвард, Йель, Колумбия, Корнель каби рейтинги юқори олийгоҳларига тайёрлайди.
Энди илғор хорижий тажриба асосида мактабга тайёрлов гуруҳлари ва бошланғич таълим ўқув дастурлари ўзаро уйғунлашади. Бунинг учун боғча болаларини математика, табиий фанлар ва технология йўналишларида танқидий ва креатив фикрлашга ўргатадиган дастурлар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, боғча тарбиячиларининг малакаси, маҳорати ва психологик тайёргарлигини ошириш учун касбий сертификатлаш тизими жорий этилади.
Бахтиёр ТАШЕВ,
халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати:
– Йиғилишда ёш авлод таълим-тарбиясида педагог ходимларнинг ўрни эътироф этилди, бу борада ҳам муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Яъни, ёшларга чуқур билим бериб, уларни турли танлов, олимпиадаларга тайёрлаш, Ватанимизни дунёга танитишда билимли, тажрибали педагоглар кўпчиликни ташкил этади. Юртбошимиз бундай фидойи ходимларнинг ойлик маошларини ошириш, уларни ҳудуд раҳбарлари томонидан турли тадбирлар-у йиғилишларга жалб этмаслик ҳақида билдирган ўринли фикрлари ҳар бир педагог кўнглидаги гап бўлди, десам янглишмайман.
Ўқитувчи-педагогларнинг манфаатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш уларнинг касбий масъулиятини оширишга хизмат қилади. Ҳар бир ўқитувчи ўз устида изланиши, соҳага янги ғояларни татбиқ этиши, энг муҳими, ёшлар билан ишлаши учун вақт ва имконият топа олади. Педагогларнинг аттестация жараёнларини соддалаштириш, ҳар йили 5 нафардан устознинг хорижий давлатларда малака ошириб келишлари, нодавлат олий таълим муассасаларида сифатли кадрлар тайёрлашга эътиборнинг кучайтирилаётгани таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини кафолатлаши шубҳасиз.
Матлуба ТЎЙЧИЕВА,
Ўзбекистон ХДП Бўстон туман кенгаши раиси:
– Бугун дунё тобора таҳликали бўлиб боряпти. Геосиёсий қарама-қаршиликлар жиддий тус олаётгани тинчликсевар давлатлар учун ҳар дақиқани синовга айлантираётган бўлса, инсонларнинг, айниқса, янги авлоднинг интернет ва ижтимоий тармоқларга қарамлиги, зўравонлик ҳамда маънавий-ахлоқий оғишларнинг ортаётгани жиддий хулоса чиқаришни ва кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришни тақозо қиляпти.
Йиғилишда ушбу масала ҳам эътибордан четда қолмади. Ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига кўмаклашиш мақсадида жойлардаги «Баркамол авлод» мактаблари, «Ёшлик» спорт жамияти ва Ўқувчи ёшлар маркази ягона тизимга бирлаштирилиб, уларда хорижий тиллар, сунъий интеллект, дастурлаш ва анимация каби янги тўгараклар очиладиган бўлди. Ўқувчилар ўртасида туризмни ривожлантириш бўйича ҳам янги тизим шакллантирилиши, Қорақалпоғистон, Хоразм, Самарқанд, Бухоро ва пойтахтдаги «Баркамол авлод» марказларида камида 100 ўринли «Болалар сайёҳлик базаси» ташкил қилиниб, ҳар йили 1 миллион ўқувчи учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлар уюштирилиши мақсадга мувофиқдир.
Мутахассислар Ўзбекистон яқин истиқболда ноёб демографик дивидентни қўлга киритиши, 2048 йилга бориб мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони тарихий пик даражасига етиши кутилаётганини прогноз қилмоқдалар. Бундай шароитда Ўзбекистон фақат жисмоний меҳнатга асосланган ишчи кучини етказиб берадиган давлат бўлиб қолмаслиги, аксинча, интеллектуал капитали билан жаҳон майдонида пешқадамларга айланиши учун бугун таълим-тарбия тизими том маънода янги босқичга чиқмоғи ҳаётий зарурат. Иқтисодий юксалиш, камбағаллик ва салоҳиятли кадрлар миграциясини қисқартириш, ишсизликни бартараф этиш ҳам мана шундан бошланади.
Облоберди ОЛИМОВ,
Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари:
– Йиғилишда бугун кўпчиликни ўйлантираётган муаммо - болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш, бунинг учун миллий контент яратишни жадаллаштириш масаласига яна бир бор диққат қаратилди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузурида Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил қилиниши кўзда тутилаётгани қувонарли, албатта.
Президентимиз «Менинг маҳаллам – менинг фахрим» лойиҳаси доирасида 100 минг ёш волонтёрларни ижтимоий ёрдам кўрсатишга жалб этиш таклифини ҳам билдирди. Ёш депутат сифатида мен ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлайман, чунки бу лойиҳа ёшларнинг жамиятга фаол қўшилишини таъминлайди ва уларда ижтимоий масъулият ҳиссини шакллантиради, ахлоқий қадриятларнинг бардавомлигини кафолатлайди.
Халқаро тажрибадан маълумки, ёшларнинг волонтёрлик фаолияти ҳар тарафлама фойдали ва самарали. Масалан, Финляндия ва Сингапурда ёшлар ўзлари яшаётган ҳудуддаги мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда иштирок этиб, билим ва кўникмаларини жамиятга фойда келтириш учун йўналтирадилар.
Бу лойиҳани амалга ошириш орқали ёшлар билан бирга жамиятдаги муҳим муаммоларга ечимлар топишимиз мумкин. Шунинг баробарида ука-сингилларимиз волонтёрлик фаолиятида катта ҳаётий тажриба орттириб, турли қийинчиликлар қаршисида чидамлилик, биргаликда иш олиб бориш каби кўникмаларни ўзлаштирадилар.
Президентимиз илгари сурган айни таклиф ёшлар учун, шубҳасиз, катта имкониятдир. Биз, депутатлар эса бу жараёнда четда турмай, ёшларга оид давлат сиёсатининг самарадорлигини оширишда фаол бўлсак, ука-сингилларимизнинг таълимга оид муаммо ва ташаббусларини тингласак ҳамда ижтимоий барқарорликка ўз улушимизни қўшган бўламиз.
Фарида МАҲКАМОВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 21.5.2025, №20