Депутатлар, партия фаолларининг ижтимоий масалаларни яқиндан ўрганиш мақсадида одамлар орасига кириб, уйма-уй юриб ишлаши анъанага айланмоқда. Авваллари бир йилда уч-тўрт марта учрашувларга чиқилган бўлса, эндиликда фаолларимиз ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳи ҳар ҳафта сайловчилар ҳузурига ошиқади, улар билан юзма-юз мулоқот қилади. Бу орқали сайловчиларимизнинг эҳтиёжлари, муаммолари ва сайлов округидаги ҳақиқий вазият жойида ўрганилмоқда.
Албатта, халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларнинг дард-у қувончига шерик бўлишда гап кўп. Чунки пойтахтда туриб, кабинетда ўтириб, фақат қоғозларда қайд этилган маълумотлар билан ислоҳотларга, ҳудудлардаги муаммоларга, одамларнинг орзу-ҳаваслари, ўй-ташвишлари, кайфиятига баҳо бериб бўлмайди.
Шуниси ҳам борки, эзгу ниятлар билан одамлар орасига кириш, энг узоқ ва чекка туманларга, ҳатто, маҳаллий раҳбарларнинг қадами етмаган жойларга бориб етим-есир, бева-бечоранинг бошини силашда ҳикмат бор. Ёш оилага уй-жой берилганини эшитиш, хонадонларга кириб, кекса отахон-у онахонлар билан бир пиёла чой устида суҳбат қуришнинг гашти ўзгача. Инсонийлик, меҳр-оқибат тафти мужассам бунда.
Шундан келиб чиқиб, ЎзХДП Марказий Кенгаши фаоллари, Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги депутатларимизнинг навбатдаги манзили Самарқанд вилояти бўлди.
Хўш, натижалар, хулоса ва таклифлар ҳақида яна нималар дейиш мумкин? ишчи гуруҳи таркибида вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларида бўлиб, сайловчиларнинг хоҳиш-истакларини ўрганган, муаммоларни ўз кўзи билан кўрган партиямиз фаоллари ушбу саволимизга жавоб беришди.
Мақсуда ВОРИСОВА,
ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:
– Албатта, ҳудудлардаги яхши ўзгаришлар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Биз буни жойларга чиқиб, ўз кўзимиз билан кўряпмиз. Одамларда ҳаётдан розилик, шукроналик туйғуси ниҳоятда кучли. Ҳаётнинг талаби эса ўз устимизда ишлаш, муаммоли ҳолатларни ҳал этишдан, ишимизни янги даражага кўтаришдан иборат.
Ҳозир ҳаёт баландпарвоз гапларни қабул қилмайди. Қуруқ рақамлар билан фақат ўзимизнигина алдашимиз мумкин. Қачонки, ҳар бир ҳудуд ва соҳадаги реал манзара, асл ҳолат ўрганилиб, муаммо юзага чиқсагина мутасадди ташкилотларнинг масъулияти, ҳисобдорлиги ҳам ошади. Шу мақсадда тиббиёт соҳасидаги ишларни ҳам ўргандик.
Вилоятда бугунги кунда соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида 270 та амбулатория-поликлиника муассасалари фаолият юритмоқда, уларнинг 21 таси вилоят, 250 таси шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларига (16 та шаҳар ва туман кўп тармоқли марказий поликлиникалари, 70 та оилавий поликлиника, 164 та ОШП) қарашли. Вилоят суд-тиббий экспертизаси, қон қуйиш станцияси, 17 та ДСЕНМлар, 10 та дезинфекция станциялари ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги таъмирга муҳтож муассасалар сони жами 83 тани ташкил этади. Улар тўғрисидаги маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йил 1 июлдан бошлаб Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш соҳасида тиббий суғурта тизимини жорий қилиш режалаштирилган. Лекин вилоят, туман тиббиёт бирлашмалари биринчи тиббий ёрдам тизимида врачлар компьютер жамланмалари, ҳамширалар планшетлар билан таъминланмаган. Планшетлар локал интернет тармоғига уланмаган. Бу эса суғурта тизимини жорий этишда қийинчиликлар туғдиради.
Назорат-таҳлил натижаларидан келиб чиқиб, биз ўз таклифларимизни ишлаб чиқдик. Унга кўра, вилоятда давлат тиббий суғурта тизими тўлиқ жорий этилиши учун албатта, зарур компьютер жамланмалари ва электрон тармоқлар билан таъминланиш керак.
Соғлиғини тиклашга муҳтож аҳоли ва уларнинг даволаниш жараёни ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлиш мақсадида, хусусий тиббиёт муассасалари томонидан уларга мурожаат қилган беморларда аниқланган касалликлар ва ўтказилган даволаш амалиётлари ҳақида ҳудудий тиббиёт бирлашмаларига ҳар ойда маълумот бериб борилишини жорий этиш зарур.
Тиббиётда яқин беш, олти йил давомида амбулатор поликлиника тизимидаги шифокорларнинг пенсияга чиқиши муносабати билан юзага келиши мумкин бўлган кадрлар етишмовчилигининг олдини олиш мақсадида, тиббиёт олийгоҳларининг битирувчи мутахассисларини уч йиллик муддат билан бирламчи тизимга мажбурий ишга йўналтириш масаласини кўриб чиқиш лозим, деб ўйлаймиз.
Кафолатланган тиббий ёрдамни ташкил этишда ижтимоий дорихоналардан тўлиқ фойдаланиш мақсадида, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш зарурати ҳам бор.
Шунингдек, ишчи гуруҳимиз вилоятда таълим тизими, «инсон» ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолияти, пенсия таъминоти билан боғлиқ қатор масалалар бўйича ўрганиш олиб борди.
Назорат-таҳлил давомида ҳар бир масалага чуқур кириб боришга ҳаракат қилдик. Соҳа мутахассислари билан суҳбатлашдик, аҳолининг эътирозларини, мурожаатларини ўргандик. Таклифларимизни тайёрладик.
Албатта, улар фракциямизда ҳам кўриб чиқилади, асосли таклифлардан қонун ҳужжатларини такомиллаштиришда фойдаланилади.
Жамол АЧИЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Назорат-таҳлил давомида маълум бўлдики, вилоятда шу йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, 442940 нафар киши нафақа олувчи сифатида бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимларида ҳисобда туради.
Уларнинг 373 757 нафари ёшга доир, 43 595 нафари ногиронлик, 25 588 нафари боқувчисини йўқотганлик нафақасини олади.
Ўрганишларга кўра, ЯММТда иш стажи киритилмаганлиги сабабли, пенсияга чиқаётган фуқароларнинг иш стажлари дастурда кўринмай қолиш ҳоллари учрамоқда. Шу сабабли, пенсия тайинлашда қийинчиликлар кузатилмоқда ва бу ҳақли эътирозларга сабаб бўляпти.
Шунинг учун иш стажи киритилмай қолган давр учун мавжуд ҳужжатлари, меҳнат дафтарчаси асосида меҳнат бўлимлари томонидан ЯММТ дастурига киритиб берилишига кўмаклашишни кучайтириш керак, деб ўйлаймиз. Бу иш стажи киритилмай қолган фуқароларга енгиллик бўлган бўлар эди.
Шунингдек, эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш борасида вилоятда эътибор марказидан четда қолаётган бир қатор муаммолар борлигига кўз юмолмаймиз.
Масалан, ўрганишлар давомида маълум бўлдики, вилоят «кўзи ожизлар» жамияти нодавлат-нотижорат ташкилоти сифатида давлат рўйхатидан ўтган. Бу ўз уставига асосан, шаҳар ва туманларда истиқомат қилувчи кўришда нуқсони бўлган ногиронлиги бор инсонлар манфаатларини ифодаловчи ташкилотдир. Ўз иш фаолиятини маҳаллий ҳокимлик ҳамда саховатли ҳомийлар ёрдамларига таянган ҳолда олиб боради. Ташкилотда жорий йил ҳисобидан 2 692 нафар аъзо рўйхатга олинган. Аммо ҳозир туман бўлинмаларида бино ва техник масалаларда муаммолар мавжуд.
Мавжуда ҲАСАНОВА,
ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи:
– Сайловчини рози қилишнинг йўли бу, мулоқот ва муаммолар ечимидир. Чунки, аҳолини қийнаётган муаммолар халқнинг ичига чуқур кириб борилгандагина яққол кўринади,сув юзасига қалқиб чиқади.
Жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш, уларга холис ва ҳаққоний баҳо бериш, камчиликларни бартараф этиш асосий вазифамиздир. Юзма-юз мулоқотлар давомида фуқаролар томонидан асосан ишга жойлашиш, ўз ишини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш, электр энергияси ва газ таъминотидаги муаммоларни бартараф этиш ва бошқа қатор масалалар кўтарилмоқда. Уларнинг салмоқли қисмини жойида ҳал этишга эришяпмиз.
Биламизки, ҳозир ҳар бир ҳудуд кесимида камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўрни яратиш, аҳоли даромадини ошириш бўйича дастурлар қабул қилинмоқда. Назорат-таҳлил давомида биз ушбу йўналишдаги ишларни ҳам ўргандик.
Маълум бўлишича, Самарқанд вилоятида 1 607 835 нафар иқтисодий фаол аҳоли яшайди. Яъни, вилоят аҳолисининг 1 521 476 нафари иш билан банд. 86 359 нафар киши эса ишга жойлашишга муҳтож.
Тўғри, сўнгги вақтларда вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратиляпти. Аммо бу борада ечимини кутаётган айрим муаммолар ҳам бор.
Масалан, ҳозирги кунда фуқаролардан ишсизлик нафақаси олиш учун мй.гов.уз портали орқали жуда кўп мурожаатлар келиб тушмоқда. Таҳлилларга кўра, фуқаролар иш эмас, айнан ишсизлик нафақасини сўраяпти. Бу эса аҳолида боқимандалик кайфияти мавжуд эканлигини билдиради.
Ишсиз фуқароларни маҳаллий тадбиркорлар томонидан ташкил этилган корхоналарга йўналтирилишда қийинчиликлар мавжуд. Туманларда саноат ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда уларда иш ҳақининг камлиги эътирозларга олиб келмоқда.
Аҳолининг ишчанлик фаоллигини ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантиришга, ижтимоий заиф қатламлар бандлигини таъминлашга, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти, сифати ва тезкорлигини оширишга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Шунга қарамай, ҳудудлардаги меҳнат бозорида ҳали-ҳамон юқори даражада кескинлик сақланиб қолмоқда. Доимий иш ўринларини ташкил этиш, ёшлар, хотин-қизлар, кам таъминланган оилалар аъзолари бандлигини, айниқса, қишлоқ жойларда таъминлаш, шунингдек, ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш масалалари ҳал этилмаяпти. Ишга жойлаштириш соҳасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун кредит, молиявий, маслаҳат-ахборот бериш хизматлари ва бошқа зарур хизматлар даражаси пастлигича қолмоқда.
Албатта, аҳоли манфаатларига қаратилган ҳар бир дастур тўлиқ бажарилиши, ажратилган маблағларнинг манзиллилигини таъминлаш керак. Хусусан, олдимизда саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, туризм ва ижтимоий соҳалар, ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш каби муҳим ва кечиктириб бўлмайдиган вазифалар турибди.
Масалан, вилоятда норасмий банд бўлганлар расмий секторга қараганда кўпроқ, норасмий банд бўлганларнинг кўп қисми мавсумий ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этилган.
Туманларда кичик саноат зоналари ташкил этилмоқда. Аммо мактаб битирувчилари ва ишсиз фуқаролар касби ёки мутахассислиги йўқлиги сабабли уларда ишга жойлаша олмаяпти.
Маълумки, болалар нафақасини олувчи оилалар автоматик тарзда камбағал оилалар реестрига киритилади. Аммо бундай вазиятларда амалиётда иккита муаммоли ҳолатлар кузатилмоқда.
Масалан, қарамоғида оғир аҳволдаги ногирон фарзанди бор ота ёки она боласини ёлғиз ташлаб, ўзини банд қилиш имконияти мавжуд эмас. Бундай шароитдаги кишилар «ғамхўрлик гуруҳлари» ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас. Демак, уларга фарзандини ишончли қўлларга топшириб, кун бўйи ўз иши билан шуғулланиши мумкинлигини тушунтиришимиз керак.
Шунингдек, оилавий даромади етарли бўлмаган, лекин бола нафақаси тайинланган, камбағал оилалар реестрига кирган шундай инсонлар борки, таклиф этилаётган бўш иш ўринларида ишлашни хоҳламайди. Натижада улар камбағал оилалар реестридан чиқмасдан ҳар ой тизимли равишда келиб турган болалар нафақаси билан чекланиб, боқимандалик кайфиятида яшаб келмоқда.
Шуларни кўриб, гувоҳи бўлиб, ишчи гуруҳимиз камбағал оилалар реестридан чиқиш истаги бўлмаган фуқароларнинг бола нафақаси олиши билан боғлиқ ҳолатни қайта кўриб чиқиш керак, деган таклиф билан чиқди.
***
Албатта, ҳар қандай масаланинг назоратга олиниши яхши. Бу давлат ташкилотлари ва идоралари раҳбарларининг масъулиятини оширади, ислоҳотларга дахлдорлик кучаяди.
Партиямиз фаолларининг айтишича, вилоятда олиб борилган ўрганишлардан яна кўплаб маълумот ва рақамлар келтириш мумкин. Гап кўрсаткичларда эмас, аниқланган муаммоларни вақтида бартараф этишда, бунинг учун асосли ва ўткир таклифлар тайёрлашда. Шунинг учун биз энг муҳимларига тўхталишни жоиз топдик.
Бу кўзга кўринмас тўсиқларнинг олиб ташланишига, мутасаддиларнинг эътибор марказидан четда қолиб кетаётган муаммоларнинг сув юзига қалқиб чиқиб, бартараф этилишига йўл очади, деган умиддамиз.
Лазиза ШЕРОВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 14.5.2025, №19