Ижтимоий бирдамлик – меҳр ва ғамхўрлик мезони!

 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқаронинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган. Айниқса, «Инсон қадри учун» тамойили асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган оилаларга ҳар томонлама кўмак бериш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган.

Ана шу мақсадларга ҳамоҳанг равишда, «Ижтимоий бирдамлик – меҳр ва ғамхўрлик мезони!» шиори остида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Тошкент шаҳар ва Яккасарой туман кенгашлари ташаббуси билан амалий тадбир ташкил этилди.

Тадбир доирасида Республика болалар ижтимоий мослашув марказида даволанаётган болалар оилалари, шунингдек, Яккасарой туманидаги «Боғсарой» маҳалласи ҳамда Миробод туманидаги «Истиқлолобод» маҳалласидан бўлган эҳтиёжманд оилалар учун байрамона дастурхон ёзилди. Уларга меҳр ва эътибор кўрсатилди, болалар учун эса эсдалик совғалар улашилди.

Тадбирда 80 та кам таъминланган оила ва уларнинг фарзандлари иштирок этди. Улар учун кўтаринки кайфиятда, миллий қадриятларимизга уйғун ҳолда байрам муҳити яратилди. Шунингдек, 10 нафар болаларнинг хатна тўйи беғараз хайрия асосида, қувончли тарзда ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлиси Сенати аъзоси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси, партия депутати Рустам Абдухакимович ҳамда Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари Зулфия Мўминова ва Мухтор Илҳомовлар иштирок этди. Улар иштирокчиларга самимий табриклар йўллаб, болалар келажаги учун эзгу тилаклар билдиришди.

Бу каби тадбирлар нафақат моддий ёрдам кўрсатиш, балки жамиятда инсонпарварлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-шафқат ва ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш