Сессия ва натижа
Сессия ва натижа

 

Бугун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳаётига назар ташласак, аввалгиларидан мутлақо фарқ қиладиган кўп жиҳатлар яққол кўзга ташланади. Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ, ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари бир-биридан ажратилди. Давлат ҳокимияти халққа янада яқинлашди, халқ ҳокимиятчилигининг асослари мустаҳкамланди. Халқ депутатлари Кенгашлари ҳозир энг муҳим масалалар бўйича қарор қабул қилишда кўплаб ваколатларга эга бўлди. Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, чин маънода «Халқ уйи» сифатида намунали Кенгашга айланиши учун барча имкониятлар яратилди.

Натижада маҳаллий давлат бошқарувини демократлаштириш, ҳудудлар тақдири билан боғлиқ қарорларни бир киши эмас, кўпчиликнинг фикри билан қабул қилиш бўйича анча натижаларга эришилди. Депутатларнинг фаоллиги ошиб, жойларда жамоатчилик назорати кучаймоқда, ҳудудларда ечимини кутаётган муаммолар бирин-кетин бартараф этилмоқда. Сессиялар ҳам анча жонланиб, ўзгача руҳда, янгича сиёсий фаоллик ва ишчанлик кўринишида ўтмоқда.

 

Мунозара майдони

Сессиялар мажлиси нафақат халқ депутатлари Кенгашлари қарори қабул қилинадиган сиёсий йиғилиш, балки муҳим мунозаралар майдони ҳисобланади. Ҳудудга тегишли халқ дардига айланган муҳим масалалар депутатлар муҳокамасига қўйилади. Сессияга киритиладиган масалалар бир неча кун олдин айтилгани

боис депутатларимиз шу мавзу доирасида тегишли маълумотларга эга бўлган ҳолда келиши талаб этилади. Улар ўз фикрини билдириб, янги-янги ғоялар, таклифлар айтишади.

Бу табиий ҳол, албатта. Халқ вакили ҳисобланган депутат ҳар бир масала юзасидан ўз нуқтаи назарига эга ҳолда сессияда иштирок этиши керак.

Ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга назар ташласак, бугун сессиялар анча мунозарали, савол-жавобларга бой ва қизғин кечмоқда. Муҳокама этилаётган масала тегишли доимий комиссиялар томонидан аввалдан тайёрланиб, депутатлар ушбу масала юзасидан етарли даражада тушунчага эга бўлгани учун сессияда жонли мулоқот, холис баҳс-мунозаралар авж олмоқда. Яхши-да, бу жойларда кучли Кенгашлар шаклланаётгани, депутатларнинг салоҳияти, масъулияти ошаётганига ишора.

 

Натижа борми?

Олимжон БАБАЕВ,

ЎзХДП Бўстонлиқ туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари:

– Халқ депутатлари туман Кенгашида партиямизнинг 5 нафар депутати бор. Бир нарсани ишонч билан айта оламан, партия гуруҳимизнинг халқ орасида ҳам, депутатлар орасида ҳам обрўси яхши. Партия гуруҳимиз туман Кенгаши доимий комиссиялари, ҳокимлик ва ижроия органлар олдида ўз сўзига ва мустаҳкам позициясига эга. Бирорта сессия йўқки, унда партия гуруҳи томонидан долзарб масалалар киритилмаган бўлса.

Юбораётган депутатлик сўровларимиз жавобсиз қолмайди. Аҳоли билан учрашувлардаям энг кўп мурожаатлар бизга билдирилади. Чунки кўтарилган масалалар ҳал этилгач, натижаси етказилади, одамлар ўзгаришларни ўз кўзи билан кўради.

Сессияларда бирор жўяли таклифимиз инобатга олинмасдан қолса, тортишишга, фикримизнинг асосли эканини исботлашга тўғри келади. Баъзида таклифимизни яхшироқ ўрганиб, қабул қилинишини котибиятдан қаттиқ талаб қиламиз ва мақсадимизни охирига етказамиз.

Яқинда «Бўстонлиқ туманида онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва ўлим кўрсаткичини камайтириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги масалани ўрганиб, халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида муҳокама қилдик.

Назорат-таҳлил натижаларидан маълум бўлдики, туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфида 320 ўринли марказий шифохона, 1150 қатновли кўп тармоқли марказий поликлиника, 690 қатновли 5 та оилавий поликлиника, 470 қатновли 9 та оилавий шифокорлик пункти, жами 70 ўринли 12 та маҳалла таянч пунктлари аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Бирламчи тизимда аҳолига онкологик ёрдамни янада сифатли ташкил этишни йўлга қўйиш, касалликларни эрта аниқлаш ва профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли оилавий поликлиникада онконазорат хонаси ташкил этилган.

Лекин онконазорат хонасига алоҳида штат бирлиги ажратилмаганлиги сабабли, ўриндошлик асосида жарроҳ мутахассисига онколог ва поликлиника гинекологига онкогинеколог вазифаси юклатилган. Хона компьютерлашган дастурга уланган ҳамда скринингдан ўтган ва ўсма касалликлари аниқланган беморларнинг электрон базаси шакллантирилиб борилмоқда.

Беморларда нур ва кимётерапия муолажалари республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Тошкент вилояти филиалида амалга оширилиши боис кимётерапия ёки аниқлаштирувчи воситалар билан таъминланмаган.

Марказнинг Тошкент вилояти филиали мобил маммография комплекслари томонидан 2024 йилда Бўстонлиқ туманида кўкрак бези ва бачадон бўйни саратони бўйича ўтказилган текширувларда 24 818 нафар аёлнинг 37 нафарида касалликка мойиллик аниқланган. Ўтказилган чуқурлаштирилган иммуногистохимия ва гастрофиброскопия текширувларида мазкур аёлларнинг 31 нафарида (шундан 21 нафарида эрта босқичда) онкологик касаллик борлиги маълум бўлган.

Сессияда касаллик йилдан йилга ёшариб, ўтган уч йил даврга нисбатан 35 фоизгача ўсганлиги қайд этилди.

Қабул қилинган сессия қарорида мутасадди ташкилотлар раҳбарларига тиббиёт муассасаларини зарур тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, онкологик беморларга амбулатор шароитда даволанишида зарур бўладиган, бироқ реестрда кўрсатилмаган дориларни реестрга қўшиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Онконазорат хонасини мутахассис шифокор билан таъминлаш бўйича вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда ишларни ташкиллаштириш тавсия этилди. Шунингдек, тумандаги кўп тармоқли марказий поликлиниканинг онконазорат хонаси ҳамда лабораториясининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиб, туман ҳокимига киритиш бўйича мутасаддиларга муҳим вазифалар юклатилди.

Халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани Кенгашининг барча депутатларига ўзларининг сайлов округлари ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати, зарурий ускуна ва воситалар билан таъминланиш ҳолатларини ўрганиш, аниқланган камчиликлар бўйича халқ депутатлари туман Кенгашига ахборот киритиб бориши тавсия этилди.

Албатта, сессия қарорига эришиш бу йўлдаги илк натижа бўлса, унинг ижросини таъминлаш муҳим ва асосий жараён саналади. Бунда эса биз депутатлар фаоллик ва зийракликни бой бермай, назорат ўрнатишимиз зарур.

 

Самандар БОБОНИЯЗОВ,

ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши масъул ходими:

– Партия гуруҳимиз туман Кенгаши билан ҳамкорликда бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Ҳар ой йиғилишиб, электорат, сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқамиз. Бу жараёнда муаммоларни ўрганиб, сессия муҳокамасига қўйиш вазифаси ҳам юклатилади. Шу тариқа камчиликлар бартараф этиб келинмоқда.

Депутатлик гуруҳимиз ҳар чоракда режадаги масалларни доимий комиссияларда кўриб чиқаяпти ва сессия кун тартибига киритиб, қарор қабул қилинишига эришмоқда.

Масалан, яқинда халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгашининг ўн иккинчи сессиясида туман тиббиёт бирлашмаси бўлими бошлиғи О.Сатибалдиевнинг ҳисоботи ҳамда туман иқтисодиёт ва молия бўлим бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Хўжаниёзовларнинг ахборотлари тингланди.

Сессияда соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида оналар ва болалар ўртасида касалликлар профилактикаси, уларни барвақт аниқлаш ва соғлом фарзанд туғилиши, ривожланиши ва тарбияси масалалари бўйича тушунтириш ишларини кучайтириш, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолликни оширишни тарғиб қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш билан боғлиқ бир қатор таклифлар ўртага ташланди.

Болалар, ҳомиладор ва эмизикли аёлларни витамин ва минераллар билан бепул таъминлаш ҳамда скрининг тадбирлари орқали касалликларнинг самарали профилактикасини олиб бориш масаласини қизғин муҳокама қилдик.

Шунингдек, оналар ва болалар учун тиббий хизмат кўрсатадиган объектларни реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масаласи ўртага ташланди. Диагностика ва юқори технология ҳамда инновацион усулларни амалиётга жорий этиш, соҳа ходимларининг илмий салоҳиятини мунтазам ошириб боришга эришишга эътибор бериш кераклиги таъкидланди.

Ушбу муҳим вазифалар сессия қарорида ўз аксини топди. Бундан ташқари, туманда бирламчи тиббиёт муассасалари ишларини тубдан яхшилаш, шу мақсадларда уларни малакали ходимлар билан таъминлаш, зарур дори воситаларини етарли равишда етказиб бериш бўйича мутасаддиларга вазифалар юклатилди. Туман аҳолисига малакали тиббий хизматни кўрсатиш мақсадида соҳага зарур бўлган тиббий ходимларни жалб қилиш юзасидан тиббиёт олийгоҳлари билан доимий алоқаларни йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берилди.

 

Қарор архив учун эмас...

Албатта, битта мақолада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларига депутатларимиз ташаббуси билан киритилаётган ҳамма масала ҳақида батафсил маълумот беришнинг имкони йўқ. Биз уларнинг айримлари ҳақида мисол келтирдик.

Чиндан ҳам, бугун сессиялар том маънода халқ манфаатини ҳимоя қилишга қодир минбарга айланиб улгурди. Юқорида партиямиз фаолларининг, депутатларнинг фикрларидан ҳам аён бўлдики, маҳаллий Кенгашлар сессиялари «бир кун бўлади-да» қабилида хотиржам яшаб келаётган айрим «уйқучилар»ни уйғотиб, сергаклантиришга хизмат қиляпти. Сессия йиғилишларида бир қанча масалалар бўйича ҳисоботлар тингланмоқда, қарорлар муҳокама учун тақдим этилмоқда. Мунозаралар қизигандан қизияпти, кескин савол-жавоблар бўляпти. Яхши таклифлар ва фикрлар ҳам пайдо бўлиб қолади.

Бирор-бир масалани ўрганиб, уни доимий комиссия ва сессия муҳокамасига олиб чиқиш осон жараён эмас, аслида. Ишчи гуруҳлар ҳудудлардаги аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ўрганади, ижтимоий масалаларни таҳлил қилади, маълумотлар ва таклифларни сессияларга тақдим этади. Бир сўз билан айтганда, ҳудудлардаги масалалар кўп жиҳатдан уларнинг фаолиятига боғлиқ. Қачонки, ҳар бир ҳудуд ва соҳадаги реал манзара, асл ҳолат ўрганилиб, муаммо юзага чиқсагина мутасадди ташкилотларнинг масъулияти, ҳисобдорлиги ҳам ошади.

Шу маънода, мажлис ўтказиб, қоғоз тўлдириш билан сессия ўтган, депутатлар вазифасини бажариб қўйган ҳисобланмайди. Аксинча, ҳаммаси қарор қабул қилингач бошланади. Чунки муаммонинг ечими қарорнинг ижросига боғлиқ. Ўрганишлар натижаси эса назорат тадбирларига қараб самарали ёки самарасиз бўлади.

Хўш, партия фаоллари, депутатлик гуруҳи аъзолари ўрганган масала юзасидан қабул қилинган қарорлар ижросига яна бир бор қайтдими? Умуман қарорлар ижро этиладими? Уларнинг ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш масалалари қандай? Мана, қаерда бизнинг «нозик» жойимиз.

Тўғри, сессиялар ўтиб турибди, ҳар бир ҳудудда қарорлар қабул қилинмоқда. Қарорлар архив учун эмас, одамлар, жамият учун. Улар қоғозларда қолиб кетмаслиги лозим. Одамлар ўзининг ҳудудида қандай қарорлар қабул қилиниб, уларнинг ижроси шаҳар ва қишлоқларда қандай натижа кўрсатаётганини ўз кўзи билан кўриши керак.

 

Шоҳруҳ ЎКТАМОВ,

ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси:

– Депутатлик гуруҳларимиз сессияга масала киритишдан олдин назорат-таҳлил ишларини олиб боришади. Масала жойига чиқиб ўрганилади, шу бўйича қандай мурожаатлар бўлгани кўриб чиқилади. Шунингдек, мониторинг давомида ҳудудларда кўчама-кўча, уйма-уй юриб, ҳар бир хонадон, ҳар бир оилага кириб борилади, сайловчиларнинг эътирозлари, таклифлари эшитилади.

Ҳозир яхши бир тажрибага таяниб иш кўряпмиз. «Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал», дейишади-ку. Шу маънода жойлардаги муаммолар ҳақида кимдир мурожаат қилиб келишини кутиб ўтирмаяпмиз. Ўзимиз одамлар орасига, халқ ичига кириб боряпмиз. Улар дуч келаётган муаммоларни эрта аниқлаб, ҳал қилиш кўзланган бош мақсад ҳисобланади.

Ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботларини эшитамиз, ҳудуддаги муаммоли масалаларни ўрганамиз, улар асосида сессияларга масалалар тақдим этамиз.

Бугунги кунда халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларида 115 нафар депутатимиз бор. Ютуқларда ҳам, тўғрисини айтганда, камчиликларда ҳам маҳаллий Кенгашлар депутатларининг озми-кўпми ҳиссаси бўляпти.

Жорий йилнинг биринчи чорагида партия гуруҳларимиз томонидан 23 та масала партия гуруҳларида, 23 та масала доимий комиссия йиғилишларида ва 22 та масала сессиялар кун тартибига киритилиб, муҳокама этилди. Сессияларда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш, бизнесни ривожлантириш соҳаларидаги муаммолар муҳокама этилди.

Асосийси, сессияга масала тайёрлаш давомида депутатлар жойлардаги реал вазиятни ўз кўзи билан кўриб, одамлар билан юзлашмоқда. Шунинг учун улар маҳаллий Кенгашларда кўрилаётган масаланинг ипидан игнасигача билади, қоғоздаги маълумот билан уни алдаб ҳам бўлмайди. Сайловчиларга қулоқ тутиш, улар билан елкама-елка туришда гап кўп.

Аммо фақат сессияларда ҳисобот бериш, қарор қабул қилиш билан иш битмайди. Албатта, уларнинг ижроси назоратга олиниши, бир масаланинг ечими учун охиригача курашиш керак бўлади.

Шунинг учун биз сессия қарорлари ижроси бўйича алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиққанмиз. Ҳар чоракда айнан шу масалани муҳокама марказига қўйиб йиғилиш ўтказамиз, сессияларда қабул қилинган қарорлар ижросини кўриб чиқамиз.

 

Робия КАЗИМОВА,

халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари:

– Ҳар бир сессияда доимий иштирок этаман. Улар давомида ташкилот раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилади, саволлар берилади. Бугунги кунда депутатлар олдинги йиллардагидай фақат қўл кўтариб тасдиқловчи эмас. Улар фаол, ташаббускор, масалаларга жиддий ёндашади. Айтиш жоизки, ҳозирги сессиялар олдингиларидан анча фарқли. Масъуллардан жавоб сўралади, натижа талаб қилинади.

Депутатлар аҳоли ташвишларини енгиллаштириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун ҳаракат қилмоқда. Мен ҳам депутат сифатида халққа нафим тегса, бундан мамнунман. Жорий йилнинг ўтган чораги давомида депутатлик гуруҳимиз томонидан бир қатор масалалар юзасидан депутатлик назорати олиб борилди ва сессия муҳокамасига олиб чиқилди. Булар ўз натижасини берди.

Жумладан, таълим соҳаси мисолида олиб қарайдиган бўлсак, мактабларда болаларнинг дарсга қатнашиш кўрсаткичи яхшиланди. Маънавий муҳитни қарор топтиришга жиддий эътибор қаратилди. Ҳужжатлар юритишда тизимлилик таъминланди. Психологик ишлар фаоллаштирилди. Мактаб формаси ва ахлоқий интизом устидан назорат кучайтирилди. Овқатланиш тизими яхшиланди ва электрон платформалардан тўлиқ фойдаланишга эътибор қаратилди.

Энг муҳими, раҳбар ва ўқитувчиларнинг шахсий жавобгарлиги оширилиб, интизом ва масъулият кучайтирилди. Бу орқали ёш авлодга сифатли таълим бериш имконияти кенгаяди.

Тиббиёт соҳасида эса инфратузилмани яхшилаш, тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва хусусий секторни ривожлантириш борасида катта ишлар амалга оширилди. Бу ўзгаришлар соғлом жамиятни шакллантириш, профилактик чораларни кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Тўғри, ҳозирда ижро ҳокимияти раҳбарлари депутатларнинг сўровларини тўғри қабул қилмоқда. Бироқ баъзи ёш раҳбарлар депутатнинг мақоми ва ваколатини тўлиқ тушуниб етмаган. «Нега ҳисоб бераман?», «Депутатга жавоб бериш шартми?», каби саволлар ҳам учраяпти. Шу боисдан, ижро органлари раҳбарлари учун депутатлик мақоми ва назорати ҳақидаги тушунчаларни шакллантириш мақсадида махсус семинарлар ташкил этиш зарур.

Мақсад — ҳисобот сўраш эмас, балки қонунлар ижросини таъминлаш ва аҳоли муаммоларини ҳал этишдир. Демак, ҳамкорлик, англашув ва масъулият — умумий тараққиётнинг асосидир.

 

***

Гувоҳи бўлдикки, бугун депутатларимиз сессия кайфиятидан қониқяпти, сайловчилар манфаатларига алоқадор масалаларда мутасадди ташкилотларга юзланяпти. Бундай ўсиш, ўзгариш яхши, албатта. Шунга яраша вазифалар, топшириқларнинг туман, кичикроқ шаҳар даражасидаги ижроси жуда муҳим, айниқса, одамларнинг кундалик турмуши, кайфиятига бевосита таъсир кўрсатадиган масала. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари муҳокама, мунозара, ҳаққоний баҳс майдонига айланса, шунда ҳудудлар янада тараққий этади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 30.4.2025, №17

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш