Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши ҳамда Бухоро давлат педагогика институти ҳамкорлигида ташкил этилган “Интеллектуал олимпиада” мусобақаси ўз якунига етди.
Уч кун давом этган беллашувларда талабалар интеллектуал ўйинлар орқали ўз билим ва салоҳиятини намойиш этишди. Олимпиаданинг асосий мақсади — ёшларнинг ақлий салоҳиятини янада ривожлантириш, уларда мустақил фикрлаш, тезкор ва тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришдан иборат бўлди.
Тадбир доирасида “Заковат” ва “Брейн-ринг” каби интеллектуал ўйинлар ташкил этилди. Ғолиблик учун бўлиб ўтган қизғин баҳсларда “Педагог” жамоаси ўзининг билимдонлиги, жамоавий ишлаш маданияти ва интеллектуал маҳорати билан ажралиб турди ва мутлоқ ғолиб деб топилди.
Ғолиб жамоа Бухоро давлат педагогика институти маъмурияти томонидан пул мукофотлари билан тақдирланди. Шунингдек, партия рамзи туширилган эсдалик совғалари ҳам топширилди.