Халқ депутатлари Ромитан туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси М.Жумаева жойларда аҳоли муаммоларини ўрганди, деб хабар қилмоқда Бухоро вилоят партия кенгаши. Депутат ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича сайёр учрашув ташкил этди.
Тадбир доирасида ногиронлиги бўлган фуқаро Шафоат Умрзоқова хонадонига борилган. Аёлнинг оилавий шароити ўрганилиб, унинг “Аёллар дафтари”га киритилгани асосида моддий ва тиббий ёрдам кўрсатган.
Шунингдек, боқувчисини йўқотган Қиммат Ибрагимованинг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида хонадони таъмирланиб, эшик ва деразалар янгидан ўрнатилган.
Депутат ташаббуси билан маҳаллада истиқомат қилувчи Феруза Жумаева ва Абдурауф Кенжаевнинг яшаш уйи том қисми шифер билан ёпиш учун зарур қурилиш материаллари олиб берилди.
Мазкур амалий ёрдамлар депутатнинг жойлардаги фуқаролар билан доимий мулоқотда бўлиши, аҳоли муаммоларини ўз вақтида ҳал этишга қаратилган масъулиятли ёндашувининг яна бир ёрқин намунаси, деб баҳолайди вилоят партия кенгаши масъуллари.