Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилишида партия электорати манфаатлари билан боғлиқ бир қатор қонун лойиҳалари атрофлича кўриб чиқилди.
«Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси қизғин тус олди.
Фракция аъзоси Сайёра Имомова ҳужжат лойиҳаси эҳтиёжманд фуқароларнинг ҳолатини ҳар томонлама баҳолаш орқали давлат томонидан аҳолига кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ва хизматларнинг манзиллилиги ва самарадорлигини таъминлашда муҳим эканини алоҳида таъкидлади.
Эндиликда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ўзи, қонуний вакили рухсатисиз, шунингдек, Ижтимоий ҳимоя агентлиги сўровисиз бемор ҳақидаги тиббий маълумотларни бериш тақиқланиши белгиланмоқда. Бу ногиронлиги бор шахсларни ҳимоя қилишда янги ёндашув ва механизмларни жорий этишда алоҳида аҳамият касб этади, деди депутат.
Навбатда муҳокама қилинган “Ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам аҳолини эҳтиёжманд қатламларини ҳимоя қилишда янги нормаларни жорий этишга хизмат қилади.
Хусусан, депутат Одилжон Иминов ушбу қонуннинг зарурияти ҳақида тўхталиб, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, ижтимоий хизмат ва ёрдамларни кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб-таомилларни бажармаслик ҳоллари учраб турганлиги, бу борада ҳуқуқий чора белгиланиши муҳимлигини қайд этди.
Депутат Имомназар Турсунов ҳам ўз ҳамкасбини фикрларини давом эттириб, ижтимоий ҳимоя тизими ходимлари фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонуний талабларини бажармаслик учун жавобгарликни кучайтириш зарурати ошиб бораётганини қайд этди.
Агросаноат соҳасида янги бозор механизмлари жорий этилганлиги муносабати билан «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида фракция аъзоси Анвархон Темиров Агросаноатни ривожлантириш агентлиги фақат ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга мурожаат этганда давлат божидан озод этиш масаласини қолдириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, қонуннинг тушунтириш хати ва концепцияси доирасида бир қатор депутатларнинг ҳақли эътирозларини ҳисобга олган ҳолда, қонуннинг концептуал жиҳатдан қайта ишлаш ва маромига етказишни талаб қилган ҳолда, ушбу қонун лойиҳаси ташаббускорларга қайтарилди.
Фракция йиғилишида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини яна такомиллаштириш муносабати билан айрим ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, депутат Иба Наризова тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдам турларини қонун ҳужжатларида аниқлаштириш зарурияти етиб келганини, хотин-қизлар, болалар ҳимояси муҳим ижтимоий муносабатлар эканлигини таъкидлади.
Фракция аъзоси Қизилгул Қосимова Ижтимоий ҳимоя агентлиги мутасаддиларига зўравонликка учраган хотин-қизларни реабилитация қилиш билан бирга, бунга сабабчи бўлган шахслар билан ишлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиш кераклиги бўйича қўшимча таклиф берди.
Депутатлар қонун лойиҳаларида белгиланаётган меъёрларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, партия электорати манфаатларига ҳамда Сайловолди дастурида белгиланган ғоялар амалга ошишига хизмат қилишини қайд этиб, уларни кенг жамоатчилик орасида фаол тарғиб қилиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.