
Юксак даражадаги анжуманнинг мамлакатимизда ўтказилаётганининг ўзига яраша сабаблари бор. Энг аввало, кейинги саккиз йилда Ўзбекистон очиқ, конструктив ва прагматик ташқи сиёсатни амалга ошириб, нафақат қўшни давлатлар, балки халқаро ҳамжамият билан ҳам яқин мулоқот ўрнатди.
Мамлакатимиз парламенти сўнгги йилларда турли давлатлар парламентлари билан алоқаларни кучайтириб, янги қонунчилик ташаббуслари ва демократик институтларни мустаҳкамлаш йўналишида катта қадамлар қўймоқда. Қолаверса, халқаро тадбирларни ҳар томонлама юқори савияда ўтказишда Ўзбекистон яхши тажриба тўплади.
Шу боис, Парламентлараро Ассамблея ўзининг нуфузли йиғинини айнан Тошкентда ўтказишни мақсад қилган, десак янглишмаган бўламиз. Бу нафақат юртимизга билдирилган ишонч, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдонда тобора муҳим ўрин эгаллаётганидан далолатдир.
Айтиб ўтиш керакки, бундай кенг кўламли тадбирни ўтказишдан олдин Парламентлараро Иттифоқ вакиллари келиб, барча шароитларни ўрганди. Энг муҳими, анжуман ўтадиган мамлакатда эркин ва демократик муҳит учун хавфсиз шароитлар яратилган бўлиши лозим. Шу нуқтаи назардан, тинчлик барқарор Ўзбекистон ҳар томонлама муносиб манзил сифатида танланди. Бу мамлакатимизда давлат раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, демократик жараёнларни ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатлар юксак баҳоланаётганини ҳам кўрсатади.
Ассамблеянинг яна бир муҳим жиҳати шуки, ушбу йирик тадбир мамлакатимиз учун бир нечта стратегик имкониятларни тақдим этади. Айни вақтда анжуман доирасида кўплаб икки ва кўп томонлама учрашувлар, жумладан, нафақат сиёсий, балки иқтисодий мулоқотлар ўтказилмоқда. Бу мамлакатимизнинг инвестициявий муҳити ва иқтисодий ислоҳотларини халқаро аренада кенг тарғиб қилиш имконини беради.
Ассамблеянинг туркум йиғилишларида қатор долзарб масалалар, хусусан, меҳнат бозорида тенг имкониятлар яратиш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш ва камбағалликнинг асл сабаблари билан курашиш чоралари муҳокама марказида бўлади. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинади.
“Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзуси парламентларга энди фақат қонун қабул қилувчи эмас, балки ижтимоий ўзгаришларни амалга оширувчи, камбағалликни қисқартириш, тенг имкониятлар яратиш, инсон қадрини улуғлашда ташаббускор сиёсий субъект сифатида қаралиши кераклигини таъкидлайди.
Тан олиш керакки, бугун дунёда коррупция, суд тизимидаги муаммолар ва ҳуқуқбузарликларга нисбатан жазо тизимининг заифлиги тараққиётга тўсиқ бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб, анжуманда адолатли суд тизимини шакллантириш, давлат бошқарувида шаффофликни таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш бўйича халқаро тажрибалар ўрганилади. Парламентлараро учрашувда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро механизмлар ва уларнинг амалий самараси ҳам муҳокама қилинади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, янги таҳрирдаги Конституциямиз орқали парламентимиз палаталарининг биргаликдаги ҳамда алоҳида ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Парламентлараро Иттифоқнинг асосий вазифаларидан бири ҳам айнан парламент демократиясини ривожлантириш саналади. Шу боис ушбу ташкилот билан ҳамкорлик алоқаларининг кенгайиши мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳангдир.
Қолаверса, Ассамблея доирасида Ўзбекистондаги сайлов тизими, қонунчилик фаолияти, фуқароларнинг иштироки каби мавзулар муҳокама қилиниши ва халқаро стандартларга мос равишда янада такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилиши мумкин. Бу ташкилот нафақат парламентлар ўртасида мулоқот ва ҳамкорлик учун самарали майдон, балки инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик, иқлим ўзгариши, ёшлар масалалари каби глобал муаммоларга парламентлар орқали ечим топишга қаратилган муҳим сиёсий платформа ҳамдир.
Имомназар ТУРСУНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.