Инсон қадри дунё парламентарийлари нигоҳида
Инсон қадри дунё парламентарийлари нигоҳида

 

Парламентлараро Иттифоқнинг 150-ассамблеясида ижтимоий масалалар бош мавзулар қаторида кўрилиши белгиланган. Бу ўз-ўзидан бутун дунё парламентарийларининг нигоҳини мамлакатимизда инсон қадрини оширишга йўналтирилган ислоҳотларга қаратиши табиий.

Дарҳақиқат, парламентларга энди дунёда ҳам қонун қабул қилиш орқали ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, камбағалликни қисқартириш, барча учун тенг имкониятлар яратиш, инсон қадрини улуғлашда ташаббускор сиёсий субъект сифатида қаралаяпти. Халқаро тадбир кун тартибида тинчлик ва хавфсизлик, инсон ҳуқуқи, иқлим ўзгариши, ёшлар ва аёллар фаоллиги, қуролли можароларнинг ижтимоий ҳаётга таъсири, БМТ билан ҳамкорлик каби долзарб йўналишлар қамраб олинган.

Хусусан, бугунги дунё сиёсатида қуролли низолар, зиддиятлар ва зўравонлик авж олаётган ҳолатларнинг аксарияти айнан қўшни давлатлар ўртасида юз бермоқда. Шу ўринда, жумладан, парламент дипломатияси доирасида Марказий Осиё бундай ҳолатлардан холи бўлиб қолаётганлигини таъкидлаш лозим.

Албатта, турли даврларда тўқнашувлар содир бўлган, чегара масалалари, сув-энергетика муаммолари, транспорт ва алоқа соҳасидаги мураккабликлар, хавфсизликка оид таҳдидлар вазиятни оғирлаштирган. Лекин минтақа давлатлари лидерларининг сиёсий иродаси ва парламентарийларининг изчил муносабатлари натижасида Марказий Осиёда ижтимоий йўналтирилган конструктив, яхши қўшничиликка асосланган ва ўзаро манфаатли муносабатларни босқичма-босқич барпо этилмоқда. Бу ёндашувнинг замирида ўзаро ишонч ва ҳурмат, умумий манфаатларни ҳисобга олиш ва тан олиш ётади.

Бутун дунё парламентарийларини қамраб олган мазкур анжуманда ёшларнинг форумлари, аёл депутатларнинг учрашувлари, сунъий интеллект масалалари, болалар ҳуқуқи ва иқлим масалалари бўйича ҳам алоҳида-алоҳида тадбирлар ўтказилмоқда. Иштирокчилар глобал муаммоларни ҳал этишда парламентлар ролини кучайтириш бўйича илғор тажрибани алмашиш имконига эга бўлмоқда.

Анжуман самарали мулоқот ва муҳим қарорлар қабул қилиш учун қулай майдон бўлиб хизмат қилади. Чунки Парламентлараро Иттифоқ дунёнинг 181 мамлакатини қамраб олган. Бундай қамрови кенг муқобил тузилмалар ўзи дунёда унча кўп эмас.

Ҳозирги мураккаб замонда ижтимоий адолат, тенглик ва барқарор тараққиётга эришиш ҳар бир давлат, жамият учун муҳим вазифага айланди. Шу маънода, Парламентлараро Иттифоқнинг Марказий Осиё тарихида илк бор Тошкент шаҳрида ўтаётган 150-юбилей ассамблеяси Ўзбекистон учун муҳим сиёсий-ижтимоий воқелик саналади. Бу мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ислоҳ этиш дастурларининг самарасини кенг халқаро жамоатчиликка етказиш учун ҳам қулай майдон ва имкониятдир.

Мамлакатимиз сўнги йилларда ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлаш борасида улкан ютуқларга эришди. Жумладан, 102 турдаги ижтимоий хизмат маҳалла даражасига туширилди. Натижада ногиронлиги бор болалар учун мунтазам парваришлаш хизмати йўлга қўйилиб, кўплаб ота-оналарнинг ишлашига шароит яратилди. Ҳаракатлана олмайдиган 4000 нафар ёлғиз кексага ўз уйида ижтимоий хизмат кўрсатилмоқда. Маҳаллаларда 95 минг муҳтож одамга ижтимоий ходим орқали ёрдам берилди. 51 минг кишига ногиронлик белгиланди ва имконияти чекланган 5000 бола боғча-мактабга жойлаштирилди.

Мамлакатнинг ҳар бир фуқароси эътиборда экани ижтимоий тенглик ва ижтимоий адолат тамойили амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳаётий тасдиғини топмоқда. Айниқса, хотин-қизлар ҳуқуқи ва манфаатини тўлиқ таъминлаш, қадр-қимматини улуғлаш давлат сиёсатида етакчи масалага айланди.

Мазкур халқаро анжуманнинг мамлакатимизда ўтиши жаҳон парламентаризми тарихидаги муҳим босқич – инсон қадрини устувор қўядиган янги сиёсий йўл ушбу заминдан бошланаётганини яна бир бор таъкидлайди.

 

Одилжон ИМИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият,

спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш