АҲОЛИ БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ

20 дан ортиқ масала ижобий ҳал қилинди ҳамда электоратимиз вакилларининг бир гуруҳи қўллаб-қувватланди

Термиз шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан “Аҳоли билан мулоқот: муаммо, ечим ва самара” мавзусида очиқ мулоқот ташкил қилинди. Мутасаддилар, фаоллар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда асосий диққат-эътибор аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф қилишга қаратилди.

- Учрашувни ташкил қилингани айни муддао бўлди, - дейди “Байналминал” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Акрам Раҳмонов. – Юртдошларимиз узоғи яқин, оғири енгил бўлганидан мамнун. Ҳудудимизда 4 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилса, икки кун электр энергияси таъминотида узилиш бўлганди. Кўпчиликни қийнаган масала қисқа фурсатда ечим топганидан хурсандмиз.

- Мен ҳам “Байналминал” маҳалласида истиқомат қиламан, - давом этади Анора Номозова. – Сув қувури ёрилганидан азият чекаётгандик. Муаммо юзасидан бир неча марта мутасаддиларга мурожаат қилдик. Афсуски, фойдаси бўлмаяпти.

- Қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани учун ҳақиқатан ҳам узилишлар бўлди, - дейди Термиз шаҳар “Сувоқоқа” унитар корхонаси бош муҳандиси Атҳам Жўраев. – Бир ҳафта ичида қувурлар тўлиқ таъмирланади ҳамда аҳоли ичимлик сувидан баҳраманд бўла бошлайди.

Тадбир давомида шу каби 30 га яқин мурожаат қабул қилинган бўлса, уларнинг асосий қисми жойида ечим топди. Самимий ва ошкора руҳда ўтган учрашув якунида ижтимоий ҳимояга муҳтож бир гуруҳ электоратимиз вакилларига қўлтиқтаёқ, ногиронлик аравачалари ҳамда Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят Кенгашининг қимматбаҳо совғалари топширилди.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ

← Рўйхатга қайтиш