Ўзбекистон-Малайзия: ривожланишнинг янги босқичида
Ўзбекистон-Малайзия: ривожланишнинг янги босқичида

 

Мамлакатимиз янгиланиш даврига қадам қўйган биринчи кунлардан бошлаб очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат юритиш, дунёдаги барча тараққийпарвар мамлакатлар, айниқса, қўшни давлатлар билан яқин дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратмоқда. Ўтган тарихан қисқа даврда юртимизнинг Марказий Осиё минтақаси ва жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи кескин ошди. Дунёда Янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш тамойиллари кучайди.

Ўзбекистон ушбу жараёнда халқни, давлатнинг манфаатидан келиб чиқиб, қайси давлат билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга имкониятлар бўлса, мана шу имкониятлардан жуда фаол фойдаланиб, дунёнинг турли чеккаларидаги мамлакатлар билан, турли масалаларда ҳамкорликни йўлга қўйиб келмоқда.

Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги муносабатлар узоқ тарихга бориб тақалсада, сўнгги 17 йил ичида илк бор Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим ўтган йили май ойида мамлакатимизга расмий ташрифни амалга оширди ва бу олий даражадаги ташриф деб баҳоланиб, икки томонлама муносабатлар тарихда янги даврни бошлаб берди.

Мамлакатларимиз географик жиҳатдан бир-биридан олис бўлишига қарамай, транспорт ва логистика имкониятлари кенгайиб бормоқда. Пойтахтлар ўртасида деярли ҳар куни тўғридан-тўғри авиақатновлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробар ошди, Ўзбекистон ҳудудида Малайзия капитали иштирокидаги қўшма корхоналар сони 37 тага етди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Малайзияга расмий ташрифи давомида, иқтисодиёт, маданият, энергетика, таълим ва рақамли технологиялар соҳалари ҳамда “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишда, ушбу ташриф самарали ҳуқуқий базани шакллантиришга имконият яратди.

Малайзия Ўзбекистоннинг муҳим инновацион ва технологик ҳамкоридир. Ташриф давомида Ўзбекистон-Малайзия иқтисодий ҳамкорлиги янги моделининг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Булар – нефть-кимё ва кимё, электроника ва яримўтказгичлар саноати, инновацион саноат, "ақлли" қишлоқ хўжалиги, "яшил" энергетика, зиёрат туризми ва бошқалардан иборат.

Шунингдек, иккала давлатнинг ҳам ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг драйвери ҳисобланган рақамли иқтисодиёт ёки рақамли трансформация соҳасини ривожлантиришга ҳам устуворлик берилди. Мисол учун, Ўзбекистон ҳам сўнгги йилларда биргина IT парклар ёки IT соҳасида мутахассисларни тайёрлаш борасида катта ютуқларга эришди. Бугунги кунда Ўзбекистон экспортида IT маҳсулотларини улуши ҳам тобора ортиб бормоқда. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги истиқболли лойиҳалардан бири сунъий интеллект, электроника ва яримўтказгичлар саноатида узоқ муддатли ҳамкорликни кенгайтиришдир.

Маълумки, Малайзия ривожланишининг асосий омиллардан бири бу хорижий инвестицияларни ярим ўтказгичлар саноатига киритилганини айтиш мумкин. Ярим ўтказгичлар электроника саноатнинг асосий хом ашёси ҳисобланган. Малайзияда ярим ўтказгичлар стратегик саноатини ривожлантириш иқтисодиётнинг ривожланишига туртки берган. Бу саноатни ривожлантиришда Малайзия 32 миллион кишилик ички бозорига эмас, балки ташқи бозорларга йўналтирилганлигини таъкидлаш керак.

Мамлакатимизда ҳам электротехника саноати соҳасида яратилган шароитлар натижасида сўнгги етти йилда республиканинг йирик маҳаллий саноат тармоғига айланди, тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2 баробарга, экспорт ҳажми 7 баробарга ўсди ва географияси 63 та давлатга етди.

Етакчилар томонидан 2025-2026 йилларни Ўзбекистон-Малайзия шериклигини инновацион ривожлантириш даври деб эълон қилиниши, юртимизда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга имконият беради. Бунинг натижасида кўплаб янги иш ўринлари яратилади.

Ташриф якунлари бўйича кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида Қўшма баёнот имзоланди. Шунингдек, юқори технологик лойиҳаларни илгари суриш мақсадида юртимизда Ўзбекистон – Малайзия саноат зонаси ташкил этишга келишилди. Ўтказилган бизнес форум давомида умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд 19 та инвестиция битими имзоланди.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш