Бирлашиш ва талабларга қатъий риоя қилиш билангина офатни тезроқ енгишимиз мумкин
Бирлашиш ва талабларга қатъий риоя қилиш билангина офатни тезроқ енгишимиз мумкин

 

«Navoiyazot» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Баҳодир Шариповнинг мурожаати

Одамзод борлиқдаги жамики мавжудотнинг энг олийси сифатида яратилган. У барча жонзотлар – ҳайвонот дунёси ва ўсимликлар билан ёнма-ён яшаб келмоқда. Яратган томонидан инсонга табиатнинг барча бойликлари – ноз-неъматлар, сув, ҳаво тортиқ қилинган. Давр ўтиши билан инсоният тафаккури ҳам ривожланиб, унинг табиат ва жамиятга нисбатан назари ўзгариб борди. Мисли кўрилмаган ихтиролар, кашфиётлар дунё юзини кўрди. Айниқса, фандаги муваффақиятлар кишини ҳайратга солади.

Лекин, кишилик тарихидан маълумки, тафаккур тараққий этиши билан бирга, инсонда табиий ресурсларга эгалик ҳисси ҳам ортиб борди. Шу аснода кишилар бирлашиб, давлатларни ташкил этишди. Турли жамиятлар шаклланди. Бойликка эгалик қилиш, дунёни бўлиб олиш ҳисси пайдо бўлди. Катта ресурсларга эга бўлган давлатларда дунёга ҳукмронлик қилиш, кучсиз давлатларни ўзига бўйсундириш, қолаверса табиат бойликларига мутлақ эга бўлиш кайфияти турли урушларни келтириб чиқарди.

Улар оқибатида миллионлаб одамлар бевақт қурбон бўлди, жамиятга, табиатга катта салбий таъсир етди. Урушлар оқибатида вайронагарчилик, қашшоқлик, касалликлар вужудга келди, табиий мувозанат издан чиқди.

Атроф-муҳитга нисбатан бешафқат муносабат ўз аксини бериши ва Яратган томонидан жазоланиши тарихдан маълум. Манбаларда битилишича, ўтган асрлар давомида бир неча марта табиий офатлар юз бериб, номаълум касалликлар тарқалган ва саноқсиз инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган. Бугун ҳам инсоният яна бир синовни бошидан кечирмоқда.

Ўтган йил ибтидосида, дастлаб Хитойда аниқланган янги – «коронавирус» («CoViD-19») инфекцияси, уч ойдирки, дунё ҳамжамиятини таҳликага солиб турибди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти уни пандемия, дея эълон қилди. Манбаларга таянадиган бўлсак, бу инсоният тарихидаги 18-пандемия ҳисобланади. Пандемиянинг муайян минтақада тарқалган юқумли касаллик – эпидемиядан фарқи шундаки, у бутун ер шари миқёсида ёппасига тарқалувчи офатдир.

Ўзбекистонда ҳам одамлар соғлиги – халқимизнинг асосий бойлиги экани ҳукуматимизнинг тизимли тадбирларида ўз аксини топяпти. Инфекция юртимизга кириб келган дастлабки куниёқ давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан мактабгача ва ўрта таълим мактаблари ёпилди, давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимларининг 50 фоиздан ортиғи ҳақ тўланадиган таътилга чиқарилиб, қолган ишловчиларга уйларидан туриб ишлашга рухсат этилди. Шу билан бирга, қанчалик оғир бўлишига қарамай иқтисодиёт тармоқларига қўшимча имтиёзлар берилмоқда.

Халқаро экспертларнинг фикрича, муҳтарам Президентимизнинг узоқни кўра билиши натижасида алоҳида жамғарма тузилиб, ижтимоий ва тиббий муҳофаза кучайтирилгани айрим давлатларга қараганда вирусни кенгроқ жиловлаш имкониятини яратди. Қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, ҳолатни яхшилаш учун ҳаракатлар, реал ҳолат очиқ-ойдин таҳлил этилаётгани минг-минглаб юртдошларимизнинг хавфсизлиги, соғлигини таъминлашга хизмат қиляпти. Аммо вирус кенг тарқалишининг олдини олишга доир тавсиялар, мутахассислар маслаҳатига тўла амал қилмаётганимиз оқибатида ушбу касалликка чалинганлар сони ошиб боряпти. Бугунгача уларнинг сони 180 нафардан ортди. 15,5 мингга яқин юртдошимиз шифокорлар назоратида сақланмоқда. Қарийб 51 минг киши ўз уйида кузатув остида. Ушбу рақамлар ҳар биримизни ўйлантириш ва тўғри хулоса чиқаришга ундаши лозим.

Азиз юртдошлар!

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз коронавирус инфекцияси юртимиз бўйлаб кенг тарқалишининг олдини олишга доир қатор қатъий тизимли чоралар кўраётган, халқни бирдамликка чорлаётган бир пайтда айрим юртдошларимиз турли тантаналардан тийилмаяптилар. Шунингдек, кўчаларда сайр қилиб юришни ўзларига эп кўрмоқдалар.

Тан олиш лозим, тиббиёт ҳали ривожланмаган даврларда ҳам аҳоли турли касалликлардан, асосан, беморларни ажратиб қўйиш (изоляция), тозаликка қатъий риоя қилиш, тўғри ва покиза овқатланиш, одамларнинг чилла сақлаб, уйларидан чиқмаслиги (карантин – италянчадан таржима қилинганда «қирқ кун ва қирқ тун» деган маънони англатади), жамоавий ибодатлардан тийилиш, сабр-тоқатли бўлиш, ваҳимага тушмаслик каби усуллар билан асраб қолинган.

Тез орада CoViD-19 инфекциясининг антибиотиги ҳам топилади. Агар бир ёқадан бош чиқариб, ишда ва ундан ташқари вақтда карантин шартларига қатъий риоя этсак, интизомли ҳаракат қилсак бу пандемияни енгамиз. Мутахассисларнинг маслаҳатларига риоя қилишимиз, бир-биримиз билан бевосита алоқаларни камайтиришимиз, ҳимоя воситаларидан самарали фойдаланишимиз, ваҳимага берилмаслигимиз, бир-биримизга меҳр-мурувват кўрсатишимиз пандемияни енгишимиз учун асос бўлади.

Халқимизнинг зукколиги, сабр-тоқат, меҳр-мурувватлилик сифатлари бу синовдан тез кунларда эсон-омон ўтишимизга ёрдам беради. Зиммамиздаги масъулият нафақат ўзимиз, балки оила аъзоларимиз, яқинларимиз, қўни-қўшнилар саломатлиги, уларнинг хавфсизлиги билан бевосита боғлиқдир. Карантин талабларига қатьий риоя қилиб, жиддий тартиб-интизом намуналарини кўрсатсак, албатта, вазиятни тезда барқарорлаштириб олишимиз тайин.

Бунинг учун биздан кўп нарса талаб қилинмайди. Фақат аҳил, иноқ бўлиб, интизом билан амалдаги тартибга, шахсий гигиена талабларига қатьий амал қилсак, имкон қадар уйда ўтириб, одамлар билан камроқ муносабатда бўлсак, албатта, бу бало тез кунларда юртимиздан чекинади. Огоҳлик, эҳтиёткорлик талаб этилаётган айни синовли кунларда ҳар бир кимёгар, бутун халқимиз ўзининг ватанпарварлиги, матонатини кўрсатиб, катта сабр эгасига айланиши шарт. Бу билан синовли кунларни ортда қолдириб, янги ёруғ кунлар, марралар сари залворли қадам ташлаймиз. Муҳтарам Президентимиз ўз мурожаатларида таъкидлаганларидек, «Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади. Бунинг учун, биринчи навбатда, шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарур. Касалликни яширмасдан, ўз вақтида мурожаат қилиш унинг олдини олишда энг самарали чорадир.»

Имоним комил, биз бунга қодир халқмиз. Ўзимиз ва ўзгалар саломатлигига бефарқ эмасмиз. Бирдамлик ва ҳамжиҳатликда, давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз атрофида янада мустаҳкам жипслашган ҳолда, ушбу коронавирусни енгиб ўтамиз. Чунки қуёш тафтида меҳрдан тобланган бу замин инсонлари кучли ва қудратлидир.

← Рўйхатга қайтиш