Қуйи палата мажлисида Давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда кўп сонли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқликда ягона оила бўлиб яшаб келаётгани, бугунги кунда уларнинг ҳам давлат ва жамият бошқарувидаги фаоллиги ошиб бораётгани хусусида муҳим фикрлар билдирилди.
Президентимиз сайловлар якунлари бўйича парламент қуйи палатасида кам сонли миллат вакиллари улуши 12,5 фоизга етгани, бу эса жуда катта инклюзивлик ва ўзбек халқининг бағрикенглиги намунаси бўлаётганини алоҳида қайд этди.
Дарҳақиқат, юртимиз азалдан турли миллат ва элат вакиллари тинч-тотувликда яшаган, турли халқлар маданиятлари уйғунлашган макон ҳисобланади. Бугун ҳам мамлакатимиздаги янгиланиш жараёнларида миллатлараро тотувликни таъминлаш, жамиятимизда ижтимоий барқарорлик, ўзаро меҳр-оқибат, инсон шаъни, қадр-қимматини улуғлашга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Ҳозирда юртимизда яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари Конституция ва қонунларимиз тақдим этган тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳада, илм-фан ва маданият йўналишларида самарали меҳнат қилишмоқда. Ватанимиз равнақи, республикамизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишга ҳисса қўшиб келишмоқда.
Шундай экан, бу борада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар замирида жамиятда турли миллатлар вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни таъминлаш, диёримиздаги барча миллат ва элат вакилларини аҳил бир оилага бирлаштириш ғоялари устувор ҳисобланади.
Мажлисда давлатимиз раҳбари депутат ватанига содиқ, ватанини, инсонларни яхши кўрадиган, виждонли одам бўлиши кераклигини таъкидлади. Бу биз депутатларга куч бериб, янги ташаббусларга руҳлантиради. Ана шундай катта шижоат, интилувчанлик, янгича ёндашув асосида иш бошлашга ундовчи сўзлар ҳаётим ва фаолиятимда менга дастуриламал бўлишига ишонаман.
Сайёра ИМОМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.