Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Ойбарчин Абдуллаева саховат йўлида олиб борилаётган эзгу ишларга бош қўшди. У куни кеча Олтинсой туманидаги 2-жаҳон уруши қатнашчиси, 1924 йилда туғилган Содиқ бобо Нарзуллаев хонадонида бўлди. Бугунги тинч ва фаровон кунлар учун курашган отахондан ҳол-аҳвол сўраб, оилага озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда антисептик воситалар жамланмасини топширди.
Шундан сўнг Ойбарчин Абдуллаева тумандаги «Жилибулоқ» маҳалласида умргузаронлик қилаётган 115 ёшни қаршилаган онахон Ҳайитой ая Тўраева хонадонида бўлиб, табаррук ёшли онахонга аталган совғаларини топширди.
1905 йилда таваллуд топган Хайитой аянинг 5 нафар фарзанди, 56 нафар невараси, 79 нафар чевараси, 18 нафар эвараси бор. Онахон "Шуҳрат" медали билан тақдирланган. Олтинсой тумани ҳокими Алишер Джумаев ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовлар ҳам табаррук ёшдаги момонинг аҳволидан мунтазам хабарлашиб туришади.
Депутатнинг келганини эшитган онахон хурсандчилигини яширолмади. Улар узоқ суҳбат қуришди. Ҳаёт синовлари, уларни енгиб ўтиш учун халқимизнинг иродаси кучли эканини онахон бот-бот такрорлади.
– Бирдамликда гап кўп. Бир-биримизга елкадош бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, кўпга келган ҳар қандай офатни, касалликни енгамиз, албатта. Фарзандларимга, невараларимга шу бўйича ҳар куни насиҳат бераман, – дейди онахон.
Ойбарчин Абдуллаева шу куни Олтинсой туманида туман ҳокими Алишер Джумаев ташаббуси билан бошланиб, қизғин давом эттирилаётган «Биз коронавирусга қарши биргаликда курашамиз!» акциясига қўшилиб, аҳоли гавжум жойларда ҳимоя ниқобларини тарқатди.
Депутат О. Абдуллаева шундан сўнг АТ «Халқ банки»нинг Олтинсой филиалига бориб, коронавирусга қарши курашиш учун очилган Ўзбекистон «Меҳр-шафқат ва саломатлик» фондининг ҳисоб рақамига ўз пластик картасидан маблағ ўтказди.
Сайловчилар билан учрашувлар давомида ваҳимага берилмаслик, саломатликни асраш, қоида ва талабларга қатъий риоя қилиш, бу ҳар биримиз, оиламиз ва халқимиз учун муҳимлиги бўйича кенг тушунтириш ишларини олиб борди.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати.