бу борадаги позицияни қатъий ҳимоя қиламиз...
Ўзбекистон ХДП мамлакатда ижтимоий ислоҳотлар изчил олиб борилиши тарафдоридир. Шу мақсадда партия жамият ва давлатнинг алоҳида қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд аҳоли қатлами манфаатини ҳар томонлама ҳисобга олиш, ифодалаш ва ҳимоя қилиш ғоясини илгари суриб келмоқда. Партиянинг янги дастури ва Сайловолди дастури лойиҳасида ҳам шу ғоя устуворлик қилмоқда.
Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан Навоий вилояти Навоий шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг янги Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган амалий семинар ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, ЎзХДП Навоий вилояти кенгаши масъуллари, туман, шаҳар кенгаши раислари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамда партия аъзолари иштирок этишди.
Тайёрланаётган Сайловолди дастурида нималар акс этган?
Семинарни Ўзбекистон ХДП Навоий вилояти Кенгаши раиси Мақсуд Нуруллаев очиб берди.
– Бу йилги сайловлар янги ҳуқуқий шароитда ўтказилади. Демократик ислоҳотлар чуқурлашиб, сиёсий партиялар ўртасида рақобат муҳити кучайган ҳозирги шароитда сиёсий партиялар зиммасига катта масъулият турибди, – деди у. – Албатта, партиянинг дастури ва Сайловолди дастури ҳар томонлама пишиқ ва пухта бўлиши, электоратни ўйлантираётган муаммоларни ўзида акс эттириши талаб этилади. Партиямизнинг янги Сайловолди дастур лойиҳасига кўра, партия сиёсий позициясининг асоси ижтимоий ҳимоя тамойилидан келиб чиқади. Яъни, Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатнинг барқарор ривожланиш йўлларини белгилашда, давлат ва жамият томонидан ижтимоий ҳимоя ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатламининг манфаатларини ҳисобга олиш зарур, деган қарашни илгари суради.
Сайловолди дастур лойиҳасига кўра, партиямиз пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда аҳолининг бошқа заиф қатламларига пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларни белгилаш 2030 йилгача Барқарор ривожланиш бўйича Миллий мақсадлар ва вазифалардаги мезонларга асосланиши кераклигини илгари сурмоқда. Бунинг учун бир қатор вазифаларни амалга ошириш керак.
Масалан, аҳоли турмуш даражасини белгилашда, ижтимоий сиёсат ва давлат ижтимоий дастурларини ишлаб чиқиб жорий этишда, шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларнинг энг кам даражасини белгилашда халқаро ҳамжамиятда умумқабул қилинган кўрсаткичлар, яъни яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси ҳамда уларни қўллаш тартибини амалиётга киритиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг “Яшаш минимуми тўғрисида”ги ва “Истеъмол саватчаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиб, қабул қилиш бўйича муҳим таклифларни илгари суряпмиз.
Фуқароларда савол туғилиши мумкин? Нега айнан ушбу ғоялар, нега айнан ушбу мақсадлар танланган? Мазкур ғоялар ҳаётга татбиқ этилиши жамиятимизда ижтимоий барқарорликни таъминлайди. Ислоҳотларни амалга ошириш, ривожланиш учун барқарор ижтимоий вазиятни тақдим этади. Энг муҳими, ушбу ғоялар, партиямиз ҳимоя қилаётган ижтимоий қатлам манфаатидан келиб чиқиб белгиланган.
– Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат ва жамият олдида турган энг муҳим вазифалардан ҳисобланади. Чунки одамларнинг турмуш тарзи, кайфияти, амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қандай бўлиши, аввало, улар қай даражада ижтимоий ҳимояланганлиги билан бевосита боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, партиямиз янги дастури ва Сайловолди дастури лойиҳасида аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи асосий устувор йўналиш этиб белгилади, – деди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов. – Сайловолди дастури лойиҳасида барча учун фаровонликни таъминлайдиган, ижтимоий-иқтисодий барқарор давлатни барпо этишга қаратилган бир қатор вазифаларни илгари сурилмоқда.
Ҳаммамиз яхши биламиз, кишиларнинг яхши яшаши ва муносиб турмуш шароитига эга бўлишида коммунал соҳа ривожи муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун партия Сайловолди дастурида бу йўналишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Унда қайд этилишича, коммунал хизматларни амалга оширувчи ташкилотларнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган йўқотишларини қоплаш мақсадида, нарх-наво ва тарифлар оширилиши ҳолатларига йўл қўймаслик учун маълумотлар очиқлигини таъминлаш ҳамда коммунал хизматларга ўрнатилган тарифлар устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш лозим.
Кимда қандай таклиф бор?
Амалий семинарда партиянинг янги дастури ва Сайловолди дастури кенг муҳокама этилди. Ушбу муҳим ҳужжатларни янада такомиллаштириш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётидан келиб чиқиб, халқимиз эҳтиёжларига яқинлаштириш бўйича таклифлар берилди.
Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати Назира Тоғаеванинг фикрича, Сайловолди дастурига бугунги кунда фойдаланилмаётган касб-ҳунар коллежлари биноларини ижтимоий соҳа вакилларига уй-жой қилиб бериш ҳамда уларни қўллаб қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан имтиёзли уйлар ажратилиши керак. Бу фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бўлим бошлиғи, партия фаоли Отабек Сафаровнинг таклифига кўра, Сайловолди дастурида ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан тақдим этиладиган протез ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари сифатини яхшилаш керак. Бунинг учун бюджет ҳисобидан кўпроқ маблағ ажратиш, ушбу буюмларни биржадан эмас, айнан тадбиркорлардан ўзаро шартнома асосида сотиб олиш масаласига алоҳида аҳамият қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади. Республикада сифатли протез ортопедия буюмлари қиммат эканлигини инобатга олиб, тижорат банклари томонидан мазкур буюмларни сотиб олиш учун фоизсиз, узоқ муддатли кредитлар ажратиш лозим. Бу жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон ХДП Қизилтепа туман Кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Фазлиддан Темировнинг таклиф кўпчиликка маъқул бўлди:
– Бир оилада 2 ва ундан ортиқ фарзанд олий таълим муассасаларида шартнома асосида ўқийди. Бир томонда рўзғор, бир томонда шартнома пули... Бу албатта, ота-онани қийнаб қўяди. Демак, бундай оилаларга шартнома тўловида имтиёз яратиш керак. Шунингдек, республика бўйича шартнома тўловларида тафовут бўлган олий таълим муассасалари мавжуд. Аммо, стипендия пуллари бир хил. Ана шу масалани ҳам ўйлаб кўрсак, мақсадга мувофиқ бўлади, менимча, – деди у.
Маърузалардан сўнг иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича ўзаро фикр алмашишди. Партиянинг янги дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаси бўйича таклифлар умумлаштирилиб, экспертлар гуруҳига тақдим этиладиган бўлди.
Семинар сўнгида партия фаоллари, депутатлар Навоий вилоят ногиронлар реабилитация марказининг моддий-техник таъминоти, муассасада яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди. Протез ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари билан таъминланиши ҳамда санитария гигиена ҳолати ўрганилди. Тизимдаги муаммолар аниқланди ва уларнинг ечимлари бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.
ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати.