Инсонпарварлик тамойилига кўра
Инсонпарварлик тамойилига кўра

 

Кексалар ҳаётини минимал ижтимоий кафолатлар даражасида таъминлаш ҳар бир давлатнинг, унинг ривожланганлик даражасидан қатъи назар, бош вазифаси ҳисобланади. Худди шундай, юртимизда иқтисодиётни эркинлаштиришнинг ҳозирги босқичида фаол ижтимоий сиёсатни амалга ошириш янгича амалий ва самарали шаклларни қўллашни тақозо этмоқда. Бу эса аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини қондириш ҳамда жамият табақалашувини юмшатишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида эҳтиёжманд қатлам вакиллари қаторида пенсионерларнинг, ёлғиз кексаларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришларини таъминлаш учун уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни изчил ривожлантириш назарда тутилган. Бунда давлат томонидан кафолатланган пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш, йил сайин сафи кенгайиб бораётган пенсионерларимиз турмуш фаровонлигини яхшилаш масаласига алоҳида урғу берилган.

Тўғри, ҳозирги вақтда аҳолининг демографик хусусиятларини ҳисобга олиб, ижтимоий адолат тамойиллари асосида пенсия таъминоти соҳаси тартибга солинмоқда. Шу билан бирга бу тизимда ечимини кутиб турган муаммолар ҳам борки, уларни ҳал этишда давлат билан бир қаторда нодавлат институтлар, сиёсий партиялар ташаббускор бўлиши керак.

ХДП Сайловолди дастурида пенсия таъминотини такомиллаштириш учун хақчил ва халқчил ғояларни таклиф қилади. Хусусан, пенсияга чиқиб, камида беш йил ишлаб, даромад солиғи ва ижтимоий солиқни тўлаган пенсионерлар учун муқаддам тайинланган пенсияни қайта ҳисоблаб, оширилган миқдорда тайинлаш имкониятини бериш, юз ёшдан ошган нуронийларимиз учун “13-пенсия” тизимини жорий этиш ижтимоий ҳимоя талаб инсонларга жуда катта мадад бўлиб, халқимизда ислоҳотлардан розилик ҳиссини оширишга олиб келади.

Муҳими, ҳозирда амалда бўлган пенсия ёшини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш бўйича сиёсатни давом эттиришни биз ҳар тарафлама мақбул ечим сифатида кўрмоқдамиз.

Кексаларга ажратилаётган моддий-ижтимоий ёрдам маблағлари манзилли ва мақсадли етиб бориши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш эса соҳада қонун талабларига сўзсиз риоя этилишини, шаффофликни таъминлашда давлат билан бир қаторда жамоатчилик ҳам бирдек масъул эканини англатади.

 

Дилноза МУРАТОВА,

Халқ демократик партиясидан кўрсатилаётган номзод.

«Ўзбекистон овози», 18.09.2024, №37 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш