Коронавирусдан ҳимоя: Намангандаги ҳолат назорат-таҳлил тартибида ўрганилди

 

Мамлакатимизда коронавирусдан хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам ҳудудларда бўлиб, бу борада олиб борилаётган ишларни назорат-таҳлил тартибида ўрганмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов ўзи депутат этиб сайланган Наманган вилоятига бориб, коронавирус кириб келиши, тарқалишининг олдини олиш билан боғлиқ жараёнларни жойларга чиқиб, атрофлича ўрганди.

Маълумотларга кўра, жорий йил 1 февралдан буён Наманган вилояти ҳудудига хориждан кириб келганлар 759 нафарни ташкил этади (680 нафари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари).

Вилоят ҳудудига кириб келган бошқа давлатлар фуқаролари 79 нафар бўлиб, улар ҳам тиббий кўрикдан ўтказилиб, тегишли тартибда назоратга олинган.

Хориждан қайтган барча юртдошларимизнинг ҳар бирига ва уларнинг оила аъзоларига патронаж ҳамширалари ва ҳудуд шифокорлари бириктирилиб, белгиланган тартибда тушунтириш ишлари олиб борилган, гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш зарурлиги тушунтирилган. Фуқаролардан 1 кунда 2 марта хабар олиниб, тиббий кузатув йўлга қўйилган.

Бугунги кунга қадар ушбу фуқароларда касаллик белгилари аниқланмаган. Касаллик аниқланган тақдирда қандай тезкор маълумот берилиши бўйича механизм ишлаб чиқилган.

Шунингдек, Наманган вилоятининг 2 та туманидаги чегара пости ва Наманган Халқаро аэропортида вилоятга кириб келаётган фуқароларни тиббий текширувдан ўтказиш мақсадида масъул врачлардан иборат тиббий пунктлар ташкил этилган ва керакли тиббий жиҳозлар билан таъминланган.

Аҳоли орасида жамоат жойларида, таълим муассасаларида ва барча корхона ташкилотларда фуқароларни ҳимоя воситаларидан фойдаланиш тавсия этилмоқда.

Вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши билан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан дори-дармонлар, дезинфекцияловчи ва махсус ҳимоя воситалари тиббиёт муассасаларига етказилган.

Вилоятдаги барча ташкилот, корхона ва муассасаларда инфекцияга қарши дезинфекция тадбирлари олиб борилмоқда. Коронавирус инфекцияси профилактикаси юзасидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тушунтириш-тарғибот ишлари фаол йўлга қўйилгани аниқланди.

Назорат-таҳлил жараёнида мутасадди ташкилотлар ва мутасадди ходимлар коронавирусдан ҳар томонлама хавфсизлик чораларини ўта тартибли ва сифатли амалга ошириш, бу борада масъулиятни янада кучайтириш зарурлиги тушунтирилди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш