Қонуний ечимга муҳтож
Қонуний ечимга муҳтож

 

Ўзбекистон-2030” стратегиясида тараққиётга элтувчи йўналишлардан бирибарқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашда уй-жой сиёсатига ҳам муҳим ўрин берилган.

Бу бежиз эмас. Юртимизда демографик кўрсаткичларнинг жадал ўсиб бораётгани, қолаверса, халқимиз шахсий уй-жойга эга бўлишни муносиб ҳаёт кечиришнинг асосий шартларидан деб билиши айни масалага узоқни кўзлаган ҳолда пухта ёндашувни талаб қилмоқда.

 

Инсонпарварлик тамойиллари билан йўғрилган Бош қомусимизда ҳам ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи қатъий белгилаб қўйилганки, бу норманинг амал қилиши пировардида ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилалар манфаатини таъминлаб, одамларимизнинг бугунги кундан, олиб борилаётган ислоҳотлардан розилик даражасини оширишга, жамиятда некбин кайфиятнинг ҳукм суришига замин яратади.

Чиндан ҳам инсоннинг ҳаётий эҳтиёжлари, энг аввало, муқим ва қулай бошпанага эга бўлишдан бошланади. Уйинг бўлса, ўйинг бўлмайди, дейди кўпни кўрган нуронийларимиз. Кўнгил тинчлиги, рўзғорнинг бутлиги, ҳаётдаги ҳаловатни уй-жойсиз тасаввур қилиш мушкул.

Айнан шу омиллар сўнгги етти йилда уй-жой қуриш соҳасида туб ўзгаришларга туртки берганини бугун республикамиз шаҳар ва қишлоқ туманларида қад ростлаган ҳамда қад ростлаётган юзлаб, минглаб замонавий турар жойлар мисолида яққол кўриб турибмиз.

 

Рақамлар ортидаги ҳақиқатлар

Уй-жой сиёсати дунё миқёсида глобал мавзулардан бири, десак янглишмаймиз. Чунки аксарият давлатларда уйсизлик ўткир ижтимоий муаммо сифатида бўй кўрсатмоқда. Ҳозирда сайёрамизда миллионлаб инсонлар вақтинчалик бошпаналарда, қочқинлар лагерларида ва бошқа муваққат манзилларда, ноқулай шарт-шароитларда кун кечираётгани ҳамда улар сони тобора ошиб бораётгани барчамизга маълум. Яна бир миллиард одам росмана уйсиз экани, 150 миллионга яқин болалар кўчада яшаётгани аниқ рақамларда келтирилмоқда. 2050 йилга бориб уйсизлар сони уч миллиардга етиши тахмин қилиняпти. Уйсизлик муаммоси асосан арзон турар жойлар етишмаслиги, қашшоқлик, ишсизлик, оилаларнинг бузилиши, гиёҳвандлик каби ижтимоий-иқтисодий оқибатлар билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, бу муаммо ривожланган давлатларни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Ушбу ўлкаларда жуда абгор аҳволдаги бутун бир бошли уйсизлар манзиллари бор.

Мамлакатимизда эса, юқорида келтирганимиздек, уй-жой қурилиши кўлами шитоб билан кенгайиб бораётгани одамларимиз учун янги-янги имкониятларни яратиб бермоқда. 2017 йилдан 2023 йилга қадар юртимизда нақд 326 мингта янги уй-жой қурилиб фойдаланишга топширилгани, тарихан кўз очиб-юмгулик бу вақт ичида аҳолининг уй-жой билан таъминланганлик даражаси жон бошига 18 фоизга ошгани бунинг исботидир. 2024 йилда эса яна 2 минг 152 та кўп қаватли уй-жой барпо қилиб, 100 мингдан зиёд хонадонни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Шу билан бир қаторда республикада 53 та “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этилмоқда. Жорий йил охиригача ушбу массивларда 31,4 минг хонадондан иборат 767 та кўп қаватли уй, шунингдек, 13,5 минг ўринли 60 та мактабгача таълим ташкилоти, 48 минг ўринли 44 та умумтаълим мактаби ва 33 та оилавий поликлиника қурилиши давлат дастурларига киритилган. Ўз навбатида уй-жой қураётган пудрат ташкилотлар айланма маблағи учун бюджет ҳисобидан тижорат банкларига 2023 йилда 192 млрд сўм, 2024 йилда эса 500 млрд сўм ажратилган.

Бу рақамлар, шубҳасиз, Ўзбекистонда уй-жой сиёсати тизимли йўлга қўйилгани, уйсизликни, камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари долзарб вазифаларнинг олд қаторида тургани, алалоқибат, одамларимизнинг турмуш сифати ва даражасини оширишга устувор эътибор қаратилаётганини далиллайди.

 

Рақобат-ку бор, аммо...

Глобал бозор ахбороти соҳасида таҳлилий тадқиқотлар олиб борувчи Research and market компанияси маълумотларига кўра, 2023 йилда жаҳон қурилиш бозори ҳажми 10,8 триллион АҚШ долларидан ошган. Бу кўрсаткич 2028 йилга келиб 16,5 триллион долларлик маррадан ўтиши кутилмоқда. Глобал қурилиш бозорининг йиллик ўсиши ўртача 8,91 фоиз бўлиши прогноз қилинган.

Ўзбекистонда ҳам ушбу йўналишдаги қамров йилдан-йилга ўсиб бораётгани кундай равшан. Статистика агентлиги маълумотлари 2023 йилда тармоқда яратилган ялпи қўшилган қиймат миқдори 62 триллион сўмдан ортгани, бу 2022 йилга нисбатан 6,4 фоизга кўп эканини кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда қурилиш ишлари, хусусан, уй-жой қуриш 2020 йилдан эътиборан нодавлат сектор қўлига ўтди ва бу аҳолининг турар жойга эҳтиёжини тўлақонли қондиришга, соҳада рақобат муҳитини юзага келтиришга хизмат қилмоқда. Бугун деярли ҳар қадамда бунёдкорлик амалга оширилаётгани, айниқса, замонавий инфратузилмага эга кўп қаватли уй-жойлардан иборат янги массивларнинг пайдо бўлаётганида хусусий пудрат ташкилотларнинг ўрни ва ролини эътироф этиш жоиз, албатта. Ҳозирда Ўзбекистонда урбанизация даражаси 51 фоизга етгани, мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи шаҳарларда яшаётгани – бу ўз-ўзидан бўлган жараён эмас. Ваҳоланки, 2018 йилда урбанизация кўрсаткичи 40 фоизга ҳам етмаган.

Шаҳарсозликни ривожлантиришда, кўп хонадонли уй-жойлар барпо этишда салоҳиятли, бой тажрибага эга хусусий пудрат ташкилотлари сафи оз эмаслигини таъкидлаган ҳолда аҳоли маблағларини жалб қилган айрим тадбиркорлик субъектларининг шартнома шартларини ўз вақтида ва сифатли бажармаётгани билан боғлиқ ҳолатлар ҳам учраётгани таассуфли. Бошқача айтганда, янги қурилаётган кўп қаватли турар жойдаги хонадон учун бошланғич бадал пулини тўлаб, бу уй битишини йилларки кутаётган, бор маблағини ижара тўлови учун сарфлаб, оғир моддий шароитда қолаётган оилалар ўйлаганимиздан ҳам кўп бўлиши эҳтимолга яқин. Ахир кўп қаватли уй-жой қуриш билан шуғулланиш давомида одамларни чув тушириб, фирибгарликда айбланган қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар ҳақидаги ахборотларга ОАВда, Интернет нашрларида бот-бот дуч келаётганимиз бор гап. Оқибатда эса йиллаб пешона тери билан йиққан пулидан айрилган, уйсиз қолган юртдошларимиз ўз манфаатларини таъминлаб беришни сўраб ҳукумат идораларига бош суқмоқда.

 

Энг катта «хуфёна иқтисодиёт» – қурилишда

Шу йилнинг 17 июль куни ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича биринчи ярим йиллик таҳлили ҳамда йил якунига қадар устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари “Энг катта “хуфёна иқтисодиёт” ҳам қурилишда”, дея соҳада соғлом рақобатни яратишга тўсиқ бўлаётган омилларга эътибор қаратди.

Ёдингизда бўлса, бундан аввал ҳам, аниқроғи, 16 январда бўлиб ўтган йиғилишда Президент қурилишда 50 триллион сўмлик маҳсулот “сояда қолаётгани”ни танқид қилиб, Тошкент шаҳридаги “BM Group” қурилиш компанияси атиги уч нафар ходими билан умумий қиймати 20 млрд сўмлик 62 хонадонли турар жой барпо этганини мисол сифатида келтирган эди.

Мана шундай қонунбузилишларни бартараф этиш, уй-жой қуриш сиёсатини самарали рўёбга чиқаришда тушов бўлаётган муаммоларга барҳам бериш учун соҳада сифат ва тартибни кучайтириш кун тартибидаги масала ҳисобланмоқда. Шунга кўра, эндиликда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ҳукумат таркибига ўтказилиб, ваколатлари кенгайтирилиши, рухсатсиз ёки лойиҳадан четга чиқиб қилинаётган қурилишлар бўйича жазо чоралари кучайтирилиши, янги лойиҳаларда тадбиркорлар учун электр ва газдан техник шартлар олишда инсон омили иштирок этмай, тизим рақамлаштирилиши белгиланди.

Кутилаётган бундай ўзгаришлар бугун ҳам қурувчига берган пулини қайтариб олиш илинжида судма-суд юрган юртдошларимиз қалбига мужда улашгани, уй-жой қуриш соҳасидаги бўшлиқлар барҳам топишига одамларимизда умид уйғотгани рост.

Лекин масаланинг яна бошқа бир томони бор: кўчмас мулк бозоридаги муносабатлар қонунчилик даражасидаги ислоҳотларга муҳтож ва бунинг учун биринчи галда халқ вакилларидан ташаббусни, фаоллик ва яхши маънода жонсаракликни кутяпмиз.

 

 

Абдужаббор ОЧИЛОВ,

ХДП Юнусобод туман Кенгаши депутати:

– Мамлакатимизда 1 июль ҳолатига кўра, қурилиш соҳасида 53 минг 380 та корхона рўйхатдан ўтган. Айнан қурилиш корхоналари сонида ўсиш динамикаси йил сайин жадал кўтарилиб бораётгани эркин бозор шароитида уларга талаб борлигини, шунга мос равишда бунёдкорлик ишлари жуда катта қамров касб этаётганини кўрсатади. Бироқ бу корхоналарнинг мижозлар олдидаги мажбуриятларини бажаришни қонуний тартибга солиш ҳар қачонгидан долзарб бўлиб турибди. “Нима учун?” деган савол туғилади.

Биламизки, амалиётда ҳали қурилиши бошланмаган ёки тугалланмаган уй-жойлар учун қурилиш корхонаси билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш, ҳали ҳатто котловани ҳам қазилмаган уй учун олдиндан пул тўлаш ҳолатлари учрайди. Аксарият ҳолларда бундай битимлар умуман суғурталанмаяпти. Мижозлар баъзан ҳеч қандай юридик кучи ҳам бўлмаган шартномага ишониб, миллион-миллион сўмларини қурилиш корхонасига топшириб қўймоқда. Бундай таваккалчилик эса баъзан одамларнинг сарсонгарчилигига олиб келяпти. Ўша шартномани тузган қурилиш корхонаси негадир бирдан банкрот бўлиб қолиши ёки буюртмачи пулларини талон-торож қилиши каби ҳолатларни инкор этолмаймиз. Ёки юрист сифатида сўнгги пайтларда “уй-жой қурувчи” ниқоби остида фирибгарлар кўпайганини ҳам айтиб ўтмоқчиман. Улар уй-жойга буюртма берувчилар пулини банкдаги ўзининг ҳисобрақамига ўтказиб оляпти-да, ғойиб бўляптилар. Тўғри, қонун доирасида ушланиб, жавобгарликка тортилишмоқда, лекин ўртада асосий ютқазаётган - бу оддий одамлар бўлиб қоляпти. Хуллас, мана шундай ҳолатларга нуқта қўйишнинг, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялашнинг қонуний механизмини такомиллаштириш давр талабига айланди.

Кўчмас мулк соҳасида бу муаммоларнинг олдини олиш учун дунё тажрибасидан ўтган эскроу тизимини тезроқ амалиётга татбиқ этиш, кафолатни банк зиммасига ўтказиш керак.

Эскроу - бу маълум шартлар бажарилгунга қадар пул сақланадиган банкдаги махсус ҳисобварақ бўлиб, айтайлик қурилаётган уйга буюртма берувчи ўз пулини эскроу ҳисобрақамига қўяди ва сотувчи (қурилиш корхонаси) фақат шартномадаги мажбуриятларини бажарганидан сўнг уни олиши мумкин. Кўриниб турибдики, уй-жой қуришни эскроу ҳисобрақами асосида молиялаштириш аҳоли манфаатини кафолатлайди.

Халқ демократик партиясининг турар жойларни қуришда жалб қилинган аҳоли маблағларини ҳимоя қилиш кафолатларини яратиш мақсадида “Улуш киритиш асосида уй-жой қуришда иштирок этиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш ташаббуси ҳам айни шу эзгу мақсадни кўзлайди. Бунда уй харидорлари пулини махсус эскроу ҳисобрақамга жойлаштириш ва қурилиш корхонасининг шартномадаги мажбуриятларини бажаришига қараб, босқима-босқич маблағларни олиши тартибини жорий этиш қонуний асосда мустаҳкамланади.

Унутмайлик, одамларимиз ҳаётининг узвий ҳамда ажралмас қисми бўлган уй-жой сиёсатида қонун ва адолат устуворлигига эришиш халқпарварликнинг ёрқин намунасидир.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

«Ўзбекистон овози», 24.07.2023, №29

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш