Ватандан узоқдаги ёшлар тақдири нима бўляпти?
Ватандан узоқдаги ёшлар тақдири нима бўляпти?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаевнинг “Ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишга, шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Берилган маълумотлар асосида Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Анвархон Темиров савол билан мурожаат қилди:

— Мамлакатимиздаги, яъни республикамиз ҳудудида бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, ижтимоий, иқтисодий, қонуний кўмак бериш мумкин. Лекин чет элда юрган ёшлар ҳам бор. Берилган ахборотда 286 мингдан ортиқ йигит-қиз хорижда экани аниқлангани, уларнинг бир қисми билан мулоқот ўтказилгани айтилди. Лекин уларнинг кейинги тақдири нима бўлгани, агентлик қандай ёрдам кўрсатгани ҳақида маълумот берилмади.

 

Алишер САЪДУЛЛАЕВ,

Республика Ёшлар ишлари агентлиги директори:

— Муаммони ечиш учун муаммонинг борлигини тан олиш керак. Айтиш керакки, жойларда хорижга кетаётган ёшлар ҳақидаги маълумотлар бўйича энди катта бир тизим шакллантириляпти. Мавжуд маълумотлар асосида ўтган йили Россия Федерациянинг бир нечта, хусусан, Новосибирск, Томск, Самара, Москва, Санкт-Питербург шаҳарларига борилди. Чунки энг кўп ўзбекистонликлар ушбу мамлакат ҳудудида фаолият олиб боряпти. 25 мингга яқин ёшлар билан мулоқот қилдик. Ўзбекистонга қайтиб келиб ишлаш истагини билдирганларни яшаш ҳудудидаги ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари, масъуллар билан боғлаб бериб, бандлигини таъминлашга эътибор қаратилди. Шароити яхши бўлиб, минг АҚШ долларидан кўпроқ маблағ топаётганларга йўл-йўриқ, зарур тавсиялар кўрсатилди. Агар топаётган пули ундан паст ва қийналаётган бўлса, Ўзбекистонга олиб келиш бўйича алоҳида дастур қабул қилинди.

Бошқа мамлакатлардаги ёшлар билан ҳам алоқа ўрнатилди. Чет элда ташкил қилинган савдо уйлари бор, иқтидори етадиганлари ўша ерларга ишга олиняпти. Қайтиб келишни истаганларни эса завод фабрикаларга маслаҳатчи сифатида ишга олиш, касб ўрганаман деганларни касбга ўқитиш чоралари кўриляпти.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш