Инсон руҳиятига таҳдид солишга йўл қўйилмайди
Инсон руҳиятига таҳдид солишга йўл қўйилмайди

 

Коинот гултожи инсондир азал,

Ундадир энг олий тафаккур амал.

У ҳатто тубанлик ичра ҳам танҳо,

Ё, фалак, ижодинг бунча мукаммал.

Абдулла ОРИПОВ

 

Баъзида инсон ўзи яшаётган муҳит, бошидан ўтказган воқеа-ҳодисалар оқибатида шундай ҳолатга тушадики, яқинлари, қариндошлари ёки ҳамкасбларидан ҳеч бири ёрдам бера олмайди.

Мутахассис, психологга мурожаат қилиш ҳозир танқид қилинадиган нарса эмас. Аксинча, психологларнинг роли ҳозир кун сайин ижобий томонга ривожланиб бормоқда. Нафақат ижтимоий муаммолар соҳасида, балки давлат аҳамиятига молик даражаларда ҳам малакали мутахассисларга эҳтиёж ортиб бормоқда.

Психология фанининг кенг қўлланила бошлаши инсон омилини ҳар қачонгидан юқори савияга кўтариб, унинг кучи, идроки, салоҳияти, руҳий ҳамда маънавий баркамоллигини бевосита тараққиёт, ривожланиш ва цивилизация билан узвий боғлади.

XXI асрнинг ўзига хос руҳияти бор. Ривожланган дунёда психологлар 300 дан ортиқ йўналишда иш олиб боряпти. Ўзбекистонда ҳам кўплаб соҳаларга психологик хизматлар кириб келди. Мактабгача таълимдан бошлаб олий таълимгача психологлар фаолият олиб боради. Тиббиёт муассасалари, мудофаа, ички ишлар, прокуратура соҳаларида психологик хизматлар йўлга қўйилган.

Мамлакатимизда бугунги кунда психология йўналишида маслаҳат бериш, онлайн ва офлайн форматда семинарлар ўтказиш орқали хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти кенг тарқалмоқда.

Бироқ, ушбу ижтимоий муносабатларнинг ҳуқуқий асослари аниқ белгиланмаган. Масалан, хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи жисмоний шахсларга нисбатан талаб белгиланмагани, психолог ёрдам кўрсатиш сифати ва мазмунига ҳамда психологнинг хулқ-атворига нисбатан талаблар назарда тутилмагани, психологик фаолият билан шуғулланиш соҳасини бошқариш ва назорат қилиш тартиби мавжуд эмаслиги, малакага эга бўлмаган шахсларнинг инсонлар онгига турлича таъсир ўтказиши оқибатида салбий ҳолатларга сабаб бўлмоқда.

Айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали кўпинча аёлларга руҳий таъсир ўтказиш оммалашиб бормоқда ва бу ҳолат баъзи ҳолларда оила мустаҳкамлигини емирмоқда. Биз шарқ маданиятида тарбия топган халқ сифатида жамият барқарорлигига хавф солувчи таъсирлардан аҳолини, айниқса, ёшларни ҳимоя қилишимиз шарт.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан «Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, психология йўналишидаги маслаҳат, ўқув-тренинг курслари, семинарлар инсоннинг руҳияти, соғлиғи, ҳаракати, оилавий муносабатларига таъсир ўтказа олиши сабабли ушбу фаолият билан шуғулланувчи шахслардан билим-малака ва тажриба талаб қилиниши, 2-3 ойлик ўқув курсларини тугатиб фаолият юритаётган «психологлар» фаолиятига чек қўйилиши, хусусий тартибда фаолият олиб борувчи психологларда малака сертификати бўлиши кераклиги каби меъёрлар белгиланмоқда.

Қонун лойиҳаси билан аҳолига психологик ёрдам кўрсатишни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, жумладан, психологик ёрдам кўрсатиш борасидаги асосий тушунчаларнинг мазмунини ҳуқуқий жиҳатдан белгилаш, психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий қоидалари, стандартлари, тартибини жорий этиш, иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, бепул психологик ёрдам кўрсатиладиган шахслар тоифаларини аниқлаштириш, психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги профессионал уюшмалар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш, таълим ташкилотларида психологик ёрдам кўрсатиш, қолаверса, ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан психологик ёрдам кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини белгилаш назарда тутилмоқда.

Инсон қалбини гўзал қиладиган, инсонийлик ҳис-туйғуларини уйғотадиган нарса бу – маънавият. Маънавият, гарчи у барча одамларга хос бўлса-да, ҳеч ўзгармайдиган, доимий ўлчам, деб бўлмайди. Юксак маънавийлик Ўзбекистон халқи интилаётган устувор мақсадлардан биридир. Эзгу мақсадимиз йўлида тўсиқ бўладиган ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, инсонларга зарар етказадиган ҳаракатларни қонун йўли билан чеклаш демократик жамият асосларидандир.

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 10.07.2023, №27

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш