Ҳокимликка номзодлар ҳудудни ривожлантириш дастурини маҳаллий Кенгашларга тақдим этиши белгиланмоқда
Ҳокимликка номзодлар ҳудудни ривожлантириш дастурини маҳаллий Кенгашларга тақдим этиши белгиланмоқда

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг навбатдаги йиғилишида қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Депутатлар сайловчилар, партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, масъулларга ўз савол ҳамда таклифларини билдирди.

“Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида маҳаллий давлат ҳокимиятининг конституциявий асослари такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди.

Лойиҳа билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатларига янги таҳрирдаги Конституция талаблари ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётидан келиб чиқиб, бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда. Хусусан, маҳаллий Кенгашларга депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши, у жамоатчилик асосида фаолият юритиши ва уни муддатидан олдин лавозимдан озод қилиниши мумкинлиги белгиланмоқда. Шунингдек, ҳокимлар номзоди Кенгашларда кўриб чиқилаётганда улар ҳудудни ривожлантириш дастурини маҳаллий Кенгашларга тақдим этиши тартиби жорий қилинмоқда.

Фракция аъзолари лойиҳадаги айрим меъёрлар юзасидан ўз таклиф ва эътирозларини айтиб ўтди.

 

 

Фирдавс ШАРИПОВ:

— Қонун лойиҳасида халқ депутатлари Кенгаши раисини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилаётганда Кенгаш доимий комиссия раисларидан бири сессияга раислик қилади деб ёзилган. Кейинги моддаларда эса бу меъёрга қарама-қарши жиҳатлар турибди. 18-моддада эса Кенгаш сўрови киритилган, Кенгаш текшируви тушиб қолган.

Шунингдек, Омбудсман маҳаллий Кенгашларга маъруза тақдим қилиши ўрин олгани янги ваколатлар сирасига киради. Лекин шу жойда Болалар омбудсмани қолиб кетяпти. Бу ҳам концептуал масалалардан бири, деб ҳисоблайман.

 

Депутатлар яна қатор меъёрлар юзасидан ўз фикрларини билдирди. Таклиф ҳамда муносабатлар муҳокама қилинди. Умуман, қонун лойиҳасидан ўрин олган меъёрлар жойларда ҳокимиятлар бўлинишини тўлақонли рўёбга чиқаришга ва ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида йўлга қўйишга имкон бериши ҳамда қонунчиликни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштиришини инобатга олган ҳолда депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватлади. Улар томонидан билдирилган таклифлар иккинчи ўқишгача кўриб чиқилишига келишиб олинди.

Умумий ўрта таълим ташкилотларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати тўғрисидаги парламент сўрови кўриб чиқилди. Гап шундаки, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан мазкур соҳаларда олиб борилаётган ишлар ҳамда уларнинг натижадорлиги устидан таъсирчан парламент назорати ўрнатилиб, соҳаларни тартибга солишга доир қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиш ҳолати назорат-таҳлил тартибида ўрганилиб келинмоқда.

Ушбу ўрганишлар якунлари, шунингдек, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили вояга етмаганларнинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқларини уларнинг жисмоний, маънавий ривожланиши учун, касалликларнинг олдини олиш учун энг қулай шароит яратиш, умумтаълим мактабларида тиббий хизматни йўлга қўйиш орқали таъминлаш борасида ўз ечимини кутаётган қатор долзарб масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, бугунги кунда республикадаги 10 165 та умумтаълим мактабининг 1 503 тасида тиббиёт хоналари мавжуд эмас, мавжуд тиббиёт хоналари ҳам зарур жиҳозлар билан етарлича таъминланмаган.

Шунингдек, республикадаги умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган педиатр шифокорлар сони 6 357 нафарни ташкил этиб, улардан 890 нафари (14,0 фоиз) доимий ишлайди, 5 467 нафари (86,0 фоизи) бириктирилган, ўрта тиббиёт ходимлари сони эса 10 176 нафар, улардан 7 799 нафари (76,6 фоизи) доимий ишлайди, 2 377 нафари (23,4 фоизи) бириктирилган.

2023 йилда ўтказилган тиббий кўриклар натижалари таҳлилига кўра мактабларда таҳсил олаётган 5 954 321 нафар боладан 5 797 691 нафари (97,4 фоизи) тиббий кўрикдан ўтказилиб, 1 615 695 нафар (27,9 фоиз) болаларда турли касалликлар аниқланган.

Кўрсатилган маълумотлардан келиб чиқиб, “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ, мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.Умаровага парламент сўрови юборилган эди. Фракция аъзолари вазирлик жавобини эшитди ва ўз муносабатини билдирди. Тегишли тартибда қарор қабул қилинди.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш