ХДП депутатлари Давлат дастури ижроси бўйича парламент ва депутатлик назоратини ўрнатади
ХДП депутатлари Давлат дастури ижроси бўйича парламент ва депутатлик назоратини ўрнатади

 

Халқ демократик партияси Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури бўйича тарғибот ишларини кучайтиришга, депутатлик бирлашмаларининг ушбу дастур ижросида фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу масалада партия ташкилотлари ва барча даражадаги депутатларнинг масъулиятини оширишга долзарб вазифа сифатида қаралмоқда.

Халқ демократик партияси тизимида махсус ўқувлар йўлга қўйилди. Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ўсимлик моддалари кимёси институти мажлислар залида ана шундай ўқув бўлиб ўтди.

Унда Давлат дастурида белгиланган ижтимоий соҳани ривожлантиришга оид вазифалар, уларни ижросини таъминлашда парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳамда жамоатчилик назорати ролини кучайтириш масалалари кенг муҳокама этилди.

Давра суҳбати шаклидаги ўқувни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ўсимлик моддалари кимёси институти директори, Сенатор Шомансур Сагдуллаев ва ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Меҳрожиддин Дарханов кириш сўзи билан очиб, Давлат дастурининг ижтимоий соҳани ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов Давлат дастурида кўзда тутилган меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини пухта тайёрлаш, парламент ислоҳотларини чуқурлаштириш масалалари ҳақида атрофлича маълумот берди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази масъул ходими Шуҳрат Деҳқонов Давлат дастурида белгиланган вазифалар таҳлилий тарзда тушунтириб берди.

Халқ демократик партияси фаоллари, барча даражадаги депутатлар Давлат дастури лойиҳасининг жамаотчилик муҳокамасида фаол иштирок этиб, таклиф ва мулоҳазаларини билдириш имконига эга бўлганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак.

Давлат дастурида партия сайловолди дастурида илгари сурилган масалалар билан бевосита боғлиқ муҳим вазифалар белгиланди. Бу партиямиздан сайланган депутатларга катта масъулият юклайди.

Хусусан, 2020 йил учун аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш давлат дастурини ишлаб чиқиш, 500 мингга яқин фуқарони иш билан таъминлаш вазифаси белгиланди. Мазкур рақам ортида қанчадан қанча оилалар, юртдошларимизнинг ҳаётини яхшилаш мақсади турибди. Бу партиямиз учун жуда муҳим ва принципиал масала.

Яхши ният билан қоғозда мўлжалланган режаларни реал ҳаётда ҳам амалга оширишимиз шарт, дейишди депутатлар. Бунинг учун ҳар бир туман ва шаҳар Кенгашларида, вилоят Кенгашларида, охирига келиб парламент даражасида 2020 йил учун аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш дастури ижроси бўйича ҳисобот ва эшитувларни ташкил этиш зарур.

Чунки аввалги йилларда, очиғини айтиш керак, катта–катта рақамлар қоғозларда қолиб кетган ҳолатлар ҳам бўлди. Албатта, иш ўринлари ташкил этиш, бандликни таъминлаш масаласида асосий масъулият битта Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги зиммасида қолиб кетиш тўғри бўлмайди. Бу ҳамма вазирлик-идора, жумладан, партиямизга ҳам биринчи даражали тегишли масала. Шунинг учун бандлик дастурини рўёбга чиқаришда фракциямиз ва 1,5 минг нафардан ортиқ депутатларимиз билан фаол қатнашади.

Давлат дастурида яна бир муҳим вазифа қўйилди. Бу Жаҳон банки, БМТнинг Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилишидир.

Дастурда кўрсатилгандек, камбағалликни белгилаш мезонлари, методолияси бўйича ҳали мамлакатимизда мустаҳкам ҳужжат йўқ, тартиб-қоида белгиланмаган. Ўқувда бу мавзу атрофлича таҳлил қилинди.

Партиямиз сайловлар олдидан яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси тўғрисида қонун қабул қилиш ташаббуси билан чиққан эди. Партия бу ваъда ва вазифани бажаришга қатъий киришди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари ва Марказий Кенгаши экспертларидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилиб, ҳозирда улар қонун лойиҳасининг концепциясини тайёрлаяпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мутасадди вазирликлар ахборотлари эшитилди. Бу қонунни қабул қилиш, Конституцияда белгиланган “тирикчилик учун зарур энг кам миқдор”ни белгилаш, ҳаётга татбиқ этиш осон бўлмайди. Лекин биз бу ишни қилмасак, камбағалликка қарши самарали кураша олмаймиз, дея таъкидлашди сўзга чиққанлар.

Ўқувда тиббиёт тизими бўйича белгиланган вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Давлат дастурида тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мамлакат бўйича жами 228 та тиббиёт муассасасини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган.

Давлат дастурида 228 та тиббиёт объектидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари учун бюджетдан 1,1 трлн сўм ва 83,9 млн доллар ажратилади. Халқимиз соғлиғини мустаҳкамлашга йўналтирилган бу маблағлар жойларда қандай сарфланади? Партиямизни, депутатларимизни ҳар бир ҳудудда қаттиқ ўйлантириши зарур.

Депутатларнинг округларидаги учрашувларида тиббиёт соҳаси бўйича кўплаб мурожаатлар, таклифлар бўлди. Бюджетдан тиббиётга ажратилган маблағ самарасиз сарфланиши катта увол бўлади, халқимизга зиён келтиради. Муаммолар йилдан-йилга кўпаяверади. Шунинг учун бу йўналишдаги лойиҳалар шаффофлигига эришиш долзарб вазифа ҳисобланади.

Ўқувда депутатларнинг қатъияти ва талабчанлигини ошириш, Давлат дастури ижросини назорат қилишда фаол иштирокини ташкил этиш бўйича таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш