Аҳолини қийнаётган муаммолар халқ ичига чуқур кириб борилгандагина яхши билинади. Халқ демократик партиясидан сайланган депутатлар ўз сайлов округларида уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганмоқда. Халқ билан бундай мулоқот нафақат мурожаатларни тинглаш, балки аҳолининг кундалик ҳаёти билан танишиш имконини бермоқда.
Шундай амалий ишлар Чилонзор туманининг Бохористон, Шарқ, Хайробод маҳалларида амалга оширилди.
– Ёлғон ваъдалар билан иш битмайди, – дейди Ўзбекистон ХДП Чилонзор туман кенгаши раиси, туман Кенгаши депутати Донохон Маҳмудова. – Халқни рози қилишнинг бирдан бир йўли бу мулоқот ва муаммоларнинг ечимидир. Ана шу мақсадда жойларда сайёр қабулларни амалга ошириб келмоқдамиз.
Айниқса бу ишларни амалга оширишда партия тизимида ўтказилб келинаётган “Аҳоли билан мулоқот: муаммо, ечим ва натижа” лойиҳаси ўз самарасини бермоқда. Лойиҳа доирасида нафақат аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ошмоқда, балки уларни қийнаётган муаммолар ўрганилиб, тегишли соҳа мутахассисларига сўровлар орқали хал этиш учун юборилмоқда.
Фуқаролар томонидан асосан ишга қайта тиклаш, суд қарорлари устидан норозилик, уй-жой ажратиш ва моддий ёрдам кўрсатиш каби масалалар кўтарилди. Қабул жараёнида муаммолар белгилаб олинди, аҳоли билан зарур тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши
Ахборот хизмати.