Яккасаройлик аёлларнинг қандай муаммолари бор?

 

8-март халқаро хотин-қизлар куни арафасида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори ташббуси билан Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани, Яккасарой маҳалласидаги хотин-қизлар, жумладан оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар билан юзма-юз мулоқот ўтказилди, улар билан дилдан суҳбат қурилди, хотин-қизларни қийнаётган муаммоллар ўрганилди.

Сўзга чиққанлар мамлакатмизда хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш, оиладаги ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, улар учун берилаётган имконият ва имтиёзлар тўғрисида гапириб ўтишди. Шунингдек, партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтилди.

– Бош Қомусимизда ҳам инсон қадр-қиммати юқори даражада эътироф этилиб, гендер тенглиги масаласига алоҳида урғу берилган, – дейди Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Дилбар мамажонова. – Шу тариқа мамлакатимизда аёллар жамиятнинг фаол аъзоси сифатида барча соҳаларда иштирок этиши ҳуқуқий кафолатланган. Гендер тенглиги ижтимоий тенгликни ҳам англатади. Бундай тенгликни таъминлаш учун Конституция ва қонунларга зарур қоидаларни киритишнинг ўзи кифоя эмас. Гендер тенглигини таъминлаш учун аёл ва эркакнинг ҳуқуқий ахборот ресурслардан фойдаланиш давлат ва жамият бошқарувида иштирок этиш имкониятлари тенг бўлиши шарт.

Партия фаоллари, депутатлар ва маҳалладаги хотин-қизлар иштирокида ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш масалаларида очиқ ва самимий мулоқот бўлиб ўтди. Маҳалла аёллари ўзларини қийнаб келаётган муаммолар, кредит олиш бўйича ҳуқуқий ёрдам сўраб депутатларга мурожаат қилишди.

Хусусан, Гулсара Маханова қўлидан тикувчилик келишини, кредит олиб тикув цехи ташкил этиш учун кимга мурожаат қилишини ва бу масалада йўл йўриқ кўрсатишни сўраб мурожаат қилди. Бу масала билан Яккасарой туман кенгаши раиси шуғулланиб, Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази билан биргаликда ушбу масалага ёрдам берилиши келишиб олинди.

Нилуфар Юнусова ёлғиз аёл, 4 нафар фарзанди бор. Уй-жойга муҳтож. Яккасарой туманида жойлашган 172- мактабда 13 йилдан бери ишлайди.  Зангиота туманида бувисиникида доимий рўйхатда туради. 2018 йилдан буён бир нечта жойга мурожаат қилиб уй-жой ололмаётганлигини, шу масалада ёрдам сўраб мурожаат қилди.

ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Г.Асатова ЎзХДП МК Зангиота туманидан Олий Мажлисга сайланган депутат М.Ворисова орқали масалани қонун доирасида ҳал этишга ёрдам берилишини айтди.

– Шанба кунлари мактабгача таълим муассасаларида навбатчи гуруҳлар ташкил этилишига ёрдам беришларингизни сўрардим, – деди 172-мактаб директори Зебихон Зиямуҳаммедова. – Чунки мактабимизда фаолият олиб борадиган ўқитувчиларнинг кўпчилиги хотин-қизлар. Уларнинг боғча ёшидаги фарзандлари бор. Шанба куни боғча ишламаслдиги туфайли улар болаларини кимга қўйишни билишмайди ёки мактабга олиб келишга мажбур бўлишади. Бу ўз навбатида, дарсга халақит беради, ёш бола эса чарчайди ва бошқа турли хил муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Мулоқотдан сўнг яшаш шароити оғир бўлган 4 нафар хотин-қизлар хонадонига ташриф буюрилди. Боқувчисини йўқотган Муяссар Юлдашеванинг қизи Маъпура Юлдашевани касбга ўқитиш ва ишга жойлаштиришга келишилди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш