20 МАЙ.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Қўшма мажлисда мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга оид чораларни кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилиб, унинг таркиби ва вазифалари белгиланди.
Жами 46 нафар аъзо бўлиб, шундан 10 нафари аёл киши. Мос равишда Қонунчилик палатаси депутатларидан 22 нафар, Сенатдан 19 нафар аъзо жалб қилинган. Комиссия таркибига кирган инсонларинг 1 нафари академик, 12 нафари фан доктори, 9 нафари фан номзоди ҳисобланади. Ўтган вақт давомида Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи умумхалқ муҳокамасига қўйилган бўлиб, комиссия илгари сурилаётган таклифларни умумлаштириб, парламент муҳокамасига тақдим этмоқда.
22 АВГУСТ.
Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иккинчи марта тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Давлат раҳбари соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш юзасидан 5 та йўналишда ташаббусларни билдирди.
Учрашувда қатор муҳим масалалар ҳақида сўз борар экан, улар орасидаги Савдо-саноат палатаси ҳукумат бўйсунувидан бутунлай чиқарилиши таъкидланди. Шунингдек, ҳокимлар мулк ҳуқуқига оид қарорларни бекор қилишига йўл қўйилмаслиги, илк бор хато қилган кичик бизнес вакиллари жазоланмаслиги, 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилиши қайд этилди.
15-16 СЕНТЯБРЬ.
Самарқанд. ШҲТнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Саммит ишида ШҲТга аъзо мамлакатлар – Покистон, Россия, Тожикистон, Хитой, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистон, шунингдек, ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлатлар – Беларусь, Мўғулистон ва Эрон етакчилари иштирок этди.
Фахрий меҳмон сифатида Туркия, Озарбайжон, Туркманистон, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳам қатнашди.
Бу йилги Ўзбекистон раислиги даврида асосий эътибор ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини илгари суриш, транспорт-коммуникация ўзаро боғлиқлигини кенгайтириш, рақамли трансформация ва “яшил” иқтисодиёт, ШҲТнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш каби энг муҳим устувор йўналишларига қаратилди.
Самарқандда ШҲТ давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунида ташкилот тарихида рекорд даражадаги 44 та ҳужжатга имзо чекилди.
Саммитда ҳамкорлик ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Давлат раҳбарлари кенгашининг Самарқанд декларацияси тадбирнинг бош якуний ҳужжати бўлди.
11 НОЯБРЬ.
Туркий давлатлар ташкилоти биринчи саммити бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев раислик қилди. Саммитда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, кузатувчи мамлакат Венгрия бош вазири Виктор Орбан, саммитнинг фахрий меҳмони Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, шунингдек, ташкилот бош котиби Бағдод Амриев иштирок этди.
Хусусан, Туркий давлатлар ташкилотининг транспорт боғлиқлиги дастури ва Соддалаштирилган божхона йўлакларини шакллантириш тўғрисидаги битим, Савдо стратегияси бўйича муҳим келишувлар имзоланди.
Шунингдек, яна бир муҳим ҳужжат – Туркий давлатлар ташкилотининг 2022—2026 йилларга мўлжалланган стратегияси имзоланди.
Саммитнинг асосий ҳужжати – Самарқанд декларацияси қабул қилинди.
«Ўзбекистон овози», 28.12.2022, №52