Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон мамлакатда осойишталик ва бирликни сақлашга қодирдир
Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон мамлакатда осойишталик ва бирликни сақлашга қодирдир

 

Маълумки, айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси давом этмоқда.

Айрим жойларда масаланинг моҳиятини талқин қилишда тушунмовчилик ҳолатлари ҳам учради. 1 июль куни Нукус шаҳрининг марказий кўчаларида ноқонуний намойишлар уюштирилди. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари биноларини ноқонуний эгаллашга уриниш ҳаракатлари содир этилди.

Давлатимиз раҳбари Нукус шаҳрига етиб бориб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва жамоатчилик вакиллари билан учрашди.

Шавкат Мирзиёев конституциявий ислоҳотлар Ватанимизнинг бугунги ва келажак ҳаёти учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган масала экани, муҳокамаларда кўпмиллатли халқимиз кўплаб таклиф ва тавсияларини билдираётганини таъкидлади.

Халқимиз ҳукмига ҳавола этилган мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси ҳали қабул қилинмаган, умумхалқ муҳокамасига қўйилган, холос. Шу боис давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистоннинг ўзига хос этник, маданий хусусиятлари, миллий урф-одат ва қадриятлари, алоҳида ҳуқуқий мақомини эътиборга олиб, лойиҳадаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид нормаларни ўзгартиришсиз қолдириш зарурлигини таъкидлади. Яъни, Конституциянинг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини ўзгаришсиз қолдириш таклиф этилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари Нукус шаҳридаги Жекетерак маҳалласида бўлиб, халқ билан ҳам мулоқот қилди. “Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар бундан буён ҳам албатта давом эттирилади. Чунки Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги – бу бутун ўзбек халқининг бахти ва фаровонлигидир”, деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Шу билан бирга, Жўқорғи Кенгес депутатларига мурожаатида сохта ахборотларни тарқатишнинг синалган технологияларидан, ижтимоий тармоқлар имкониятидан фойдаланган ҳолда, бузғунчи кучлар аниқ мақсадни кўзлаб, фуқароларни Конституцияга хилоф хатти-ҳаракатларга жалб этаётганига урғу берилди.

Уларнинг асосий нияти жамиятни пароканда қилиш, давлатимиз томонидан олиб борилаётган бунёдкорлик сиёсатига бўлган ишончни сусайтириш, Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига путур етказишдан иборатлиги қайд этилди.

Президент фармони билан фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни тиклаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июль куни соат 00:01 дан 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар бўлган даврда фавқулодда ҳолат жорий этилди.

Қорақалпоғистонда вазият изига тушди, фуқароларнинг тинчлиги, хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.

Шу кунларда турли халқаро ташкилотлар, давлат арбоблари, Президентлар ушбу воқеликлар ҳақида ўз муносабатларини билдирмоқда.

Масалан, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Ўзбекистон Қозоғистоннинг қардош давлати, ишончли иттифоқчиси ва стратегик ҳамкори экани ҳисоблаши баён қилинган.

«Шу боис Қозоғистонда қўшни дўст мамлакатдаги воқеалар хавотир билан қабул қилинди. Биз Ўзбекистон раҳбариятининг Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган қарорларини олқишлаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз.

Энг муҳим сиёсий воқеа – Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум арафасида қардош Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталик ҳукм суришига ишончимиз комил», дейилади муносабатда.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси жорий йилнинг 1 июлида Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар муносабати билан Конституцияга зид кўринишлар ва ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга уринишларни қоралаб, барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни сақлаш тарафдори эканини билдириб, ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, миллатлараро тотувлик ва кўп миллатли Ўзбекистоннинг барча халқларининг тинч-тотув яшаши бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини билдиради.

Президентимиз 4 июль куни ­Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.

Ўзбекистон — Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларининг кенг кўламли кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилар экан, Қорақалпоғистондаги воқеликларга ҳам муносабат билдирди.

Президент Садир Жапаров Қорақалпоғистондаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишларга чек қўйиш мақсадида Ўзбекистон раҳбари томонидан кўрилган қатъий чораларни тўлиқ қўллаб-қувватлади. Бошқа давлатнинг ички ишларига аралашишга йўл қўйиб бўлмаслигини алоҳида таъкидланди.

Бу каби мулоқотлар ва муносабатлар қаторида давлатимиз раҳбарининг Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель билан телефон орқали мулоқотини ҳам олиш мумкин. Суҳбат давомида Еврокенгаш Президенти, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат барпо этиш сари очиқ ислоҳотлар йўлини давом эттириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.

Қорақалпоғистондаги вазиятнинг баъзи бузғунчи кучлар томонидан издан чиқарилишига йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида қайд этилди. Шарль Мишель жиноий унсурлар томонидан уюштирилган тартибсизликлар натижасида қурбон бўлганларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик сўзларини етказишни сўради.

Бундан ташқари, Еврокенгаш ўз сайтида баёнот билан чиқди. Европа Иттифоқи Ўзбекистон Конституциясига ўзгартишлар киритиш таклифи ортидан Қорақалпоғистонда рўй берган қонли воқеаларни очиқ ва мустақил тергов қилишга чақиради. Биз қурбонлар борлигидан чуқур афсусдамиз ва воқеалар ривожини яқиндан кузатишда давом этамиз. Биз таклиф этилган конституциявий ўзгаришларга нисбатан жамоатчилик хавотирларига Президент Мирзиёев томонидан тезкор реакция билдирилганини олқишлаймиз. Барча томонларни низо кескинлашиши ва зўравонликлар давом этишининг олдини олиш мақсадида ўз ҳаракатларида вазминликка чорлаймиз, дейилади Европа кенгаши сайтида.

Манбаларда ёзишича, Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдирган. Кремль Ўзбекистон ҳукуматининг фаол ҳаракатлари билан муаммолар ҳал этилишига шубҳа йўқлигини таъкидлаган.

Хусусан, “Ўзбекистон бизнинг иттифоқчимиз, у дўст мамлакат, у бизнинг жуда муҳим ҳамкоримиз. Ўзбекистонда содир бўлаётган ҳамма нарса шу давлатнинг ички ишидир ҳамда республика раҳбариятининг фаол ҳаракатлари билан мавжуд муаммолар ҳал қилинишига шубҳамиз йўқ”, деб жавоб берган Песков журналистлар билан суҳбатда.

Россия ТИВ ҳам сўнгги воқеликларга нисбатан муносабатини айтган. Хусусан, Нукус шаҳрида содир бўлган тартибсизликлар қонунбузарлар томонидан қўзғатилиб, зўравонлик ва бузғунчилик ҳаракатларига сабаб бўлгани қайд этилади. Қурбонлар ва жароҳатланганлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари орасида ҳам борлиги айтиб ўтилган.

Шавкат Мирзиёев Эмомали ­Раҳмон­ билан телефон орқали мулоқот қилди.

Тожикистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасида барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзянь ХХР ТИВ брифингида хитойлик журналист саволига (Қорақалпоғистондаги воқеаларга Хитойнинг муносабати қандай?) жавоб тариқасида Хитой ҳукуматининг муносабатини қуйидаги баёнот билан изоҳлади:

“Хитой томони бир неча кун аввал Ўзбекистонда бўлиб ўтган воқеалардан хабардор. Ўзбекистоннинг дўст қўшниси ва кенг қамровли стратегик ҳамкори сифатида Хитой Ўзбекистон Ҳукуматининг миллий осойишталикни таъминлаш борасидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Хитой томони шунга аминки, Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон мамлакатда осойишталик ва бирликни сақлашга қодирдир”.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалардан хавотирдалигини билдириб, Ўзбекистон ҳукуматининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. Шу мазмундаги тегишли баёнот вазирлик сайтида эълон қилинди.

Унга кўра, Туркманистон Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакатда Конституциявий тузум ва ҳуқуқ-тартиботни, халқ хавфсизлиги ва тинчлигини ҳимоя қилиш бўйича ўз вақтида ва қатъий ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

Туркманистон Ўзбекистоннинг яқин қўшниси сифатида бу давлат билан қардошлик, дўстлик ва яқин ҳамкорлик ришталари билан боғланиб, унга зарур ёрдам ва кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдиради, дея муносабат қолдирилган.

Туркия ташқи ишлар вазири М.Чавушоғлу Ўзбекистон томонидан Қорақалпоғистон Республикасида тинчлик, хавфсизлик ва жамоат осойишталигини таъминлаш, ушбу ҳудуднинг барқарор ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилган қатъий чора-тадбирларни Туркия қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди.

 

 

 

Теглар

Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш