Мудофаа вазирлигининг ҳарбий машқлари бошланди
Мудофаа вазирлигининг ҳарбий машқлари бошланди

 

Ўзбекистонга Мудофаа вазирлиги “қўшинларни жанговар шайликка келтириш бўйича амалий машғулотлар бошлади”. Вазирлик матбуот хизмати маълумотига кўра, хусусан, мудофаа вазири раҳбарлигида шу кунда Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округлари ҳамда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари ҳарбий қисм ва бўлинмаларида қўққисдан текширувлар бўлиб ўтяпти. “Бунда шахсий таркиб ва жанговар техникаларнинг шайлиги текширувдан ўтади”, дейилган Мудофаа вазирлиги хабарномасида.

Шунингдек, “Ангрен” ва “Термиз” умумқўшин дала майдонлари ҳудудида Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонликлари тасарруфидаги ҳарбий қисм ва ҳамкорликдаги куч тузилмалари ўртасида ўзаро тажрибалар алмашиш ҳамда ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ҳарбий хизматчиларнинг амалий дала кўникмаларини такомиллаштириш мақсадида батальон тактик ўқувлари ўтказилиши кўзда тутилган.

Қайд этилишича, тактик ўқувлар давомида “Тревога” сигнали берилганда шахсий таркибнинг ҳаракатлари, белгиланган йўналиш бўйича ҳимояни кучайтириши, қўйилган жанговар ўқув вазифаларини сифатли бажариш борасидаги кўникмалари синовдан ўтказилади ҳамда шартли душманнинг эҳтимолий жойлашган ҳудуди аниқланиб, кейинчалик улар томонидан олиб борилиши мумкин бўлган фаол ҳаракатларни бартараф этиш мақсадида улар жойлашган ҳудудларга авиация ҳамда артиллерия бўлинмаларининг куч ва воситалари ҳамда миномётчилар батареяси томонидан зарбалар берилади.

← Рўйхатга қайтиш