Туркистондан Тошкентга илк парвоз амалга оширилди
Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридан Тошкентга 21 июнь куни илк парвоз амалга оширилди.
Қозоғистоннинг Fly Arystan авиакомпаниясига қарашли самолёт Тошкент халқаро аэропортига илк 180 йўловчини олиб келди. Компания вакилларининг билдиришича, ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари Туркистон-Тошкент-Туркистон йўналишидаги рейс Airbus A320 самолётида амалга оширилади.
Бир томонга энг арзон чипта нархи 870 минг сўм экани, парвоз 50 дақиқа давом этиши айтилди.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги 2 июнь куни Самарқанд ва Олмаота шаҳарлари ҳамда Тошкент ва Туркистон шаҳарлари ўртасида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйишга келишиб олинганини билдирган эди.