Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автобусларининг биринчи партияси Қирғизистон пойтахтига етказиб берилди. Бишкек шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бактибек Кудайбергенов Қирғизистоннинг «Хабар» давлат ахборот агентлигига Ўзбекистондан шу кунлари жами 50 та автобус олиб келиниши кутилаётганини маълум қилган. «Ҳозир Ўзбекистон ишлаб чиқарилган ISUZU русумидаги 21 та автобус олиб келинди. Қолган 29 та автобус бир ҳафта давомида келтирилади. Бу автобуслар пойтахт тадбиркорлари томонидан олиб келинмоқда. Лойиҳа Қирғизистон инвестиция вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилганини таъкидлашни истардим»,- деган Б.Кудайбергенов «Кабар» АА га берган интервьюсида. У, шунингдек, бу автобуслар жуда қулай ва замонавий эканини билдирган. «Автобуслар пойтахт марказига хизмат кўрсатадиган йўналишларга қўйилиши режалаштирилган. Шу тариқа шаҳарнинг марказий кўчаларидаги қатновларда енгиллик яратилади», - дейди Бишкек ҳокими вазифасини бажарувчи.