2019 йил 23 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси депутатлари, партия Марказий Кенгаши раҳбар ва масъул ходимлари, ҳудудий студияларда минтақавий партия кенгашлари раҳбарлари, партия фаоллари иштирок этди.
Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сайловларида партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш вазифалари муҳокама этилди.
Ижроия қўмита йиғилишини Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов очиб берди ва партиянинг 2019 йил 22 декабрда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида иштироки тўғрисида гапириб ўтди.
Таъкидландики, мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг чуқурлашиши, сайлов жараёнларини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базанинг тизимли ривожланиши сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобат муҳитининг шаклланиши ҳамда аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ортишига кенг йўл очди. Сайлов қонунчилиги умумлаштирилиб, янги Кодекс қабул қилинди. Сайлов эркинлиги принципини тўлиқроқ рўёбга чиқариш, сайловолди тарғиботини ўтказиш давомида депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар учун тенг шароит яратиш ҳамда сайловлар очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга қаратилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани вакиллик ҳокимиятига энг муносиб номзодлар сайланишига мустаҳкам замин яратмоқда. Бу эса бир вақтнинг ўзида сиёсий партиялар фаолиятини тобора кучайтириб бориш, мамлакатни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларини амалга оширишда уларнинг ролини кенгайтиришни талаб этади.
Сайлов кампаниясига киришар экан, Ўзбекистон ХДП Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам, барча даражадаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритиш учун ҳаракат қилади ва шу орқали вакиллик демократияси механизмлари воситасида қонунларни қабул қилишга, ижро ҳокимияти идораларини шакллантиришга, улар томонидан тегишли иқтисодий, ижтимоий, сиёсий вазифалар ҳал қилинишига таъсир кўрсатишни мақсад қилган.
Бунда, биринчидан, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда очиқлик, ошкоралик ва қонунийликка риоя қилиш, сайловчиларга сайлов қонунчилигини кенг тушунтириш зарур. Сайлов кампанияси жараёнларида ҳудудий партия кенгашлари сайлов штабларининг маҳаллий партия кенгашлари сайлов штаблари билан тизимли алоқасини ташкил этиш талаб этилади. Бундан ташқари, партиянинг ваколатли вакили ва кузатувчиларини танлаш ҳамда уларнинг сайлов жараёнларига тайёргарлигини кучайтириш кераклиги уқтириб ўтилди.
Сайлов кампаниясининг ҳар бир босқичида масъулият билан иштирок этиш, аввало, жамоатчиликка, партиямиз электорати вакилларига партия ташкилотлари ҳамда депутатлари томонидан қилинаётган амалий ишлар тўғрисида ахборот бериб бориш муҳим аҳамиятга эгалиги алоҳида қайд этилди. Шунингдек, сайлов кампаниясида оммавий ахборот воситалари имкониятларидан, сайловолди ташвиқотининг қонунчиликда кўзда тутилган барча шакл ҳамда услубларидан кенг фойдаланиш, партия PR кампаниясини тизимли ва ҳар томонлама пухта ўйланган тартибда олиб бориш, бу жараёнда партия матбуот хизматлари ходимларининг касб маҳоратини янада ошириш зарурлигига эътибор қаратилди. Энг муҳими эса сайловолди кампанияси даврида сайлов технологияларидан самарали фойдаланиш, партия гуруҳлари ташаббускорлигини кучайтириш, янги партия сайловолди платформасини ишлаб чиқиш ва ўтган сайлов натижаларини тўғри таҳлил қилиб, тегишли хулосалар чиқариш лозимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоларини тўплаш ишларини ташкил этиш тўғрисида атрофлича маълумот берди.
Партия олдида турган энг муҳим вазифа — бу сайловолди кампаниясида муваффақиятли иштирок этишдир. Имзо тўплаш эса бу жараёнда дастлабки муҳим сиёсий босқич ҳисобланади. Имзо тўплашда партиянинг маҳаллий кенгашлари, бошланғич ташкилотлар фаол иштирок этиши кераклиги алоҳида қайд этилди. Аввало, жойларда партия фаоллари томонидан имзо варақаларини тўлдириш тартибларини кенг тушунтириш, унга қатъий риоя қилиш масалаларини назоратга олиш лозимлиги уқтириб ўтилди.
Ижроия қўмита йиғилишида Халқ демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига 2019 йил 22 декабрда бўладиган сайловларда иштирок этиши тўғрисида қарор қабул қилди. Сайлов кампанияси жараёнида партия ташкилотлари томонидан олиб бориладиган ташкилий ва мафкуравий вазифалари белгиланди.
Шунингдек, Ижроия қўмита йиғилишида ЎзХДПнинг навбатдаги XI Қурултойини чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қурултойда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига партиядан номзодлар кўрсатилади ва партиянинг Сайловолди платформаси қабул қилинади.
Ижроия қўмита йиғилишида, шунингдек, партиянинг сайловларда муносиб иштирок этишини таъминлаш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди ҳамда қарорлар қабул қилинди.
ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати.