ПРЕСС-РЕЛИЗ

Бугун ҳаёт ўзгарди, замон янгиланди. Бу халқимиз, одамларнинг дунёқараши, онгу тафаккури, ҳуқуқий маданияти, сиёсий фаоллиги ошиб бораётганида ҳам намоён бўлмоқда. Шунга яраша одамларнинг ислоҳотларга қизиқиши ҳам, талаби ҳам ошди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ана шундай ўзгариш ва юксалишларга мос ишлашга ўтмоқда.

2019 йил 21 сентябрь куни партия Марказий Кенгаши ташаббуси асосида Тошкент шаҳар кенгаши билан биргаликда пойтахтимиздаги сўлим “Ашхобод” сайилгоҳида янгича усулда ўтказилган тарғибот тадбири бунинг амалий ифодаси бўлди, дейиш мумкин.

Хабарингиз бор, шу йилнинг 20 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси парламентга ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайловлар муносабати билан сайлов кампанияси бошланганини расман эълон қилди. Бу йилги сайлов халқимизнинг кайфияти ва ислоҳотларга ишончи ортиб бораётган бутунлай янгича муҳитда, янгича ҳуқуқий шароитда ўтади. Шунинг учун сайловчилар сиёсий партиялардан қатъий таклиф ва ташаббуслар кутяпти. Ўзбекистон Халқ демократик партияси бу жараёнда юксак масъулиятни зиммасига олиб, сайлов кампаниясига киришмоқда.

Партия сайловолди тадбирларни, аҳоли билан учрашувларни бутунлай янгича шаклда ўтказишга интилмоқда. Хусусан, тарғибот тадбирларини зерикарли, бир томонлама маъруза шаклида ташкил этишдан воз кечиб, эркин мулоқот ва фикр алмашиш усулида ўтказишга жазм қилди.

“Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашамиз” шиори остидаги тарғибот тадбири ҳар қандай расмиятчиликдан ҳоли тарзда очиқ майдонда ўтказилди. Ота-оналар фарзандлари билан, ёшлар дўсту ҳамроҳлари билан иштирок этди.

Янгича форматдаги тарғибот тадбирини Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов кириш сўзиб билан очиб, сайловларнинг юртимиздаги демократик жараёнларни жадаллаштиришдаги аҳамияти, партиянинг янги Сайловолди дастурида белгиланаётган асосий ғоя ва вазифалар ҳақида қисқача маълумот берди.

 Партия, биринчи навбатда, давлат ва жамиятнинг манзилли ижтимоий ҳимоясига муҳтож аҳоли вакилларининг манфаатларини ифода этиши, ижтимоий тенглик ва адолат, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия ғоялари учун курашишини таъкидлади.

Санъаткор ва хонандаларнинг қувноқ чиқишлари ҳаммага кўтаринки кайфият улашди.

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Мақсуда Ворисова одамларни ўйлантириб келаётган, партия Сайловолди дастурига киритилаётган долзарб ижтимоий масалалар, хусусан, “Яшаш минимуми” ва “Истеъмол саватчаси” тўғрисида қонунлар қабул қилиш зарурати, тиббий хизмат сифатини яхшилаш, коммунал хизматлар тарифларини мувофиқлаштириш бўйича партия илгари сураётган ташаббуслар ҳақида маълумот берди.

Тарғибот тадбири пойтахт туманларидан келган ногиронлиги бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига ҳам қувонч улашди. Шу куни икки нафар ногиронлиги бўлган болага ҳомийлар томонидан махсус аравача ҳам топширилди.

Тадбирнинг бадиий қисмида болажонлар учун байрамона дастур намойиш қилинди. Республика Қўғирчоқ театри жамоаси ижросида эртакнамо саҳна кўринишлари тақдим этилди.

Машҳур эстрада хонандалари чиқишлари ёшларга кўтаринки ва байрамона кайфият улашди.

Болалар иштирокида ўтказилган турли ноанъанавий ўйинлар ғолибларига совғалар берилди.

Якуний қисмда тадбир иштирокчиларига сайловлар, сиёсий партиялар ва мамлакатимиз парламенти фаолияти ҳақида саволлар берилди. Саволларга биринчи ва тўғри жавоб берган қатнашчилар ҳам совғаларга эга бўлди.

Турли аттракционлар, ўйинчоғу арғимчоқлар шу куни кичкинтойлар хизматида бўлди. Халқ демократик партияси очиқ майдондаги янгича тарғибот тадбирларини мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказишни режалаштиргани маълум қилинди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Тошкент Лойиҳаларимиз Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш