Дунё мамлакатлари қаторида жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашиб бораётган мамлакатимиз демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш сари салмоқли қадамлар қўймоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг парламентга Мурожаатномаси хорижий давлатлар сиёсатшунослари, ватандош олимлар, оддий фуқаролар томонидан ҳам қизиқиш билан ўрганилмоқда. Бу мурожаат ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан бир қаторда сиёсий ислоҳотлар ҳақида ҳамдир.
Мурожаатномада турли соҳаларда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар қаторида аҳоли даромадлари ҳақида очиқ маълумотлар келтирилди.
Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламига кам даромадлилар, кўп болали оналар, ногиронлар, ёлғиз қариялар, доимий иш билан таъминланмаганлар киради. Ҳар қандай жамиятда аҳолининг бундай тоифалари у ёки бу даражада учрайди. Адолатли жамият ҳамиша уларни ҳимоя қилишни ўз зиммасига олади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин кучли ижтимоий сиёсат юритди. Ижтимоий соҳага эътибор ҳозирги пайтда ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Лекин йиллар давомида тирикчилик учун етарли даражада даромад тополмайдиган қатлам ҳақида маълумотлар очиқланмай келарди. Гўё биз тан олишни истамас эдик. Ваҳоланки, муаммони бекитиш билан ҳал этиб бўлмас экан. Давлатимиз раҳбари оғриқли муаммоларни очиқ айтиб, уларга ечим топиш учун курашиш ташаббусини илгари сурди.
Хусусан, Мурожаатномада камбағаллик, аҳоли даромади, иш ўринлари яратиш масалалари хусусида фикр билдирилди. Одамларни камбағалликдан чиқариш учун янгича тизим, аниқ дастур асосида ишлашимиз кераклиги айтиб ўтилди.
Маълумотга кўра, тирикчилик учун етарли даражада даромад топа олмайдиган, яъни камбағал тоифага кирувчилар мамлакатимизда жами аҳолининг 12-15 фоизини ташкил этаркан. Халқ демократик партияси шу тоифага кирувчи аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётга мослашувчанлиги, малакаси ва ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича қатор вазифаларни белгилаган. Юртимизда яшаётган ҳар бир одам ҳеч бўлмаганда тириклик учун энг зарур эҳтиёжларни қаноатлантиришга етадиган даражада даромадга эга бўлиш имконияти ва ҳуқуқидан фойдалана олиши муҳим. Партиямиз бу масалага жуда принципиал қарайди.
Ҳаёт ҳамиша ҳаракатда. Айниқса, глобаллашув даврида ўзгаришлар шиддат билан кечмоқда. Ўзгариш ва янгиланишларга мослашолмаган инсон турмушда албатта қийинчиликларга дуч келишига гувоҳ бўлмоқдамиз. Жамият доимо олдинга интилаверар экан, у билан бирга онг ҳам тинимсиз ўзгариб бораверади. Бу тушунарли масала.
Аммо яна бир масала борки, камбағал одам ўз-ўзидан ўзгара олмайди, қуруқ даъват билан муаммоларни енгиб ўта олмайди. Давлат ва жамитя унга ёрдам қўлини узатиши, имконият яратиб бериши лозим. Давлат раҳбари давлат олдига шу вазифани қўйди. Яъни, энди камбағал инсонлар ҳаётда ўз йўлини топиши учун турли йўллар билан кўмак кўрсатиладиган бўлди.
Ислоҳот ким учун қилинади?
Жамиятнинг муайян қисми учун эмас, албатта, ҳар бир инсон.
Камбағалликни бартараф этиш шу тоифадаги инсонларни фаоллаштириш орқали бўлади. Ислоҳотлар масъулиятининг бир томони фуқаро зиммасига ҳам тушади. Давлат ва жамият кўмак бериши айни пайтда инсоннинг ўзи ҳам юксалишга интилиши зарур. Мурожаатномада илгари сурилган ғоя шу жиҳати билан ҳам аҳамиятли, деб ўйлайман.
Мамлакатимизда давлат бюджетининг асосий қисми айнан ижтимоий соҳага йўналтирилган ва бу қатъий қоидага изчил амал қилиб келиняпти. Лекин бугунги реал ҳаётимизда ҳар бир фуқаронинг дунёқарашини ўзгартирмас эканмиз, кўзланган натижага эришиш мушкул.
Шу билан бир қаторда фуқароларнинг даромад топишларига халақит қиладиган омилларга қарши курашишимиз зарур. Турли бюрократик тўсиқлар, иқтисодий ноҳақликларни тугатиш бўйича қонуний асослар мустаҳкамланиши керак.
Президентимиз қайд этганидек, “ҳамма ҳам тадбиркор бўла олмайди”, шу боис бу гуруҳдаги инсонларнинг муайян қисми учун давлат буюртмаси асосида ишлайдиган касаначилик уюшмалари ташкил этиш орқали муаммони енгиллаштириш мумкин.
Умумий хулоса сифатида Президент Мурожаатномасида илгари сурилган вазифалар халқимиз тақдирида тарихий бурилишга асос бўлади, деб айтишга ҳақлимиз.
Мақсуда Ворисова,
Халқ демократик партиясининг
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси