Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг янгиланаётган Конституциямиз мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик вакилларига тушунтиришга бағишланган тарғибот тадбирлари Республикамиз бўйлаб давом этмоқда.
“Менинг Конституциям” шиори остидаги навбатдаги мулоқот Андижон шаҳридаги Регистон майдонида бўлиб ўтди. Унда партия Марказий Кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари, турли соҳа вакиллари, ёшлар, умуман ўз келажагига бефарқ бўлмаган андижонликлар иштирок этди.
Андижон аҳли ширинсуҳан, меҳмондўстлиги билан ажралиб туради. Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Нодирабегим, Чўлпон сингари улуғ аждодларимиз айнан шу заминда таваллуд топган. Қадимдан маданият, маърифат тараққий этган ҳудуд аҳолиси табиийки, Конституциявий ислоҳотларга бефарқ эмас.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова сўзга чиқиб, янгиланаётган Конституциямизда “ижтимоий бирдамлик” тамойили биринчи марта киритилаётганлиги, давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар 3 баробарга ошаётгани халқимизнинг бирдамлиги ва фаровонлиги кафолати бўлишини таъкидлаб ўтди.
Хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияда таълим олиш ҳуқуқи ва имкониятлари кенгайтирилаётган бўлиб, ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлмоқда. Ижтимоий давлатга хос ёндашувлар таълим соҳасига оид кўплаб модда ва нормаларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга ошмоқда. Жумладан, фуқароларнинг олий таълим муассасаларида давлат гранти ҳисобидан ўқиш ҳуқуқи қатъий белгилаб қўйилди.
Ногиронлиги бор болаларга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитларни яратиш кўзда тутиляпти. Шунинг учун, бундай имкониятлар инклюзив таълим сифатида Конституцияга киритилмоқда.
120-моддага мувофиқ ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институти босқичма-босқич бекор қилинади. Яъни вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас деб белгилаб қўйилмоқда.
127-моддада эса Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги белгилаб қўйилмоқда. Конституциямизда мазкур кафолатнинг белгиланиши маҳаллаларга ўз ҳудудини мустақил бошқариш, аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб давлат билан шериклик асосида муаммоларни ҳал этиб бориш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга муҳим имкониятларни тақдим этади.
Куй-қўшиқ, хурсандчилик кайфиятида ўтган тадбирда Конституциявий Қонун лойиҳасидаги шу ва бошқа ўзгаришлар ҳақида сўз борди. Маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудуддаги фаоллар, ёшлар ҳам сўзга чиқиб, янги меъёр ва қоидалар аҳоли вакилларига маъқул бўлаётгани, учрашув ва мулоқот жараёнларида халқимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганини билдиришди.