Самарқанд саммити муҳим мулоқот майдонига айланади
Самарқанд саммити муҳим мулоқот майдонига айланади

 

Бугун дунё жамоатчилиги эътибори мамлакатимизга қаратилган, десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида қандай масалалар муҳокама этилиши давлат раҳбарлари, етук сиёсатчилар ҳамда жаҳон ҳамжамияти фаоллари диққат марказида бўлиб турибди.

Халқаро саммит олдидан Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди. Дунёнинг турли давлатлари ва маҳаллий ОАВда эълон қилинган мақолада давлатимиз раҳбари ШҲТнинг асосий принциплари ва муваффақият гарови нимада эканини кўрсатиб ўтган.

Жорий йил давомида ўтказилган саксондан ортиқ йирик тадбирлар доирасида ШҲТ учун кенг қамровли кун тартиби шакллантирилди. Бунда хавфсизлик соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, транспорт ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, минтақа ва аъзо давлатлар ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорликни кучайтириш, Ташкилотнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш, ривожланишнинг янги йўллари ва нуқталарини излаш каби кўплаб муҳим масалалар қамраб олинди. Ўз тараққиётининг янги тарихий босқичида турган ШҲТ учун катта истиқболга эга бу йўналишлар Ўзбекистоннинг раислиги даврида тайёрланган ўттиздан ортиқ концептуал дастур, келишув ва қарорларда ўз аксини топди.

Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, Ўзбекистон шу пайтга қадар уч марта – 2005–2006, 2009–2010 ва 2015–2016 йилларда ШҲТга раислик қилган. Мана шу даврларда Ўзбекистон 54 та ташаббусни илгари сурди ва уларнинг асосий қисми амалиётга жорий этилди. Масалан, ШҲТ доирасида минтақавий аксилтеррор тузилмасини ташкил этиш мамлакатимизнинг таклифи ва бу тузилма Тошкент шаҳрида фаолият олиб бормоқда.

Ўзбекистон Президенти ШҲТни “маданий-цивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштира олган ўзига хос давлатлараро тузилма”, деб атади. Шу сабабли Ташкилотга қўшилиш истагидаги давлатлар сони ортиб бормоқда. Хусусан, ушбу саммитда Эрон давлатининг ШҲТ аъзолари сафига қўшилиши кун тартибидаги муҳим масалалар қаторидан ўрин олган.

Айтиш керакки, Ҳиндистон ва Покистоннинг аъзолиги ташкилотга Жанубий Осиё эшикларини очган бўлса, Эроннинг қўшилиши Яқин Шарқ эшикларини очади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муваффақият гарови ҳам ана шунда – минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суришдир. ШҲТ ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашиш, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиш томон бормоқда.

Мамлакатимиз етакчиси “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласининг яна бир аҳамиятли томони Афғонистон мамлакатига ҳам эътибор қаратилгани бўлди. “Афғонистонга биргаликда ёрдам қўлини чўзишимиз, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, минтақавий ва глобал тараққиёт жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашишимиз ва шу орқали ушбу давлатнинг кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиб бериш бизнинг маънавий бурчимиздир”, дейилади мақолада.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитида кўплаб иқтисодий-маданий, сиёсий ва ижтимоий масалаларга ечим топилади, деб ўйлаймиз. Давлатимиз раҳбарининг саммит олдидан эълон қилинган мақоласи Ўзбекистоннинг ҳамкорликка ҳар томонлама тайёр эканини кўрсатмоқда.

 

Ҳусан АБДУНИЯЗОВ,

халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Жиззах вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 14.09.2022, №37

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш