Бу дунёнинг турфа одамлари кўп.... Ҳаммасида, ҳаммамизда Она бўлган ва бор. Таъсирланганим, Она меҳри ва матонатини, қудратини ўз кўзим билан кўриш бўлди.
— Ота-онам бизнинг бахтимиз. Онам оз мунча қаттиқ қўл. Ёшлигимиздан меҳнатга, шукур қилишга ўргатганлар. Ҳеч қачон нолима, қўлимдан келмайди деган сўзларни айтма, жисм ногиронлиги бу ҳисобмас, қалб хасталигидан сақласин, дердилар.
Эрта туриб эшик супурамиз, синглим чой тайёрлайди, ҳали томорқа ишлари ҳам бор, ҳунар ўрганиш, барчасига улгуришимиз зарур бўларди, — дейди қувалик Одинахон Тошбоева. Аям қизиқиш ва лаёқатимизга қараб меҳнат билан банд қилардилар. Мен қишлоқнинг энг олди чевари бўлдим. Синглим Табассумхон рассом, Фарғона Давлат Университетини тамомлаб, магистратурага ҳаракат қиляпти.
Қува тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими қошидаги “Оқила аёллар” ҳаракати йиғилишидан сўнг Гулчеҳрахон Тошбоевалар хонадонга бордик. Ҳовли мисоли “чинни”дек, томорқа гулу гулзор, узуму анор, олмаю нок ғарқ пишиб ётибди. Мисоли жаннат боғчаси дейсиз.
— Турмуш ўртоғим билан 5 нафар фарзанд кўрдик. 3 нафар фарзандим туғма ногирон бўлишди. Ногиронку деб раҳм қилиб, кўзига термилиб ўтирмадим, меҳнат билан суяги қотсин дедим. Нолимадим, ҳеч кимга “тиш ёрмадим”.
Кўпни кўрган анорчиликнинг пиру устози дея бутун мамлакатга донг таратган Мастурахон опа Сайфутдинова ва бир гуруҳ “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоларини Гулчеҳрахон опа, қизлари Одинахон, Табассумхон, келинлари, ўғиллари самимий кутиб олишди.
— Шундай аёллар бор. Ўзига оро беришдан чарчамайди, меҳнат қил десангиз касалман, ундоқ-бундоқ деб чайқалади. Ғийбат, туҳмат бўлса ошиғи олчи, биринчилардан бўлади. Энди, Гулчеҳрахонни кўринг 3 нафар ногирон боласи билан бирор марта маҳалла ёки туманга ёрдам сўраб бормаган. Меҳнат ва захматдан қочмаган аёл, ҳар қандай инсон ибрат олса арзийди, — дейди анорчиликни ривожлантириш бўйича Фарғона Давлат Университети фахрий профессори, ЎзХДП Қува туман кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутати Мастурахон опа Сайфутдинова.
Ҳақ гапни айтди Мастурахон опа. Гулчеҳрахон опа маънавияти юксак аёл, тупори қилиб айтганда ақлли она, тадбири бор, узоқни кўра биладиган аёл. Турмуш ўртоғи билан фарзандларини меҳнатдан чарчамайдиган, ҳалол ризқдан роҳатланадиган қилиб тарбиялашди.
Оиланинг манзил бекати роҳат бўлди. Қизларнинг маҳаллада чеварахонаси, рассомлик устахонаси бор, шогирдлари, дўсту дугоналари бисёр, ҳурмати, иззати бор.
Хабибахон Юнусова,
ХДП фаоли, журналист.