Учинчи Ренессанс ва олдинги тарихий даврлар ўртасидаги рамзий кўприк

Тинчлик, аҳиллик ва бирдамлик барқарор бўлган юртга барака ёғилиши рост экан. Эътибор берайлик, юртимизда ҳар куни бир эмас, бир нечта қувончли воқеалар, яхши хабарлар тарқаляпти. Уларни эшитиб, кўриб, гувоҳи бўлиб, ҳар бир ватандошимизнинг кўнглига эзгулик, файз кираяпти.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандда “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг очилиш маросимидаги нутқини тинглар эканман, улкан мажмуадаги маҳобатли ва муҳташам муҳит, ён-атрофимдаги инсонларнинг юз-кўзида балқиб турган фахр-ифтихор ҳисси, тўғриси, қалбимни тўлқинлантирди.

Давлатимиз раҳбари ушбу улкан марказ буюк аждодларимиз бунёд этган муҳташам меъморий обидаларга муносиб бўлиб, уларнинг тарихий анъаналарини давом эттириши, мамлакатимизда ҳозирги пайтда пойдевори қурилиши бошланган Учинчи Ренессанс ва олдинги тарихий даврлар ўртасидаги рамзий кўприк бўлишига ишонишини алоҳида таъкидладилар. Мана шу ният мажмуанинг мазмуни, аҳамияти қанчалик муҳимлигини ифодалаб, ҳаммамизга тушунтириб турибди.

Кўркам мажмуага “Буюк ипак йўли” деб ном берилгани унинг халқаро аҳамияти ҳам катта эканини изоҳламоқда. Маълумки, қадимдан Буюк ипак йўли мамлакатлар ва халқларни ҳамкорликка чорлаган, улкан цивилизациялар ўртасида кўприк вазифасини бажарган. Ватанимизнинг янги тараққиёт даврида “Буюк ипак йўли” маданият, дўстлик ва ҳамкорлик йўли сифатида қайта тикланаётганининг амалий тимсолига айланади.

Энди бу мажмуа йўл бўлиб, Ўзбекистонни дунё билан, дунёни Янги Ўзбекистон билан боғлайди. Туризм билан бирга юртимизга замонавий илм-фан ютуқлари, юқори технологиялар, инвестициялар, илғор ғоялар, ижтимоий-демократик қадриятлар кириб келиши учун шароит яратилади.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, сайёҳлар тўғри келган мамлакатга эмас, дунёга очиқ, нафақат тарихи, балки ёрқин келажакка ишонч билан интилаётган, инсонлар қадрланадиган мамлакатга боради. Шу маънода Ўзбекистон буюк тарихи бор ва албатта замонавий тараққиёт сари стратегик мақсадлар билан олға дадил одимлаётган жозибали мамлакатга айланиб бормоқда. Кейинги йилларда сайёҳлар оқими бир неча баробар ошгани бунинг тасдиғидир. Яқин йилларда Ўзбекистонимизга талпинувчилар янада кўпайишига янги муҳташам мажмуа муносиб ҳозирлик бўлди.

Туризм ривожланиши хизмат кўрсатиш сифати ошишига, барқарор иш ўринлари яратилишига, инфратузилма яхшиланишига, шу билан бирга, ижтимоий бирдамлик муҳити мустаҳкамланишига ҳам мустаҳкам асос бўлади. Соҳада меҳнат қилаётганлар сони 500 мингдан ошиши бу соҳани ривожлантиришнинг ижтимоий аҳамияти ҳам қанчалик муҳим эканини кўрсатмоқда. Кадрлар тайёрлаш масаласига чуқур эътибор қаратилаётгани туризмнинг келажакда янада муҳим тармоққа айланишига кафолат бўлади.

Юртимиздаги ота-боболаримиз қурдирган тарихий обидалар, ранг-баранг мажмуалар билан қанчалик фахрлансак, аминманки, нафақат бугунги, балки келгуси авлодлар Президентимиз ғоялари билан бунёд этилаётган “Буюк ипак йўли” каби муҳташам мажмуалардан шунчалик фахрланади.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

ЎзХДП фракцияси раҳбари

← Рўйхатга қайтиш