Бепул дори воситалари билан таъминлаш бўйича тизимли депутатлик назорати йўлга қўйилади

Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифаларини бепул дори воситалари билан таъминлашнинг ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг раҳбарияти ва масъул ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашидаги партия гуруҳлари аъзолари, партиянинг минтақавий кенгашлари раҳбарлари, партия фаоллари  ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Йиғилишга раислик қилган Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Варисова партиянинг сайловолди дастурида давлат ва жамият ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашига эришиш Бош мақсадларидан бири этиб белгиланганлиги, аҳолининг алоҳида тоифаларига ажратиладиган дори воситалари, протез-ортопедия воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдамни имтиёзли тақдим этиш тизимини такомиллаштириш, бу борада самарали депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш белгиланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, маърузачи, охирги 5 йил давомида фармацевтика тармоғини ривожлантириш, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг арзонлиги ва эркин муомаласини таъминлашга қаратилган ўндан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 2017 йилнинг 1 январидан четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилиши белгиланганлигини эътироф этиб ўтди.

Шу билан бирга, соҳанинг бугунги ҳолати таҳлил қилиниши натижасида зудлик билан ҳал этишни талаб қиладиган айрим муаммолар аниқланганлигига, авваламбор, ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш учун Республика фармацевтика саноатини янада самарали ривожлантириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш зарурлигига эътибор қаратди.

Мамлакатимиз корхоналарида айрим фармакотерапевтик гуруҳлардаги дори-дармон воситалари, яъни онкологик, эндокринологик, махсус препаратлар ва психотроп воситалар ишлаб чиқарилмайди. Дорихона муассасалари тармоғини янада оптималлаштириш масаласини ҳал этиш зарурлиги, дори-дармон воситалари нархларининг асоссиз оширилаётгани, шунингдек, бир хил дори воситаларининг нархларида катта фарқ борлиги кузатилаётганлиги, бу дорихоналарда дори-дармон воситаларига нарх белгилаш тизимини такомиллаштириш ва улар фаолияти устидан назоратни кучайтиришга доир шошилинч чоралар кўриш заруратини юзага келтираётганлиги таъкидлаб ўтилди. 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Бошқарма бошлиғи Боймурат Юсупов мавзу юзасидан маъруза қилди. Ўрганишлар ижтимоий дорихоналарда ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатига кирувчи дори воситалари ва тиббий буюмлар билан чекланган нархлардан ошмайдиган нархларда, дорихона ассортиментидаги дори воситалари ва тиббий буюмлар билан тўлиқ ҳажмда таъминланиш даражаси қониқарли даражада эмаслигини кўрсатганини маълум қилди. Хусусан, жойлардаги  ижтимоий дорихоналарда аҳолини дори-дармонга эҳтиёжини қондириш бўйича хронометраж ўтказилмаган, маҳаллий ҳокимликлар, тиббиёт бирлашмалари мутасаддилари дори-дармон воситаларини сотиш нарх-навоси, сифатини назорат-мониторинг қилмаётгани, бунинг оқибатида бир турдаги дори турли дорихоналарда ҳар хил нархларда сотилаётганлиги танқид қилинди.

Бундан ташқари, дори воситалари ўрганилганда, айримларининг кирим ҳужжати йўқ, сифат сертификатига эга эмас, мамлакатимизга айланма йўллар билан кириб келган дори воситалари эканлиги аниқланган. Бундай турдаги дори воситалари сифатсиз бўлиб, давлат рўйхатидан ўтган, сифат сертификатига эга бўлган сифатли дори воситаларига нисбатан арзонроқ нархларда сотилмоқда ва натижада носоғлом рақобат вужудга келмоқда. Ижтимоий дорихоналар ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатига кирувчи дори воситалари ва тиббий буюмлар билан тўлиқ таъминланмаган ва шприц, система, инсулин воситаси баъзида етишмайди. Қандли диабед, бўқоқ касаллигини даволовчи дорилар тўлиқ етказиб берилмаётганлиги аниқланган.

Масала юзасидан халқ депутатлари Қибрай туман Кенгаши депутати Гулнора Тўхтаназарова, Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси Зокиржон Зоҳидов, халқ депутатлари Сардоба тумани Кенгаши депутати Гулнора Қувватова, Ўзбекистон ХДП Бўстон туман кенгаши раиси Матлубахон Тўйчиева, Қарши шаҳар кенгаши раиси ва депутат Рашид Муртазоев ва бошқалар чиқиш қилиб, ўз ҳудудларида аниқланган, муаммолар ҳақида гапириб, уларнинг ечимлари бўйича ҳам ўз таклифларини беришди.

Йиғилишда тиббиётда кенг қўлланиладиган 120 номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва 22 турдаги тиббиёт буюмлари бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан ҳар чоракда тизимли депутатлик назоратини олиб бориш лозимлиги таъкидланди.

 

← Рўйхатга қайтиш