Ижтимоий ҳимоя муҳтож турли тоифа инсонлар бор, давлат уларга реал эҳтиёждан келиб чиқиб ёрдам беришга эътибор қаратмоқда. Оилавий болалар уйидаги болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси бўйича ҳам зарур чоралар кўрилмоқда.
2022 йил 4-август куни Президентимиз томонидан “Оилавий болалар уйлари фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Мазкур қарор мамлакатимизда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш, болаларни жойлаштиришнинг оилавий ҳамда бошқа муқобил шаклларини амалиётга киритиш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Қарорга кўра, 2022 йил 1 сентябрдан оилавий болалар уйлари етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни (тарбияланувчилар) оилага тарбияга олишни истаган фуқаролар томонидан юридик шахс мақомисиз тегишли туман (шаҳар) ҳокими қарори асосида ташкил этилади. Оилавий болалар уйидаги тарбияланувчилар сони камида 3 нафарни, лекин кўпи билан 5 нафарни ташкил қилиши лозим. Бунда, оилавий болалар уйини ташкил қилган фуқароларнинг ўз фарзандлари ҳамда тарбияланувчиларнинг умумий сони 8 нафардан ошмаслиги керак.
Оилавий болалар уйларини тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсларини муваффақиятли тугатган фуқаролар томонидан ташкил қилишга рухсат этилади.
Миллий гвардия ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг болаларни ҳимоя қилиш шўъбаларига оилавий болалар уйлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш вазифаси юклатилмоқда.
2022 йил 1 сентябрдан оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларга ҳар ойда давлат бюджетидан:
оилавий болалар уйидаги ҳар бир тарбияланувчининг яшаш харажатлари учун 7 ёшгача бўлган тарбияланувчиларга БҲМнинг 5 баравари (1,5 млн. сўм) миқдорида, 8 ёшдан 18 ёшгача тарбияланувчиларга БҲМнинг 7 баравари (2,1 млн. сўм) миқдорида маблағ ажратиш белгиланмоқда.
Оилавий болалар уйидаги ҳар бир тарбияланувчини парвариш қилиш учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1 баравари – 920 минг сўм, ногиронлиги бўлган болалар учун 1,5 баравари – 1 млн. 380 минг сўм миқдорида, оилавий болалар уйига тарбияга олинган ҳар бир ногиронлиги бўлган болани даволаш-соғломлаштириш учун ҳар ойда БҲМнинг 1 баравари (300 минг сўм) миқдорида маблағ ажратилиши белгиланмоқда.
Мазкур қарорга мувофиқ берилаётган соғломлаштириш оромгоҳига ва саёҳатга бориш, театр томошалари ва концертларда қатнашишга оид имтиёзлар оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларнинг ўз фарзандларига ҳам татбиқ этилади.
Ота-онасининг қаровисиз қолган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, улар учун оилавий шароитларга яқинлаштирилган зарур шароитлар яратиш жуда зарур.
Ота-онасининг қаровисиз қолган болаларни тарбиялаш, ўқитиш, соғломлаштириш, ақлий, психологик ва жисмоний ривожлантириш, уларни ижтимоий мослаштириш ва муҳофаза қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, улар учун оиладагига яқин зарур шароитлар вужудга келтириш оилавий болалар уйининг асосий вазифалари этиб белгиланмоқда.
Оилавий болалар уйини ташкил этган фуқаролардан масъулият талаб этилади. Чунки ҳар бир тарбияланувчининг тақдири мана шу инсонларнинг қўлида. Бу йўлда уларга улкан матонат ва куч-қувват тилаб қоламиз.
Баҳодир Камолов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши маъсул ходими