Дарҳақиқат, нажот таълимдадир. Қаерда яхши таълим бўлса, ривожланиш ҳам ўша жойда бўлади.
Жиззах шаҳрининг Амир Темур маҳалласида жойлашган 23-умумтаълим мактаби биноси 1983 йилларда қурилган бўлиб, 354 ўринга мўлжалланган бўлсада, бугунги кунда 870 ўқувчи таҳсил олади. Иншоот 40 йил ичида анчагина таъмирталаб бўлиб қолгани туфайли Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У. Ўразбоевнинг сайи-ҳаракати билан бинони тўлиқ капитал таъмирлаш Давлат дастурига киритилган эди.
Бундан ташқари, Ш.Рашидов туманидаги Олмачи маҳалласида жойлашган 20-мактаб биноси ҳам қайта қурилмоқда. У 1980 йилда бунёд этилган бўлиб, 630 ўринга мўлжалланган мактабда 1400 нафар ўқувчи таҳсил олиб келаётган эди. Эндиликда ушбу илм даргоҳларини кенгайтириш, замонавий усулда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, тумандаги Софдил қишлоғида 20-мактабнинг филиали сифатида янги 40 ўринли мактаб биносининг ҳам қурилаётгани қувончлидир. Ушбу мактабда қишлоқнинг бошланғич синф ўқувчилари таҳсил олиши режалаштирилган.
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси У. Ўразбоев мактаблар таъмирини Давлат дастурига киритиш билан чекланмай, қурилиш жараёнлари қандай кетаётгани билан ҳам қизиқди. Қурувчилар билан гаплашиб, материаллар ўз вақтида етказиб бериляптими йўқми, теника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниш даражасини ўрганди.