Ишчи гуруҳ муҳокама йиғилиши ўтказилди
Ишчи гуруҳ муҳокама йиғилиши ўтказилди

 

Бугун ҳаётимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар мутлақо янгича муҳитни юзага келтириб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини жамиятдаги бугунги реал воқеликка мослаштиришни тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят кенгаши масъуллари, маҳаллий Кенгашлардаги фаол депутатлар, партия фахрийлари, йирик БПТ раислари, фаол ёшлар ва аёллардан асосий Қонунимизга келиб тушган таклифларни муҳокама қилиш юзасидан ўтказилган Конституциявий ислоҳотлар бўйича тузилган партиянинг ҳудудий ишчи гуруҳи йиғилишида ҳам асосий эътибор шунга қаратилди.

Йиғилишни Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раиси, Конституциявий ислоҳотлар бўйича тузилган партиянинг ҳудудий ишчи гуруҳи аъзоси Илхомжон Атабаев кириш сўзи билан очди. У юртимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий йўналишлардаги ислоҳотлар ҳақида гапириб, бугун давлат ва жамият қурилиши ҳамда бошқарувини ислоҳ этиш масалалари ҳам кун тартибига чиқаётганини таъкидлади.

Йиғилишда Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда партия масъуллари томонидан берилган қўйидаги муҳим таклифларнинг мазмунига эътибор қаратилди.

Муҳокамалар Янгиқўрғон тумани маънавият бўлими раҳбари, партия фаоли Исмоил Мамажановнинг берган таклифларидан бошланди.

 

 

Биринчи бўлим. Асосий принциплар

I боб. Давлат суверенитети

1-модда.
Ўзбекистон — суверен демократик республика. Давлатнинг «Ўзбекистон Республикаси» ва «Ўзбекистон» деган номлари бир маънони англатади.

Ушбу моддага,

— “Ўзбекистон” сўзидан кейин, “Янги Ўзбекистон” сўзини киритиш таклиф этилмоқда.

4-модда.
Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади.

Мазкур моддага,

— “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат тилини билишлари шарт”- деган жумла киритилса мақсадга мувофиқ бўлур эди.

 

IX боб. Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар

36-модда.
Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Банкка қўйилган омонатлар сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади.

Мазкур моддага,

— “Ҳар ким хусусий мулк даҳлсизлигига эга” деган жумласини қўшиш таклиф этилмоқда.

 

XVI боб. Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши

68-модда.
Ўзбекистон Республикаси вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасидан иборат.

Мазкур моддага,

— “овуллар”, сўзидан кейин, “маҳаллалар” деган сўз қўшилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

Учинчи бўлим. Жамият ва шахс

XII боб. Жамиятнинг иқтисодий негизлари

55-модда.

Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Ушбу моддага,

— “Давлат умуммиллий бойликлардан фойдаланиш ва тасарруф этиш борасидаги фаолияти юзасидан халқ олдида ҳисобдордир” — деган жумла киритилиши сўралди.

 

Йиғилишда яна кўплаб таклифлар билдирилди. Муҳокама ва мунозаралардан сўнг, таклифлар бўйича фикрлар умумлаштирилди ҳамда асослантирилган таклифларнигина тегишли тартибда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ишчи гуруҳига тақдим этиш борасида фикрлар баён этилди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш