Бувайда дейилганда, аввало, унинг фидойи ва таниқли инсонлари кўз олдингизга келади. Ҳабибахон Тошматова туманнинг ана шундай обрўли инсонлардан бири.
Ҳабибахон Тошматова 1947 йил 25 майда Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги Тошкентлигузар қишлоғида таваллуд топган.
Ўрта мактабни, сўнгра Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини муваффақиятли тамомлаб, ветеринария шифокори мутахассислигини эгаллайди. Иқтидорли ва тиришқоқ Ҳабибахон Тошматова ўз билимини янада ошириш ва мустаҳкамлаш мақсадида Москвадаги Бутуниттифоқ Ветеринария санитарияси аспирантурасида ўқишни давом эттирди ва илмий изларишлар олиб борди. “Эчкилардаги сўна касаллигини олдини олиш, даволаш ва иқтисодий зарарларни ҳисоблаш” мавзусида диссертацияни муваффақиятли ёқлаб, биология фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди. Унинг Фарғона, Тошкент, Наманган вилоятларида олиб борган амалиётлари чорвачиликни ривожлантириш, иқтисодий самарадорлигини ошириш, хусусан, ангор эчкиларда учрайдиган турли касалликларни олдини олиш ва даволашда юқори самара берган.
У узоқ йил Бувайда тумани “Ветбаклабораторияси” ва туман Ҳайвонот шифохонасининг бош врачи лавозимларида ишлади. Тумандаги “Оққўрғон” ва Навоий номли жамоа хўжаликлари бошқаруви раиси бўлди. Мазкур хўжаликларни юқори унумли ва иқтисодий мустаҳкам хўжаликларга айлантириш, оддий меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ғайрат кўрсатиб ишлади. Кейинчалик қишлоқ хўжалиги ҳамда хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича туман ҳокими ўринбосари вазифаларида фаолият юритди ва шунинг баробарида Қўқон давлат педагогика институтида катта ўқитувчи бўлди.
Ҳабиба опа 2006 йилдан буён эса, Ўзбекистон ХДП Бувайда туман Кенгаши раиси лавозимида ишлаб келмоқда. У қаерда ишламасин, доимо вазифасига сидқидилдан ёндашиб, фидойилик билан ишлаган ва ишламоқда. У раҳбарлик қилаётган туман партия ташкилоти туман, шаҳар ташкилотлари ўртасида юқори рейтингли ўринларни қўлдан бермасдан келмоқда. Партиявий-ташкилий, маънавий-маърифий ишлардаги бой тажрибалари бир неча бор вилоят ва республика миқёсида оммалаштирилган.
Ҳабибахон Тошматова жамоат ишларида ҳам доимо фаол. Бир неча бор туман ва икки марта вилоят Кенгаши депутати этиб сайланган. Туман хотин-қизлар қўмитаси аъзоси, жамоатчилик асосидаги “Бувижонлар мактаби” раҳбари ҳисобланади.
Туманда бўлаётган барча катта ва кичик тадбирларда фаол иштирок этади. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқ хўжалиги вазифаларини бажариш, муҳтарам Президентимизнинг фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш ва ислоҳотларни амалга оширишда ўз меҳнати ва қимматли маслаҳатлари билан қатнашиб чарчамайди.
Ҳабиба Тошматованинг самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. У II даражали “Меҳнат фахрийси”, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 10 йиллиги, 15 йиллиги ва 25 йиллиги эсдалик кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Ҳабиба Тошматовани қутлуғ 75 ёши билан барча партиядошларимиз номидан самимий табриклаб, у кишига соғлик-саломатлик, эл-юрт равнақи йўлидаги фаолиятида муваффақиятлар тилаймиз.
Мунира Исомова,
Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши масъул ходими.