41 йилдан бери тиббиёт соҳасида ишлаб келаман. Жиззах вилоятининг болалар юқумли касалликлар шифохонасидаги фаолиятим давомида болалар спинал мушак атрофияси (БСМА) касаллиги аниқланган болаларга ҳам дуч келдим. У пайтларда умумий қилиб болалар церебрал фалажлиги, деб ташҳис қўйиб қўя қолинарди.
Нафас марказининг ишдан чиқиши билан кечадиган ҳолатларда сунъий нафас аппаратига улашга тўғри келарди. 6 ойгача бўлган болалар кўпинча ҳаётдан кўз юмишарди. Қолганлари эса умр бўйи ногиронликда ҳаёт кечириб, ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлиб қолардилар.
Кейинчалик поликлиника шароитида, тиббиётнинг бирламчи бўғинида ишлаётган вақтимда ҳам бу касалликка чалиниб, асоратлари қолган болаларга дуч келдим. Тузалмайдиган, асоратларини тез бартараф қилиб бўлмайдиган шундай фарзанди бор ота-она, қариндошларнинг ҳолати, ташвишларини, ўтказадиган кунларини тасаввур қилиб кўринг-а...
Президентимизнинг жорий йил 25 апрель санасида қабул қилинган “Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва дори воситаларини бепул етказиб бериш тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори биз узоқ йиллар кутган масалалар ечим топишига асос бўладиган ҳужжат бўлди.
Мазкур қарор билан ҳозирда БСМА хасталиги билан даволанаётган болаларнинг даволаниши ва реабилитация (тикланиши) қилиниши тадбирлари, сарф-харажатлари давлат томонидан таъминланиши кафолатлантирилган. Уларнинг ижросини таъминлаш учун БСМА касаллиги тасдиқланган болаларни даволаш, муолажалар самарадорлигини кузатиб боришни таъминлаш мақсадида юқори малакали мутахассислардан иборат доимий фаолиятидаги консилиум (ДФК) гуруҳи тузилади.
Шунингдек, БСМА касаллиги беморларга дори воситаларини Она ва бола скриннинг маркази томонидан ўз вақтида мақсадли ва манзилли етказилиши қанчадан-қанча оилаларнинг мушкули осон бўлиши, муаммоси ҳал этилишига хизмат қилади.
Яна бир қувонарли жиҳати, ота-оналар бемор фарзандларининг уй шароитида даволаниши ва реабилитацияси учун керакли тиббий-техник воситаларни ижара тариқасида бепул олиши мумкин бўлади. Бундай жиҳозлар жуда қиммат бўлиб, ҳамма оиланинг ҳам уни сотиб олишга қурби етмайди. Шу сабабли уларнинг ижарага берилиши касал фарзандини даволаётган оилаларга енгиллик яратади.
Ҳомиладор аёллар яшаш жойларидаги аёллар маслаҳатхонаси бўлими йўлланмаси билан миллий референс лабораторияси ва филиалларида БСМА касаллиги диагностикаси бўйича бепул текширувдан ўтказилади. Молекуляр текширув натижасида БСМА касаллиги ёки касаллик гени ташувчиси аниқланганда, Ягона миллий дастурга киритилиб, ўзаро электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилади. Бу юртимизда гўдаклар ўлимининг камайиши, қанча оналарни фарзанди ҳаётдан узилиб боришини кузатиш машаққатидан асрайди.
Ҳеч бир она фарзанди хаста бўлганида чорасизликдан йиғламасин, деймиз.
Мусахон ИМОМОВ,
халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 10.05.2022, №18-19