Узоқ йиллар давомида иқтисодиётнинг турли йўналишларида ишлаб келган, ҳозир Халқ демократик партияси вилоят кенгашига раислик қилаётган Илҳомжон Атабаевни наманганликлар яхши танийди. Чунки у кўп йиллар вилоят ҳокимлигида масъул лавозимларда ишлаган. Аввалига Наманган шаҳар, кейинчалик вилоят кенгаши раиси бўлган Илҳомжон Атабаев табиатан камгап инсон. У кўпроқ ишлари “гапириши”ни маъқул кўради.
Шундан бўлса керак, ўтган 3 йил давомида 300 га яқин муаммони бевосита ҳал қилишга эришган. Аҳоли билан мулоқот қилиш, мурожаатларни ўрганиш ва уларга ечим топишни фаолиятининг асоси ҳамда ҳаётининг мазмуни, деб билади у.
Илҳомжон АТАБАЕВ,
Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раиси.
Бизга берилган маълумотларга кўра, 52 нафар фуқаронинг иш билан таъминланишида бош-қош бўлган. 700 дан ошиқ оилага моддий ёрдам ажратилишига кўмак берган. Аҳолини ташвишга солаётган масалалар бўйича 35 та депутат сўрови юборилган ва уларнинг 27 таси ижобий ҳал этилган. Шунингдек, кам даромадли, ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлар аравачаси, протез-ортопедия аппаратларини олиш ва соғлиғини тиклашда амалий ёрдам кўрсатилган.
Вилоят партия кенгаши раиси билан суҳбатимиз чоғида у киши бир воқеани айтиб берди. Яхшиси, буни унинг тилидан сизларга ҳикоя қилсак...
Энди пандуссиз бино қуриш мумкин эмас
— Бир танишим автоҳалокат туфайли узоқ вақт ҳаракатлана олмай қолди. У кўп қаватли уйларда яшар эди. Ўша вақт оралиғида унинг қанчалик қийналгани, ўз хонадонига кириб-чиқиш учун бир неча кишини овора қилгани ва айнан шу сабабли ташқи дунёдан узилиб, уйда ўтириб қолганини кўрдим. Танишимнинг бошдан кечирганларига кўп гувоҳ бўлдим.
Ана шунда биз у қадар эътибор қилмайдиган пандус ёки лифтларнинг ногиронлиги бўлган кишилар ҳаётидаги аҳамияти қанчалик муҳим эканини чуқур ҳис қилдим. Биринчилардан бўлиб, ўзимизнинг бинода ушбу камчиликларни бартараф этдик. Чунки бу каби кичик масалаларни ҳал этмасдан туриб, йирик иқтисодий ёки сиёсий мавзуларда сўз очишнинг самарасизлигини тушуниб етдим.
Партиямиздан сайланган депутатлар ҳамда фаолларимиз билан мазкур масалани ўрганишга астойдил киришдик. Шунинг натижасида партия гуруҳи ва доимий комиссиянинг қўшма йиғилишига масала киритдик.
2021 йилнинг 29 декабрь куни вилоят Кенгашида партиямиз гуруҳи ҳамда Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари доимий комиссияси аъзолари томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларга яратиб берилаётган имкониятлар: мавжуд муаммолар ва таклифлар, шунингдек, вилоят миқёсида ижтимоий объектларнинг пандуслар билан жиҳозланиши бўйича олиб борилган ўрганишлар” муҳокама этилди.
Депутатлар қурилиш лойиҳаларини қабул қилишда жамоат ташкилотлари вакиллари жалб этилмаётганини танқид қилишди.
Ваҳоланки, ушбу йўналишда ҳам қонунчилигимизда аниқ тартиб-қоидалар келтириб ўтилган.
Эски бинолардаги мазкур масаладаги камчиликларга кўз юмиш мумкинлиги, бироқ янги бунёд этилаётган уйлардаги эътиборсизликни кечириб бўлмаслиги таъкидланди. Раиснинг сўзларига кўра, қурилиш ташкилотларига Қурилиш вазирининг хати юборилган. Ҳаттоки, лойиҳа қилиниши вақтида кўзда тутилиш кераклиги ва ҳатто қанча маблағ ажратилишичага кўрсатиб ўтилган. Аммо уларнинг бундан хабари йўқ, бўлганда ҳам маблағ билан боғлиқ муаммолар бор. Натижада унинг ижроси таъминланмаяпти. Қурилиш учун ажратилган пулнинг қўшимча ишларга етмаслиги важидан ногиронлиги бўлган шахслар учун йўлаклар, юқорига кўтарилиш мосламалари иккинчи даражага тушиб қолаётгани афсус билан қайд этилди.
“Саховат” уйи сақлаб қолинди
Ўтган йили Наманганда яна бир ишга қўл урилди. Баъзи сабаблар билан вилоятдаги “Саховат” уйи Фарғонага кўчирилиши керак бўлди. Айрим қариялар ҳатто олиб кетилди ҳам. Аммо бир гуруҳ нуронийлар туғилиб ўсган жойидан кетмаслигини, вафотидан кейин яқинлари билан бир жойда бўлишни исташини билдиради ва шу сабаб билан партиямизга мурожаат қилади.
Ҳар бир кекса инсоннинг сўзини алоҳида тинглаган вилоят партия кенгаши раҳбари уларнинг илтимосини ёзма шаклда ҳокимга киритади. Ёши улуғ кишиларнинг мурожаати ерда қолишини истамаган раҳбарлар ҳам уларнинг фикрини қўллаб-қувватлайди. Кейинчалик сақлаб қолинган “Саховат” уйига давлатимиз раҳбари ҳам ташриф буюрди.
Илҳомжон Атабаевнинг сўзларига қараганда, ташрифдан кейин ҳамма яна ўз иши билан бўлиб, “Саховат” уйи бироз эътибордан четда қолди. Гап шундаки, айни пайтда 25-30 киши истиқомат қиладиган кексалар уйида одам кўпайиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Агар шундай бўлса, улар учун ажратилган ошхона, дам олиш хонаси ва бошқа қатор масалаларда етишмовчилик кузатилади. Демак, масала муаммога айланмасдан олдин керакли чораларни кўриб қўйиш мақсадга мувофиқдир. ХДП депутатлари ушбу масалани ҳам сессияга киритишни режалаштирмоқда.
“Ҳар бир иш учун қайта ва қайта мурожаат қилишга, йўлимиз тушганда масъулларга эслатиб қўйиш учун учраб ўтишга тўғри келади. Умуман олганда, сессияга киритилган масала ташлаб қўйилса, ўз-ўзидан ечилиб қолмайди. Чунки мақсадимиз қоғоз қоралаш эмас, одамларнинг розилиги”, деб қўшимча қилди Илҳомжон Атабаев.
Вакиллик органи ва ижро ҳокимияти алоҳида бўлмаса...
— Яна бир муҳим жиҳат борки, ўша ҳал этилса, сиёсий партиялар, депутатларни ўйлантираётган масалаларнинг кўпига ечим топилади, — дейди И.Атабаев. — Жойларда айтиляпти, бўлади, дейиляпти. Қисман кузатиляпти, лекин қачон тўлиқ амалга ошиши номаълум. Ижро ҳокимиятидан чиққан инсон сифатидаги шахсий фикрим, вакиллик органи билан ижро ҳокимияти ажратилмаса, жойлардаги муаммоларни илдизи билан йўқотиш анча мураккаб, ҳаттоки имконсиз бўлиб қолиши мумкин. Тўғри, бу амалиётга жорий этилиши кутилаётган жараён. Истардимки, бу тезлаштирилса. Ана шунда вакиллик органининг жойлардаги иш услуби, обрўси бутунлай ўзгаради. Уларда эркин фикр айтиш имкони ва албатта, истаги ортади.
Тасаввур қилинг, вакиллик органининг раҳбари вилоят ёки туман, шаҳар ҳокими бўлиб турса, ҳар қандай инсон ҳам ҳайиқади. Ҳурмат ёки муносабатлардаги нозик жиҳатлар юзасидан тилини тийишга мажбур бўлади. Юз фоиз, дея олмайман, аммо аксарият депутатлар гапирмасликни маъқул кўради. Узоқ йиллик тажрибага эга халқ вакиллари бирор аниқ фикр, таклиф айтмаса, бошқалар жим ўтириш йўлини танлайди.
Туман ёки шаҳар Кенгашлари сессияларида депутатлар анча дадил. Баъзида сессияга бошчилик қиламан. Ана шунда партиямиз ҳамда ҳокимлик манфаатлари йўлида вазиятдан фойдаланаман ва бу табиий ҳол. Кенгаш раиси ҳокимдан алоҳида бўлиб ажралиб чиқиши вақти аллақачон етиб келди.
Тўғри, 2017 йилда Президентимизнинг депутатлар билан ўтказган учрашуви ишимиз жонланишида анча туртки бўлди. Лекин бу ёғини олиб кетишга ҳали ҳам қийналаётганимиз бор гап. Давлат раҳбари туртса, юрамиз, бўлмаса “кел, шу ҳоким билан сен-менга бормай, у ҳам бир нимани билмаса қилмайди”, “ҳурматимизда турайлик” каби баҳоналар билан тилимизни тишлаймиз. Кимдир туртиб, қўллаб турмаса, ҳаракаталана олмаслик дажарасига келиб қолишнинг оқибати эса аянчлидир. Аслида халқ вакили сифатида уларнинг ичидаги масалаларни масъулларга олиб чиқиб, ҳал этиш чоралари кўрилмаса, у йиринглаб, катталашиб, ярага айланиши мумкин. Бунинг оқибатлари билан курашиш унданда мураккаблашади, норозиликка олиб келади. Яна бир тарафи, ҳудудий дастурларнинг ижроси тўлиқ таъминланишида ҳам айнан ушбу ҳолат монелик қилмоқда. Бундан ташқари, иккаласининг алоҳида бўлиши ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, коррупцияга қарши курашиш каби масалаларда ҳам муҳим қадам бўлади, деб ҳисоблайман.
Тан олиш керакки, шаҳар ва туманларда депутатлар анча дадил. Сессияларда ҳам очиқ-ойдин гапириш, ечимини кутаётган масалалар юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдириш анча жонланган. Бироқ вилоятда жим-жит. Шарт туриб, ўз қарашларини баён қилишдан чўчийдиганлар, фикрини нотўғри айтиб қўйишдан андиша қиладиганлар, “хато қилиб қўймай, тинчроқ ўтирай” дейдиганлар, сессиядан кейин эса “бундай таклифим бор эди”, “мана бу гапни айтмоқчи эдим”, деганлар ҳам кўп. Яъни, депутатлик манёврлари, тажрибасига эга эмаслиги, сўз бойлиги камлиги ҳам панд бериши мумкин. Натижада ишлайдиган депутатнинг ҳам номи чиқмай, сояда қолиб кетаверади.
Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши 2021 йилда:
Сайловолди дастурига кўра,
— 6 та лойиҳа ва 4 та акция, 1000 га яқин давра суҳбати ва тадбир ташкил этилди.
— Тарғибот ишларига 627 минг фуқаро қамраб олинди.
— 1203 та манзилли йўқлов, 24 та меҳнат ярмаркаси амалга оширилди.
Партия кўмаги билан
— 413 нафар хотин-қиз доимий, 822 нафар ёшлар доимий ва мавсумий ишга жалб қилинди.
— 52 нафар ёшлар, 214 нафар хотин-қиз оилавий тадбиркорлигини бошлади.
— 590 нафар хотин-қиз қайта касб-ҳунарга ўқитилди, 35 нафарининг уй-жойи таъмирлаб берилди. 3 нафари уй-жой билан таъминланди.
“Депутат маҳаллада” лойиҳаси доирасида
— 322 та масала ўрганилиб, ижобий ҳал этишга эришилди.
Жамоатчилик қабулхонасига
— 845 та мурожаат келиб тушди.
— 76% ижобий ҳал этилди.
Халқ депутатлари Кенгашларида
— 66 масала партия гуруҳларида
— 43 масала доимий комиссияларда
— 66 масала сессияларда муҳокама этилди.
Мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари
— 51 марта эшитилди.
Депутатлик сўрови
— 481 марта юборилди.
— 302 таси ижобий ҳал этилди.
Диктофонга айтилмаган гаплар
Раиснинг сўзларига қараганда, моддий манфаатдорлик ҳам муҳим саналади. Бирор бир ютуққа эришиш учун қобилият билан бирга имкониятлар ҳам талаб этилади.
Сиёсий партияларнинг иши жадаллашиши, уларнинг ғоя ва мақсадлари ҳаётда ўз тасдиғини топишида ҳам моддий манфаатдорлик зарур. Яхши кадр шунга яраша ойлик талаб қилади. Истаклар, орзу-мақсадларни амалга оширишга маблағ етарли бўлмаслиги йўқотишларга олиб келади. Суҳбатдошимизнинг жамият миқёсида сиёсий партияларнинг ҳолатини яхшилаш, уларни ривожлантириш чораларини кўриш вақти келмадимикин, деган гаплари бизни ҳам ўйга толдирди.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
“Ўзбекистон овози”, 19.01.2022, №3