Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришишга бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ҳаётимда ўчмас из қолдирди. Нутқни бутун вужудим, жон қулоғимиз билан эшитдим.
Давлатимиз раҳбари нутқда келгуси беш йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди. Мени тўлқинлантирган нарса шу бўлдики, Юртбошимиз энди иш тартиби тизими мутлақо бошқача тарзда йўлга қўйилишини яъни, ҳар бир иш манзилли тарзда амалга оширилишини таъкидлаб ўтди. Бу ташаббуснинг аҳамиятли жиҳати шундаки, илгари умумий ишлар, умумий ҳисоботлар, рақамлар, статистика билан ишлаб келдик. Бу эса натижа бермади. Эндиликда эса натижа учун ишлаш, ислоҳотларни маҳаллаларда, манзилли амалга ошириш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Айниқса, чекка ҳудудлардаги аҳоли ислоҳотларнинг самарасини ўз ҳаётида сезиши лозим. Бунинг учун эса ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси, Ёшлар агентлигининг ёшлар бўйича вакили лавозимлари жорий этилади. Улар маҳалла аҳолисини иш билан таъминлашда, уларни тадбиркорликка ўргатишда, ёшлар вакили эса маҳаллаларда уюшмаган ёшлар билан ишларни манзилли ташкил этадилар.
Юртбошимиз маърузасида келгуси беш йил учун устувор йўналишларни белгилаб олар эканмиз, ўтган даврда эришган ютуқларимиз билан бирга йўл қўйган хато ва камчиликларимиз ҳам танқидий нуқтаи назардан чуқур таҳлил қилишимиз лозим, дея таъкидлади. Ўтган даврда йўл қўйилган хато, камчиликлардан хулоса қилишимиз кераклиги, келажагини ўз қўлида, ўз кучи билан яратишга бел боғлаган халқ ва миллат кечаги кундан тўғри сабоқ чиқариб, олдинга интилиб яшаши уқтириб ўтилди.
Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат. Давлатимиз раҳбари бу бежиз эмаслигини, аждодларимиз етти рақамини бахт-саодат келтирадиган, эзгу ниятни рўёбга чиқарадиган хосиятли тимсол, деб билишини алоҳида қайд этди. Бундан кўриниб турибдики, Янги Тараққиёт стратегиясида келгуси беш йилда еттита устувор вазифалардан келиб чиқиб, ислоҳотларни амалга оширамиз. Эътиборлиси, барча ишларимиз инсон қадри, одамларни рози қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Президентимиз нутқида халқимизнинг азалий қадриятларидан бўлган кекса авлодни эъзозлаш ва қадрлаш ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Бу азалий қадрятларимиздан эканлигини ва ёшларимизни ҳам шу руҳда тарбиялаш – барчамизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини таъкидлаб, бугунги глобаллашув даврида, пандемия ва иқтисодий инқироз ҳукум сураётган оғир бир шароитда, дунёнинг айрим ҳудудларида кексалар муаммолар гирдобида ёлғиз қолиб кетаётганлиги сир эмаслиги ҳақида ҳам ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди. Шунинг учун ҳам муҳтарам отахон ва онахонларимиз, меҳнат фахрийларимиз ҳаётнини мазмунли ва файзли қилиш, улар учун муносиб турмуш шароити яратиш, соғлигини мустаҳкамлаш бўйича бошлаган ишларимизни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Бу борада нуронийларимизнинг руҳияти ва кайфиятини кўтарадиган “Уч авлод учрашуви”, “Кексалар ҳафталиги” сингари маънавивий-маърифий тадбирларни кўпайтириш, ҳар бир туманда фахрийларимизни қўллаб-қувватлаш ишларини кенгайтириш учун алоҳида дастурлар тузиб, амалга ошириш айни муддао бўлиши маълум қилинди.
Ўйлайманки, ушбу тадбирда қатнашган ҳар бир инсон ўз олдига улкан-улкан вазифаларни қўйдиди. Келгуси беш йилда амалга ошириладиган ислоҳотларда кузатувчи эмас, балки иштирокчига айланиш зарурлигини англаб етди. Янги Ўзбекистонни бунёд этишдек шарафли ишда, ушбу мақсаддаги ислоҳотларда қатнашиш насиб этганидан бахтиёрман.
Мавжуда Ҳасанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати