Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз дастурий мақсадларини амалга ошираркан, ислоҳотларнинг бугунги ўзанида Ўзбекистонимиз янгиланган ҳуқуқий демократик жамиятга хос ва мос тарзда тараққиётга юз тутаётганини мамнунлик билан эътироф этади.
Мамлакатимиз сиёсат майдонида фаолият юритаётган бешта сиёсий партиянинг ўзига хос дастурий интилишлари ва эришаётган натижалари бир-бирини тўлдирувчи хусусиятлари билан аҳамият касб этаётгани Қонунчилик ислоҳотларини янада юксалтирмоқда. Бу жиҳатдан Муҳтарам Президентимизнинг тавсия ва ташаббуслари умуминсоний қадриятлар сайқали ва халқпарварлик, инсонпарварлик мезонлари билан уйғун тарзда дунё сиёсатшунослари томонидан ҳам юксак баҳоланмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд фахрийлар, ногиронлиги бўлган фуқаролар, якка ёлғиз кексалар, доимий иш ва ўқиш жойига эга бўлмаган ёшлар ва хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамият ҳаётига фаол жалб этиш учун маънавий ва моддий қўллаб қувватлаш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш учун “Ижтимоий ҳимоядан — ижтимоий фаолликка” шиори асосида тарғибот-ташвиқот ишлари таъсирчанлигини таъминлаш бўйича фаолият юритиб келмоқда.
Партия дастурий мақсадлари Давлат дастурларига киритилиб тобора кенг амалий тус олаётгани умумҳаракатчилик натижаси сифатида кўзга ташланмоқда.
Пенсия ёшига етган фахрийларимиз партия электорати сифатида ўз ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб, таклиф ва истакларини айнан ЎзХДП ташкилотларига ва ЎзХДПдан сайланган депутатларга тақдим этишаётгани бежиз эмас.
Турли байрам ва атоқли саналар муносабати билан ётиб қолган ёки ўзи яшаётган маҳалладан чиқмайдиган кексаларимиз хонадонларига йўқлов уюштирарканмиз, улар шукрона изҳорларини баён этиш билан бир қаторда пенсияга чиққунларига қадар фаолият юритган қадрдон жамоаларини соғинишларини ҳам билдиришади.
Кенг жамоатчилик фикрларини инобатга олган ҳолда ҳамюртларимизга, мулкчиликнинг турли шаклларида фаолият юритаётган раҳбар мутахассисларга, тадбиркор, ишбилармонларга пенсионер фахрийларни йўқлаб туриш, уларга иззат-ҳурмат кўрсатиш, ёш мутахассислар билан учрашувларини уюштириш ҳар томонлама зарурат эканлигини эслатишга жазм этдик.
Буюмга, совға-саломга пенсионер фахрийларимизнинг ҳаммаси ҳам бирдай муҳтож эмас. Улар асосан қадр-эътибор талабида холос.
Олдинги йили Нуронийларни қўллаб қувватлаш жамғармаси вилоят бўлими ташаббуси билан ҳафтанинг жума кунини устозларни йўқлаш айёми сифатида урфга киритилганди. Айнан шу анъанани сайқаллантирган ҳолда вилоятимиздаги барча меҳнат ва ўқув жамоалари томонидан пенсионер фахрийларни, беморларни йўқлаш кунини ихтиёрий белгилаган ҳолда иззат–ҳурмат кўрсатсак нур устига аъло нур бўларди.
Зотан, бугун қайси соҳада қандай лавозимда фаолият юритаётганимиздан қатъий назар ҳар биримиз кексаямиз. Қонуний ҳуқуқларимизга мувофиқ пенсионер сифатида жамоадан кузатиламиз. Худди шундай кезда босиб ўтган ҳаёт йўлимиз, бажарган иш аъмолимиз ширин хотираларни ёдга солади. Хотиралар қатидан эса қадр эҳтиёжи қўзғолади. Бу эҳтиёж соғинч ва ризолик туйғулари билан безанган одамийлик фазилатидандир.
Иш бошлаганингизда мураббийлик қилган, касбий, ҳаётий ўгитлари билан сизни муваффақиятларга йўналтирган пенсиядаги собиқ ҳамкасбингизни қачон йўқладингиз?
Албатта уларнинг фарзандлари, қўшни-қариндошлари, маҳалла-кўйлари яъни йўқлагувчилари етарли. Аммо сизнинг йўқловингиз донишмандлик қутқулари билан табаррук инсонлар кўнглини нурлантиради. Шу жиҳатдан кексаларни, пенсиядаги нуронийларни йўқлаб туришни одат қилайлик. Токи ортимиздан келаётган янги авлод ҳам бу одатни қадрият даражасида улуғласинлар!
Илҳомжон АТАБОЕВ,
Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раиси,
депутат.