Бундай ҳолатлар мактабларга ярашмайди
Бундай ҳолатлар мактабларга ярашмайди

 

Мамлакатимизда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, фарзандларимизнинг чуқур билим олишлари, фанларни пухта ўзлаштиришлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ислоҳотлар самараси ўлароқ, соҳада кўплаб ижобий ўзгаришлар кузатиляпти. Бироқ, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар ҳам борки, улар ҳақида очиқ-ойдин гапирмаслик, ҳал этиш йўллари хусусида бош қотирмаслик мумкин эмас. Негаки, таълим-тарбия бевосита мамлакат келажаги, миллат тақдирига дахлдор ўта масъулиятли масаладир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Урал Ўразбоев ушбу мақсадда ўз сайлов округи – Жиззах шаҳридаги умумтаълим мактабларининг умумий аҳволи, ўқувчи ва ўқитувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Афсуски, ўрганишларда айрим мактаблардаги шароитлар оғир аҳволда экани, мактаб биноларининг таъмирталаблиги, синф хоналарида шароитлари яхши эмаслиги маълум бўлди. Жумладан, Жиззах шаҳридаги 1983 йилда қурилган, қуввати 1176 ўринга мўлжалланган 17-сонли умумтаълим мактабида ҳозирда 2200 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактаб биноси охирги марта 2000 йилда, фақат ташқари фасад қисми таъмирланган, холос. Мактаб биносининг иссиқлик тизими, мавжуд 14 та печи яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Мавжуд 53 та синф хонаси 20 фоизининг, шунингдек спорт залининг поли ўта аянчли ҳолда.

– Шаҳардаги 6-сонли умумтаълим мактабида кузатилган ҳолатлар ҳам дилни хира қилади. Таълим даргоҳи биноси 1975 йилда қурилган, қуввати 1176 ўринга мўлжалланган, бироқ 1733 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Охирги марта 2019 йилда мактаб биносининг олд томони таъмирланган, холос. Мактабнинг қолган қисмлари таъмирталаб, том қисмининг 82 квадрат метр майдони яроқсиз, иситиш тизимлари яроқсиз бўлиб қолган. Меҳнат синф хоналари жиҳозланмаган, янги қурилаётган ҳожатхона маблағ берилмаганлиги сабабли қурилиш тўхтаб қолган.

Афсуски, шу каби нохуш манзараларни шаҳардаги 9-сонли, 24-сонли умумтаълим мактабларида ҳам кузатиш мумкин. Келажагимиз эгаларининг бундай шароитларда таълим-тарбия олаётгани, албатта, ҳар биримизни ташвишга солади. Бизнинг халқ вакиллари сифатида бундай ҳолатларга бефарқ қарашга ҳаққимиз йўқ, бу борада ваколатимиз доирасида тегишли чораларни кўрамиз, – дейди Қонунчилик палатаси депутати Урал Ўразбоев.

Дарҳақиқат, мактаблар “дунё иморатлари ичида энг улуғи” бўлиши, фарзандларимизнинг чуқур ва пухта билим олишлари учун барча шароитлар яратиб берилиши лозим. Умид билан экилган, меҳр билан парваришланган ниҳоллар эса забардаст чинорларга айланиши, эл-юрт корига яраши шубҳасиз.

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш