Президент қарори ижроси депутатлар эътиборида
Президент қарори ижроси депутатлар эътиборида

 

Халқ депутатлари Бувайда туман Кенгаши ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги "Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси Халқ депутатлари Бувайда туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, Бувайдада 300 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, мавжуд 41445 хонадондаги томорқалар 2625 гектарни ташкил этади. Туманда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларнинг томорқалар улушидаги салмоғи 28 фоиздан 31 фоизга ошган. Эътиборлиси, кам даромадли ва самарасиз экинлар экиш камайди, ноўрин экилиб томорқаларга зарар келтирадиган теракларнинг катта қисми олиб ташланди. Тумандаги Найман МФЙ ҳудудида томорқалардан унумли фойдаланиш, пленка остига помидор, қалампир ва бошқа сабзовот кўчатлари экиб, эрта баҳордан аҳолига етказиб бериш, истеъмол бозорини тўлдириш бўйича бой тажриба тўпланган. Шунингдек, тумандаги Оқдўрғон, Бештерак, Жилва, Бекобод, Чўмбоғиш ва бошқа маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам томорқаларга бўлган муносабат ижобий томонга ўзгарган.

Ҳозирги кунда "Бир маҳалла – бир маҳсулот" тамойили асосида 55 та МФЙда маҳалланинг ўсиш нуқтаси, яьни драйверлари аниқланди. Шу асосда, 46 маҳалла деҳқончиликка, 2 та маҳалла кўчатчиликка, 1 та маҳалла гулчиликка ихтисослаштирилиб, 5 та маҳаллада устоз-шогирд анъаналари асосида ҳунармандчилик ривожлантирилмоқда.

Ўтган йил мобайнида 128 хонадонга субсидия асосида иссиқхоналар қуриб берилди. Шунинг билан бирга, 2022 йил учун тушган аризалар асосида Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан иссиқхоналар қуриш ва субсидия олишга кўмаклашиш дастури ишлаб чиқилган ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Йиғилишда таъкидланишича, юқорида қайд этилган ижобий ишлар билан бир қаторда аҳолига шахсий томорқадан фойдаланишга кўмаклашиш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш масалаларида камчилик ва нуқсонлар ҳам йўқ эмас. Жумладан, томорқаларни қаровсиз қолдираётган ёки самарасиз экинлар экиб, ернинг умрини ўтказаётган хонадонлар ҳам кўплаб учрайди. Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, маҳалла ва оилани бошқариш бўлими мутасаддилари, мутахассислар бу борада етарли ва таъсирчан фаоллик кўрсатмаяпти. Мисол учун, тумандаги Урганжи МФЙ ҳудудида аҳоли ерости зах сувининг юзага чиқиб кетганидан азият чекмокда. Шўрланиш оқибатида дарахтлар қуриши кузатиляпти. Томорқалардан кўзланган даражада ҳосил олинмаётир. Ҳудудда мелироратив ҳолатни ўрганиш ва бу борада зарур чора-тадбирларни амалга ошириш керак. Маҳалладаги Ал-Фарғоний кўчасида ариқ йўқлиги сабабли оқар сув келмайди ва бунинг оқибатида аксарият томорқалар экувсиз қолмоқда.

Шунингдек, тижорат банклари томорқа ва ёрдамчи хўжалик юритиш, иссиқхона қуриш ва бошқа мақсадлар учун имтиёзли кредитлар ажратишда сансоларлик ва камчиликларга йўл қўймоқда. Масалан, Жилва МФЙдан 8 та, Урганжи МФЙдан кредит олиш учун ўтган йили берилган 24 та ариза турли важлар билан қаноатлантирилмаяпти. Бу каби ҳолатларни бошқа ҳудудлар мисолида ҳам истаганча келтириш мумкин.

Аниқланишича, қишлоқларда томорқа хўжалигини янада яхшилаш мақсадида уруғлик, минерал ўғит, томорқа мини техникалари ва бошқа зарур нарсалар билан савдо қиладиган дўконлар тармоғини кенгайтириш керак. Мавжуд ветеринария хизмати кўрсатиш шахобчалари ишини тубдан яхшилаш зарур.

Шу боисдан ушбу масалалар юзасидан халқ депутатлари Бувайда туман Кенгашининг сессия қарори қабул қилинди. Ҳужжат билан туман ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлими, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими мутасаддиларига ва барча МФЙ раисларига ҳудудларда "Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар 15 кунлик муҳлат ичида танқидий-таҳлилий ўрганиб чиқиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан шошилинч чора-тадбирлар белгилаш, 2021 йил баҳори ва йил давомида аҳоли томорқаларидан унумли ва самарали фойдаланишга доир тушунтириш-тарғибот ва амалий ишларни кучайтириш вазифаси топширилди.

Туман ҳокимлигининг иқтисодиёт бўлими ва барча тижорат банклари раҳбарларига аҳолининг томорқа хўжалигини ривожлантиришга йўналтирилган барча турдаги кредитлар билан таъминлашда сусткашлик ва тўсиқларни бартараф этган ҳолда фуқаролар ўртасида тyшyнтиpиш-тapғибoт ишларини кучайтириш, "маҳаллабай" ва "фуқаробай" ишлаш тамойили асосида фаолликни ошириш вазифаси юклатилди.

Туман сув хўжалиги ҳамда мелиорация бўлимига бир ой муддатда чекка қишлоқларда оқар сув таъминоти ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини ўрганиб чиқиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, томорқачиларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган гидро-мелиоратив муаммоларини ҳал этиш масаласи топширилди.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш