Ёшлар — бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи. Ҳозирда мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини баркамол авлод эгалари ташкил этишини ҳисобга олсак, юрт тараққиёти кўп жиҳатдан навқирон ўғил-қизларга боғлиқ эканини янада теранроқ тасаввур этамиз. Шу боисдан мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Куни кеча Президентимиз раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу борадаги муҳим вазифалар ва устувор йўналишлар белгилаб берилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш орқали жамиятда соғлом ва фаровон турмуш яратилади. Шу маънода, бандлик соҳасидаги муаммолар самарали ҳал қилинмас экан, йигит-қизлар бандлиги таъминланмас экан, ёшлар ўртасида соғлом муҳит таъминлашда тўсиқларга дуч келаверамиз. Лекин, афсуски, ҳалигача меҳнат бозоридаги ҳақиқий вазиятни бузиб кўрсатиш ҳоллари сақланиб қолмоқда.
Йиғилишда ёшлар бандлигини таъминлаш омилларидан бири уларни талаб этилаётган касб бўйича ихтисослаштириш экани алоҳида таъкидланди. Шу пайтгача ишсиз аҳоли ва бўш иш ўринлари ўзаро уйғунликда кўриб чиқилмагани танқид қилинди.
Албатта, аҳоли бандлигини таъминлашда энг самарали йўл аввало, меҳнат бозоридаги талабни ўрганиш ва шу асосида мутахассислар тайёрлашдир. Касбларга бўлган реал эҳтиёж аниқланиб, шу асосида ёшларга касб-ҳунар ўргатилса, эртага уларнинг ишга жойлашиш имконияти шунча кафолатли бўлади.
Бунинг учун қоғоз ва рақамлар ортидан қувмай, партиямизнинг фаол ёшлари, Ёшлар парламенти аъзолари депутатлар билан бирга жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўз кўзи билан бориб кўриши, ўрганиши керак. Ҳудудда қайси касбларга эҳтиёж бор? Бу ерда ёшлар кўпроқ қайси мутахассисликлар бўйича ўқияпти? Уларнинг қизиқиши ва қобилияти, орзу-мақсадлари қандай? Таклиф этилаётган бўш иш ўринлари ёшларнинг касбига, мутахассислигига мос келадими? Ана шу саволларга шаҳар ва туманлардаги реал ҳолатдан келиб чиқиб, жавоб топишимиз, муаммоларни ҳал этиш бўйича асосли таклифлар ишлаб чиқишимиз керак, деб ўйлайман.
Оилавий бизнес, касаначилик, ҳунармандчилик, томорқа хўжалигини кенг ривожлантириш бўйича қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп. Шароит бор, имтиёзлар етарли, фақат уларни кенг тарғиб қилиб, тушунтириш керак. Қўлидан иш келадиган йигит-қизлар жуда кўп. Фақат уларни қўллаб-қувватлаш, касбий кўникмаларни шакллантириш лозим.
Давлатимиз раҳбари белгилаб берган кўрсатмалар асосида ишни масъулият билан олиб бориш, бу борада назорат-таҳлил ишларини сусайтирмаслик керак, албатта. Бу каби эзгу ишларда Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши ва депутатлар ҳам ўз чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди. Уни амалга оширишга қатъий бел боғладик.
Хуршида Нарзиева,
ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.