Аҳолининг самарали меҳнат қилиши, моддий манфаатдорлигини ошириш учун муносиб шарт-шароит яратиб бериш мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятини ташкил этади. Аҳоли бандлиги масалалари ҳар доим жамиятимизнинг эътибор марказидаги муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш муаммоси жамият ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим макроиқтисодий хусусиятларидан бири бўлиб иқтисодиётда алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистоннинг илк мустақиллик йилларида биринчи қабул қилинган қонунлар қаторида “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуннинг борлиги фикримизга яққол мисол бўла олади. (Амалдаги қонун «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунини кучга кириши муносабати билан, жорий йилнинг 2021 йил 21 январдан ўз кучини йўқотди).
Мазкур қонун 1992 йил 13 январда қабул қилинган бўлиб, Конституциямиз ва Меҳнат кодексидан олдин қабул қилингани эътиборлидир. Қисқа вақт ўтиб, Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Халқаро меҳнат ташкилотининг тўлақонли аъзоси бўлиб, миллий қонунчиликда акс этилиши лозим бўлган бир қатор халқаро шартномаларга имзо чекди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг янги иқтисодий шароитлари ва ривожланиш жараёни аҳоли бандлиги соҳасида янгича усул ва ҳуқуқий механизмларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Аҳоли бандлиги масалалари ҳар доим жамиятимизнинг эътибор марказидаги муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Дарҳақиқат, партиямиз учун аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи муҳим аҳамиятга эга. Бунинг боиси аҳоли иш билан банд бўлса, муносиб иш ҳақига эга бўлади, мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришлар, ислоҳотларнинг самарадорлиги ошиб, иқтисодиётдаги истеъмол фаоллиги ва ялпи ички маҳсулот суръатининг барқарор ўсишини таъминлашга ҳисса қўшилади.
Сайловолди Дастуримизда бу бўйича бир қатор муҳим вазифалар белгиланган. Шунга асосан, айрим одамлардаги “Менга давлат ёрдам берсин”, деган боқимандалик кайфиятини йўқотиш мақсадида ҳамда ёш мутахассис кадрлар учун маъмурий-буйруқбозлик механизми асосида иш билан таъминлаш эмас, балки бозор муносабатларига хос муносиб иш шароитларни барпо этишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бундай ёшларни “ишга чорлаш”, “ишга жалб этиш” механизмлари асосида бандлигини таъминлаш бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари томонидан бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатаяптики, юртимизда демографик вазият соғлом бўлиб, аҳоли ҳамда иқтисодиёт бир-бирига мутаносиб ўсмоқда. Агар туғилиш кўрсаткичлари 2030 йилгача ҳозирги суръатда сақланиб қолса, меҳнат бозорига ҳар йили 700 минг нафардан ортиқ йигит-қиз кириб келади. Ўз навбатида, 200 мингдан ортиқ киши пенсия ёшига етади. Шу маънода, йигит-қизларни ишга жалб қилиш чора-тадбирларини ҳозирданоқ кўриш долзарб аҳамиятга эга. Бинобарин, аҳолини иш билан таъминлаш мамлакатимизда нафақат иқтисодий, балки катта ижтимоий аҳамиятга эга долзарб масала ҳисобланади. Унинг ўз вақтида ҳал этилишидан барча бирдек манфаатдордир.
Маълумки, 2020 йил 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди ва қонунда белгиланганидек мана орадан 3 ой ўтиб, 2021 йилнинг 21 январидан қонун расман кучга кирди.
Янги қонун нафақат ўзининг номи билан балки мазмун-моҳияти, бандлик соҳасини деярли барча масалаларини қамраб олгани билан ажралиб туради.
Қонунда биринчи марта иш билан таъминлашнинг самарали ва истиқболли йўналишлари – касбий малака ва компетенцияни ривожлантириш миллий тизими, меҳнат дафтарчалари ва шартномаларини электрон ҳисобини юритишни назарда тутувчи ягона миллий меҳнат тизими жорий этилиши қайд этилди.
Шунингдек, қонуннинг тўғридан-тўғри нормалари ички ва ташқи меҳнат бозорини самарали тартибга солиш механизмини жорий этиш имконятига эга эканлиги алоҳида эътиборга олинган.
Шу билан бирга, эътироф этиш керакки, қонун амалиётга биринчи марта янги жорий қилинадиган институт ва тушунчаларга бой. Уларни қонунда баён этилиши бандлик соҳасини бошқариш билан боғлиқ фаолият кўрсатувчи профессионал мутахассисларга тегишли бўлиб оддий фуқароларни тушуниши учун мураккаб бўлиши эҳтимоли бор.
Лекин замонавий халқаро меҳнат стандартлари ва янгича ташкилий механизмлар мураккаб ибораларни қамраб олгани сабабли қонун, албатта, ушбу стандартларга мос келиши табиийдир.
Албатта, иқтисодиёт ва бошқа соҳалардаги ислоҳотлар жараёни аҳоли бандлигини муносиб даражада ушлаб туришда, мазкур соҳани бошқаришда ва тартибга солишда давлатнинг ролини янада оширишни тақозо этмоқда.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниши ўйлаймизки, биринчи ўринда, ижтимоий аҳамиятга эгадир. Қонуннинг қабул қилиниши ишсизларни моддий қўллаб-қуватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини рағбатлантиришни мустаҳкамлайди. Қонун билан иш билан таъминлашнинг самарали ва истиқболли йўналишлари – касбий малака ва компетенцияни ривожлантириш миллий тизими, меҳнат дафтарчалари ва шартномаларининг электрон ҳисобини юритишни назарда тутувчи ягона миллий меҳнат тизими жорий этилмоқда.
Эътиборлиси, қонунда биринчи марта иш билан таъминлашнинг самарали ва истиқболли йўналишлари – касбий малака ва компетенцияни ривожлантириш миллий тизими, ишга жойлаштириш, иш стажи ҳисобини юритиш, меҳнат дафтарчалари ва шартномаларини электрон ҳисобини юритишни назарда тутувчи ягона миллий меҳнат тизими жорий этилмоқда.
Уларнинг киритилиши бандликни таъминлашни янгича шарти сифатида эътироф этилган бўлиб, ўзимизни ички меҳнат бозорида ва чет элга ишга жойлашишга хоҳиш билдирган фуқароларни эгаллаган касби қараб, малакасини баҳолаш, сертификатлаш, касб ва иш жойларга бўлган талабларни аниқлаш орқали меҳнат миграциясини тартибга солиш, яъни чет элдаги фуқароларимиз учун манфаатли бўлган меҳнат бозори тўғрисида тўлиқ маълумот тўплаш ва олишга имкон беради.
Мазкур қоидаларни қонун билан белгиланиши юқори малакали, энг долзарб касбларга эгалик қилувчи, ўсиб бораётган касб ва малака талабларига мос бўлган мобил ишчиларни тайёрлаш орқали Ўзбекистоннинг халқаро меҳнат ва иқтисодий муносабатларга интеграциясини таъминловчи шарт сифатида кўриш мумкин деб ҳисоблаймиз.
Мазкур қонун лойиҳаси устида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ЎзХДП Фракцияси томонидан салмоқли ишлар амалга оширилди, десак муболаға бўлмайди.
Хулоса ўрнида бугунги кун талабларидан келиб чиқиб қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуни иш ўринларини яратиш орқали фуқароларимизни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга, шу орқали, уларнинг ҳаётий фаровонлигига эришиш имкониятини беради, деган умиддамиз.
Боймурод Юсупов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи